Жамшид Ходжаев Франция савдо вазирлиги раҳбарияти ва бир қатор йирик француз компаниялари билан қатор учрашувлар ўтказди
Жорий йилнинг 18 ноябрь куни Францияга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари-инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев Франция савдо вазирлиги раҳбарияти ва бир қатор йирик француз компаниялари билан савдо – иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва уни янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни муҳокама қилишга бағишланган қатор учрашувлар ўтказди.
Жумладан, Франция Республикаси савдо бўйича вазир-делегат Оливер Бешт билан учрашувда савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати, шунингдек, энергетика, сув таъминоти, иссиқлик таъминоти, геология ва бошқа соҳалардаги йирик лойиҳаларнинг амалга оширилиши юзасидан фикр алмашилди. Металл, кимёвий маҳсулотлар, шиша, тўқимачилик, озиқ-овқат ва бошқа товарларни, шу жумладан GSP+ тизимининг қулайлик ва имтиёзларидан фойдаланган ҳолда етказиб бериш бўйича ўзаро савдо номенклатурасини кенгайтиришга келишиб олинди.
Франция тараққиёт агентлиги (ФТА) Бош директори Реми Риу билан суҳбат чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг юқори динамикаси қайд этилди. ФТАнинг PROPARCO ваExpertise France бўлинмалари билан ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, 2023-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси ва Франция тараққиёт агентлиги ўртасидаги ҳамкорлик шартномасини имзолаш бўйича келишувга эришилди.
EDF компанияси раҳбарияти билан учрашувда компаниянинг Ўзбекистоннинг Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларидаги жорий лойиҳаларини амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди. Компания вакиллари Тошкент ва Навоий вилоятларида муқобил энергия манбаларини ривожлантириш соҳасида жами қуввати 1250 МВт бўлган янги лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдиришди. Учрашув якунида томонлар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини янада ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришдилар.
«SUEZ» директорлар Кенгаши раиси Сабрина Суссан билан учрашувда Тошкент шаҳри ва Сурхондарё вилоятининг сув таъминоти тизимларини модернизация қилиш бўйича инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг ташкилий жиҳатлари тўхталиб, бунда компания тажрибасини Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида сув таъминоти тизимларини ривожлантиришга кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Компаниянинг шаҳарларда иссиқлик тармоқларини модернизация қилиш ва қаттиқ чиқиндиларни бошқариш лойиҳаларида иштирок этишини назарда тутган ҳолда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича ишларни давом эттиришга келишиб олинди.
Шунингдек, «EIFFAGE» компанияси раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Яккабоғ - Қарши йўналиши бўйича магистраль сув қувурини ўтказиш лойиҳаси муҳокама қилинди. Қувурнинг узунлиги 82 км, сувни сақлаш учун 4 та сув ҳавзаси мавжуд. Томонлар лойиҳани жадал амалга ошириш чораларини кўришга келишиб олдилар.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг