Жанубий Корея янги президенти лавозимга киришди

10:45 04 Июнь 2025 Дунё
156 0

Фото: Yonhap News

Жанубий Корея янги президенти Ли Чжэ Мён расман лавозимига киришди. У ўз инаугурация нутқида мамлакатдаги бўлинишни бартараф этиш, иқтисодиётни жонлантириш ва миллий манфаатларга асосланган амалий дипломатия олиб боришга ваъда берди. Бу ҳақда «Yonhap» агентлиги хабар берди.

Ли Чжэ Мён президентлик сайловида ғалаба қозонганидан сўнг, ўз беш йиллик муддатини ўша куннинг ўзида, ўтиш даврисиз бошлади. Бу сайлов собиқ президент Юн Сок Ёлнинг декабрь ойидаги ҳарбий ҳолат эълон қилишга уринишидан кейинги импичменти сабабли ташкил этилган эди.

Инаугурация маросими Сеулдаги Миллий Ассамблеяда соддалашган тарзда ўтказилди. Унда барча фуқароларни бирдек қамраб олувчи президент бўлишини билдирган Ли Чже Мён: «Қайси номзодни қўллаб-қувватлаганингиздан қатъи назар, мен ҳар бир фуқаронинг хизматкори бўламан», — дея таъкидлади.

У, шунингдек, собиқ президентнинг сиёсий можаролари ортидан келиб чиққан ижтимоий бўлинишни тиклаш, демократияни кучайтириш ва иқтисодий бефарқлик, масъулиятсизлик натижасида юзага келган инқирозни бартараф этиш лозимлигини айтди.

Иқтисодиёт бўйича янги раҳбар «амалий ва бозор тамойилларига асосланган» ёндашувни танлашини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат назорат қилувчи эмас, балки қўллаб-қувватловчи бўлиши керак. У сунъий интеллект ва яримўтказгичлар каби илғор технологияларни ривожлантириш орқали иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ниятида эканини билдирди.

Ташқи сиёсатда ҳам Ли Чжэ Мён миллий манфаатларга асосланган «амалий дипломатия» юритишни мақсад қилганини эълон қилди. У Жанубий Корея, АҚШ ва Япония ўртасидаги уч томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, айни вақтда бошқа қўшни давлатлар билан ҳам манфаат асосида мулоқотни давом эттиришга аҳд қилганини айтди. Шунингдек, Шимолий Корея билан зиддиятли муносабатларга қарамай, барқарор тинчликка эришиш учун мулоқот эшикларини очиқ қолдиришга тайёр эканини маълум қилди.

Инаугурация маросимида Жанубий Корея парламентининг уч тармоғи раҳбарлари, ҳукумат аъзолари ва қонунчилар иштирок этди. Бироқ маросимга хорижий меҳмонлар таклиф этилмади. Тадбирдан олдин янги президент Сеул миллий қабристонига ташриф буюриб, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Президентлик идораси берган маълумотга кўра, расмий тантанали инаугурация 17 июлда, Конституция куни билан биргаликда ўтказилади. Бу тадбир «Тайинлаш маросими» деб номланади ва президентнинг «халқ президентни тайинлайди» деган қарашини ифодалайди. Мазкур санани танлаш эса, конституциявий тартибни мустаҳкамлашга бўлган садоқатини англатади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?