Жиззахда жисмоний фаолликка бағишланган марафон ўтказилди

12:48 18 Апрель 2025 Жамият
98 0

Рустам НУРМАТОВ/«Халқ сўзи». Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Спорт билан мунтазам шуғулланиш, тўғри овқатланиш, ҳар бир фуқаро кун давомида камида 5000 қадам юриши юзасидан кенг қамровли тадбирлар ўтказилмоқда.

Жиззах шаҳар ҳокимлиги, шаҳар спорт бўлими ҳамда соғлиқни сақлаш ташкилотлари ҳамкорлигида «Саломатлик учун 5000 қадам» шиори остида марафон ташкил этилди. Марафон доирасида «Ассалом тонг» номли тўғри нафас олиш машқлари бажарилди, жисмоний фаолликни оммалаштиришга қаратилган чиқишлар намойиш қилинди.

Эътиборга молик жиҳати шундаки, 17–20 апрель кунлари Жиззах шаҳрида бўлиб ўтаётган «Asian Cup» ўзбек жанг санъати мусобақасига 14 давлатдан ташриф буюрган спортчилар ҳам марафонга қўшилди. Бу эса тадбирга халқаро руҳ бағишлаб, соғлом турмуш тарзи барча учун умумий қадрият эканини яна бир бор тасдиқлади.

Шундай кенг қамровли ва ижтимоий аҳамиятга эга тадбирлар аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишни янада ошириб, жисмоний фаолликни кундалик ҳаётнинг ажралмас қисми сифатида қабул қилишга хизмат қилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?