Женевада ўтган махсус конференцияда Ўзбекистон тажрибаси илғор намуна сифатида эътироф этилди

Женева шаҳрида бўлиб ўтаётган Халқаро меҳнат конференциясининг 113-сессияси доирасида «12 июнь – Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши курашиш куни» муносабати билан махсус конференция ташкил этилди. Ушбу тадбирда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши кураш бўйича халқаро тажрибалар алмашилди, бу борада қисқа вақт ичида салмоқли натижаларга эришган Ўзбекистон мисол тариқасида эътироф этилди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича Миллий комиссия раиси Танзила Нарбаева «Болалар меҳнатига барҳам беришда Ўзбекистон тажрибаси» мавзусида маъруза қилди. У ўз чиқишида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ва шахсий ташаббуслари туфайли ушбу йўналишда амалга оширилган қатъий чора-тадбирлар юксак натижа берганини таъкидлади.
Тадбирда Ўзбекистоннинг болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга нисбатан қатъий позицияси, шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилотининг асосий конвенцияларини, жумладан 29-сонли Конвенцияга Баённомани ратификация қилгани эътироф этилди. Бу эса соҳага оид ислоҳотларнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосини шакллантирган. Айниқса, янги таҳрирдаги Конституция ва Меҳнат кодексида болалар меҳнатига тўлиқ барҳам бериш, фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлангани қайд этилди.
Конференция иштирокчилари Ўзбекистонда Халқаро меҳнат ташкилотининг тегишли конвенцияларини ратификация қилиш, миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати учун жавобгарлик чораларини кучайтириш ҳамда институционал асосларни мустаҳкамлаш борасидаги ишларга юксак баҳо беришди. Уларнинг фикрича, бу ёндашув Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Тадбирда Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси, Халқаро иш берувчилар Конфедерацияси, ЮНИСEФ ҳамда Филиппин, Марокаш, Чили, Германия, Бразилия ҳукумат вакиллари ҳам иштирок этиб, ўз маърузаларини тақдим этдилар. Экспертлар Ўзбекистон тажрибасини болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши курашда бошқа давлатлар учун ўрнак сифатида эътироф этишди.
Бу конференция Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари, хусусан болалар манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари халқаро даражада эътироф этилаётганини яна бир бор тасдиқлади. Бундай тадбирлар орқали мамлакатимизнинг ижтимоий адолат ва инсон қадрини юксалтириш йўлидаги ютуқлари дунё миқёсида кенг тарғиб қилинмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Кадастр паспортларини бериш муддатлари ўзгартирилди
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- «Ғалаба боғи»да мудофаа инновацион технологиялари фестивали ўтказилди—Фоторепортаж
- Президент Маккада бўлиб турган муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефонлашди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг