Жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда янги қадам

15:32 26 Июнь 2022 Жамият
1069 0

Фото: Халқ сўзи

Кўҳна Шаҳрисабз шаҳрида Ёшлар кунига бағишлаб ўтказилган «Янги нафас» оммавий югуриш марафони олдидан Қашқадарё вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Йўлдошев, Шаҳрисабз шаҳар ҳокими Акром Сулаймонов ва бошқалар сўзга чиқиб, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда бу каби тадбирларнинг аҳамияти хусусида фикр билдирди.

Оммавий югуриш марафони шаҳарнинг Кўкгумбаз обидаси олдидан старт олди. Бир ярим минг нафардан зиёд турли ёшдаги иштирокчилар орасида ёши улуғ инсонлар, ногиронлиги бор шахсларнинг ҳам фаоллик кўрсатгани диққатга молик жиҳатдир.

— Туманимизда ёшлар ва катталар ўртасида спортни оммалаштиришга устувор эътибор қаратилмоқда, — дейди Шаҳрисабз тумани спортни ривожлантириш бўлими бошлиғи Ёрқиной Жуманова. –Яқинда Шаҳрисабз туманидаги «Чоршанби» МФЙ ёшлари «Беш ташаббус олимпиадаси»нинг енгил атлетика бўйича Хоразм вилоятида ўтказилган республика босқичида биринчи ўринни эгаллади. Бугунги кунда туманда 14 мингдан зиёд киши спортга жалб қилинган бўлиб, футбол, волейбол, эркин кураш, бокс ва дзюдо турларида яхши натижалар қайд этилмоқда.

Ниҳоят Амир Темур ҳайкали яқинидаги финиш чизиғига энг пешқадам марафончилар етиб келди. Қарши давлат университетининг Шаҳрисабз педагогика институти талабаси Дилсўз Намозова хотин-қизлар ўртасида ғолибликни эгаллаган бўлса, эркаклар ўртасида ёш спортчи Жаҳонгир Намозов биринчи ўринни қўлга киритди.

Марафоннинг қатор номинациялар бўйича совриндорлари ҳам муносиб тақдирланди.

Фахриддин Бозоров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер