Жиззахнинг ўсиш нуқталари нималарда намоён бўлмоқда? Президент Шавкат Мирзиёев ушбу вилоятга ташрифидан фоторепортаж
Фото: Хасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Президент Шавкат Мирзиёев 2 декабрь куни Жиззах вилоятига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб замонавий ва қулай йўл инфратузилмасини барпо этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Вилоят марказини М-39 халқаро автомобиль йўлига боғлаш мақсадида қарийб 290 миллиард сўм ҳисобидан 700 метрлик йўл ўтказгич ва 4 километрлик янги автомобиль йўли қурилди. Янги йўл ҳар куни 14 мингдан ортиқ транспорт воситасини ўтказиш имкониятига эга.

Шу пайтгача мазкур йўналишдан аҳоли шаҳарга кириш-чиқиш учун 25 километрлик айланма йўлдан фойдаланишга мажбур эди. Янги иншоот туфайли бу масофа 4 километргача қисқарди, эски йўлдаги тирбандликлар бартараф этилди. Бу нафақат ҳайдовчилар, балки тадбиркорлар, логистика ва хизмат кўрсатиш соҳаси учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Металл конструкциялардан замонавий технология асосида барпо этилган ўтказгичнинг хизмат муддати 100 йил деб баҳоланмоқда. Анъанавий темир-бетон ўтказгичлар одатда 50 йил хизмат қилади. Демак, хизмат муддати икки баробарга узайди.

Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати – илгари йўловчи ва юк поездлар ўтган пайтда автомобиллар темир йўл кесишмасида тўхтаб қолишга мажбур эди, эндиликда эса йўл ўтказгич қурилгани туфайли тез тиббий ёрдам, ўт ўчириш ва бошқа махсус хизматларнинг ҳаракати анча енгиллашади.
Шундай сўнг давлатимиз раҳбари Жиззах политехника институти қошида ташкил этилган Автомобилсозлик муҳандислик мактаби фаолияти билан танишди.

Бу ерда “BYD Uzbekistan Factory” ва “АDМ Jizzakh” корхоналари билан малакали мутахассислар тайёрлаш ва уларни ишга жойлаштириш бўйича ҳамкорлик ўрнатилган.

Муҳандислик мактабида транспорт соҳасига ихтисослашган тўрт таълим йўналиши бўйича ўқув дастурлари янгича ёндашув асосида ташкил этилган. Хусусан, иккинчи курсни юқори кўрсаткичлар билан тамомлаган талабалар BYD заводи талаблари асосида ишлаб чиқилган замонавий ўқув платформаларида икки йиллик дуал таълим олади. Талабалар завод билан тўғридан-тўғри ҳамкорликда амалий машғулотларни ҳам ўтаб боради, бу эса уларга махсус ишга йўлланма сертификатига эга бўлиш имконини беради.

Кейин Президентимиз янгидан барпо этилган Жиззах вилояти кўп тармоқли тиббиёт марказига ташриф буюрди.
Ушбу мажмуа аҳолига барча зарур тиббий хизматларни бир жойнинг ўзида кўрсатиш имконини яратиши билан катта аҳамиятга эга. Лойиҳа вилоятда ташкил этилаётган тиббиёт кластерининг дастлабки босқичи ҳисобланади. Замонавий тиббиётда бундай кластерли ёндашув тезкор диагностика, юқори технологияли даволаш ва шифо истаганлар учун бюрократик жараёнларни камайтиришнинг энг самарали модели сифатида тан олинган.

Давлатимиз раҳбарига муассаса имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Президент беморларни даволаш, шифокорларнинг самарали ишлаши учун яратилган шароитлар билан танишди.

Марказ замонавий етти қаватли бинода жойлашган бўлиб, кунига 400 нафаргача беморни қабул қилиш қувватига эга. Стационар ўринлари 344 та бўлган марказга умумий қиймати 100 миллиард сўмдан ортиқ замонавий жиҳозлар – МРТ, МСКТ, лаборатория комплекслари ҳамда юқори технологияли жарроҳлик ускуналари ўрнатилган.

Марказ ишга тушиши натижасида Жиззах аҳолисининг республика шифохоналари ёки қўшни вилоятларга қатнаши 75-80 фоизга камаяди.
Давлатимиз раҳбари вилоятга ташрифи доирасида Шароф Рашидов туманидаги “Агромарказ” қишлоқ хўжалиги корхоналари мажмуасида ҳам бўлди.

Марказда ўсимликларни ҳимоя қилиш лабораторияси, ветеринария дорихонаси, агроном маслаҳати, уруғ ва кўчатлар етказиб бериш, аҳоли хонадонларига иссиқхоналар қуриш, агромаркет дўкони, мини-техникалар сотиш ва уларга хизмат кўрсатиш каби йўналишлар мавжуд.

Бу ерда қишлоқ хўжалиги бўйича барча хизматлар “ягона дарча” тамойили асосида йўлга қўйилган. Бир гектар жойни қамраган марказнинг биринчи қаватида ўсимликлар ҳимоя воситалари дўкони, ветеринария дорихонаси, уруғ дўкони, агромаркет, мобил бригада хоналари ва 8 та бошқа хизмат хонаси жойлашган.

Давлатимиз раҳбари агромарказ фаолияти билан танишди, марказ фаолиятини янада кенгайтириш, мижозлар учун хизматларни кўпайтириш ва қишлоқ хўжалигида қўшилган қиймат яратиш бўйича тавсияларини берди.
Шу куни Халқ депутатлари Жиззах вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди.

Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилди.
Президентимиз Жиззах вилояти ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажариб келаётган Улуғбек Мустафоев номзодини илгари сурди. Овоз бериш натижаларига кўра, Улуғбек Мустафоев Жиззах вилояти ҳокими этиб тасдиқланди.

Давлатимиз раҳбари саноат, инвестиция, туризм, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва инфратузилма соҳаларини ривожлантириш бўйича янги ташаббусларни илгари сурди.
Жиззахнинг республика автомобилсозлик саноатидаги улуши 25 фоизга етган. Навбатдаги вазифа заводлар атрофида ёндош тармоқларни ривожлантириб, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва таннархни камайтиришдан иборат экани қайд этилди.

Тадбиркорларга қулай шартларда тайёр биноларни таклиф этиш, бутловчи қисмларни валидация қилиш харажатларининг 50 фоизини қоплаб бериш вазифалари белгилаб олинди.
Вилоятда йилига 1 минг тонна вольфрам қазиб олиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ғаллаорол ва Нурободдаги лойиҳалар ишга тушса, Ўзбекистон вольфрам ишлаб чиқариш бўйича етакчи давлатлардан бирига айланиши таъкидланди.

Сессия давомида вилоят ва туман ҳокимларининг ҳисоботлари, фаолларнинг фикрлари тингланди.
Давлатимиз раҳбари Жиззах шаҳрида жойлашган “Кўк сарой” савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаси фаолияти билан ҳам танишди.

3,5 гектар майдонда фаолият юритаётган “Кўк сарой” мажмуаси савдо ва маиший хизмат соҳасида вилоятдаги энг йирик объектлардан биридир.
Бу ерда 300 дан ортиқ янги тадбиркорлик субъектлари иш бошлаган. Натижада 800 дан зиёд иш ўрни яратилди, жумладан, эҳтиёжманд тоифадаги 100 нафар фуқаро иш билан таъминланди.

Мажмуада йирик савдо тармоқларининг филиаллари, 10 та йирик маҳаллий ва хорижий бренд ишламоқда, 250 та савдо дўкони, фуд-корт ва болалар майдончаси жойлашган. Кўрсатилган хизматлар ҳажми йилига 223 миллиард сўмни ташкил этмоқда.
Эътиборлиси, мажмуада кутубхона ва китоб дўкони ҳам ташкил этилган.
Шу билан давлатимиз раҳбари Жиззах вилоятига ташрифини якунлаб, Тошкентга жўнаб кетди.































Фото: Хасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- «Инсон Фахри» миллий мукофоти соҳиблари тақдирланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг