Жонажон Ватанимиз янги тарихига чизгилар  

12:30 21 Октябр 2021 Жамият
1322 0

Фото; “Халқ сўзи”

“Янги Ўзбекистон Учинчи Ренессанс остонасида” номли китоб чоп этилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш ғояси ва  Учинчи Ренессанс асосини яратиш борасидаги ташаббуси бугун реалликка кўча бошлади. Давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганидек, ҳозирги вақтда мамлакатимизда яна бир муҳим Уйғониш жараёни кечмоқда. Шунинг учун “Янги Ўзбекистон” ва “Учинчи Ренессанс” сўзлари ҳаётимизда ўзаро уйғун ва ҳамоҳанг бўлиб янграмоқда, халқимизни улуғ мақсадлар сари руҳлантирмоқда.

Иқтисод фанлари доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган иқтисодчи, сенатор Муртазо Раҳматов ҳамда академик, биология фанлари доктори, профессор Бакридин Зарипов ҳаммуаллифлигидаги ушбу китобда айни шу ўзгариш ва янгиланишлар жараёни ҳақида ҳикоя қилинади. Яъни Янги Ўзбекистонни бунёд этиш борасида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотлар, ривожланишнинг янги босқичида қўлга киритилаётган инқилобий муваффақиятлар ҳақида сўз юритилади.

Шу билан бирга, юртимиз замини тарихда иккита буюк уйғониш даврларига бешик бўлгани, дунё илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ мутафаккирларни етиштириб бергани маҳорат билан қаламга олинган. Айниқса, Учинчи Ренессансга қўйилаётган пойдевор ва янги тамаддун асослари аниқ далиллар асосида очиб берилган. Шу маънода, мазкур асар китобхонларда мамлакатимизда янги ўсиш ва ривожланиш босқичига кўтарилиш борасида белгилаб олинган Янги Ўзбекистоннинг стратегик йўли ҳақида тўлиқ ва мукаммал тасаввур ҳосил қилишга имкон беради. 

— Минтақамиздаги Биринчи Ренессанс алломаларидан бири Форобий фозил жамиятни шундай тасвирлаган эди. «Давлатнинг вазифаси инсонларни бахт-саодатга олиб боришдир. Бу эса илм ва яхши ахлоқ ёрдамида қўлга киритилади». Бугун юртимизда амалга оширилаётган ишлар, хусусан, илм-маърифат соҳасидаги улкан ўзгаришларни таҳлил этганимизда, ҳар гал улуғ алломанинг шу сўзлари ёдимизга келаверади, — дейди Муртазо Раҳматов. — Чунки Ўзбекистонда тарихан жуда қисқа фурсатда бутунлай янгича сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, илмий-маърифий ва маданий муҳит яратилди. Бу эса мамлакат обрў-эътибори ва нуфузини оширишга хизмат қилаётган эврилишларга асос бўлмоқда. Буни яқиндан кузатаётган таниқли экспертлар, сиёсатчи ва таҳлилчилар Президентимиз Шавкат Мирзиёевни “Сингапур мўъжизаси” асосчиси Ли Куан Ю ҳамда Хитой иқтисодий тараққиёти меъмори Дэн Сяопинга ўхшатишмоқда. Аммо юртимизда олиб борилаётган жадал ислоҳотлар Ли Куан Ю ва Дэн Сяопинники билан қиёсланганда ўзининг шиддаткорлиги, тез ва инқилобий экани билан устунликка эга. Бу эса йиллар давомида йиғилиб қолган мавжуд муаммоларни тезкорлик билан ечиш, Янги Ўзбекистон ҳамда Учинчи Ренессансга мустаҳкам пойдевор бўлмоқда. Шу боис, ишонч билан айта оламизки, Президентимиз раҳбарлигида Янги Уйғониш ва янги тамаддунга асос яратиб, буюк келажакни биргаликда қурамиз.

Таъкидлаш керакки, ушбу рисола жонажон Ватанимизнинг янги тарихига дастлабки чизгилар экани билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга.

У кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган бўлиб, барча таълим муассасалари, хусусан, олий ўқув юртлари, ташкилот ва идоралар, ҳар бир хонадонга кириб бориши мақсадга мувофиқдир. Зотан, қайси замонда бўлмасин, буюк эврилишлар, ўзгариш ва янгиланишлар, аввало, халқнинг қудрати, салоҳияти ва кучига таянилади.

— Шуни алоҳида эътироф этиш керакки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев дунё давлатлари раҳбарлари орасида биринчи бўлиб “Халқимиз келажакда эмас, бугун ҳам яхши яшаши керак”, деган улуғ мақсад, эзгу вазифани илгари сурди ва бунинг ечимини ҳам топиб берди, — дейди Бакридин Зарипов. — Натижада Ўзбекистон ўтган атиги беш йил ичида бутунлай янги ривожланиш босқичига кўтарилди. Президентимизнинг Учинчи Ренессанс ғояси ниҳоятда ажойибдир. Сабаби, бугунги илму фанга асосланган, дунёни фақатгина илм билан бошқариш мумкин бўлган замонда шундай ғояларгина қудратли куч касб эта олади.

Китобда кишини мушоҳадага чорлайдиган яна бир жиҳат —  бу иқтисодий илмнинг тарғиб этилганидир. Гапнинг очиғини айтганда, биз узоқ йиллар молиявий билимларни халқона тилда ўқишга муяссар бўлмадик. Иқтисод илмига асосланган китобларда, умуман, иқтисодиёт назариясида халқоналик анчайин йироқ туйғу эди. Балки шу боис ҳам халқнинг иқтисодий илми заифроқ ёки пуфак тушунчаларга боғлиқ бўлиб қолди.

Мазкур рисолада давлатимиз раҳбарининг ғояси асосида мамлакат пахтачилигида жорий этилган кластер усули Янги Ўзбекистон иқтисодиётининг “драйвери”га айланаётганини содда ва халқона тарзда очиб берилгани муаллифларнинг муваффақияти бўлган, десак, айни ҳақиқат.

Дарвоқе, ушбу китоб “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталари таҳририяти билан ҳамкорликда “Zamin nashr” томонидан нашр этилди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?