Заргарларнинг хомашё билан боғлиқ бирорта муаммоси бўлмаслиги керак — Президент

12:14 26 Май 2025 Сиёсат
149 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Заргарлик саноатида ишлатиладиган ускуналар ва уларни бутловчи қисмлари импорт божидан озод қилинади. Бу ҳақда Президент раислигида ўтаётган маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Қайд этилишича, эндиликда заргарлар ҳам якка тадбиркор сифатида тилла буюмлари савдоси билан шуғулланиши мумкин бўлади.

Мутасаддиларга жойлардаги норасмий заргарлик расталарини замонавий кўринишга келтириб, уларнинг фаолиятини қонунийлаштириш топширилди.

Четдан мутахассис олиб келиш харажатининг 2,5 минг долларгача қисми камида 5 нафар шогирд чиқариш шарти билан қоплаб берилади.

Умуман, заргарликда ҳам саноат усулига ўтиб, ички бозорни ҳимоя қилиш ва миллий брендларни қўллаб-қувватлаш вақти келгани қайд этилди.

Бунинг учун заргарлик саноатида ишлатиладиган ускуналар ва уларни бутловчи қисмлари импорт божидан озод қилинади.

Навоий ва Олмалиқ комбинатларидан олтинни бўлиб тўлаш асосида сотиб олиш тартиби яна 3 йилга узайтирилади.

Нуфузли брендлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, уларнинг дизайни ва қолипини олиб келиш харажатининг 30 минг долларгача қисми қоплаб берилади.

Хорижий тажриба асосида Яккасарой тумани, Андижон ва Хивада ишлаб чиқарувчиларга ҳам, инвесторларга ҳам жозибадор заргарлик марказлари очилди.

Бундай марказлар бутун республика бўйича барпо қилиниши белгиланди.

Мутасаддиларга жорий йилнинг ўзида хомашё, лаборатория, ўқув маркази, шоу-рум ва дўконлари бир жойда бўлган яна 6 та марказни ишга тушириш, хорижий дизайнер ва технологларни жалб қилиб, заргарларни ўқитиш топширилди.

«Ҳамма эшитиб олсин. Заргарларнинг хомашё билан боғлиқ бирорта муаммоси бўлмаслиги керак», деди Президент.

Шу мақсадда бу йил биржага чиқариладиган олтин ҳажми 6 тоннадан 8 тоннага оширилади.

Янги заргарлик марказлари ишга тушган Тошкент шаҳри, Андижон ва Хоразмда, бу йил бундай марказлар очилиши режа қилинган Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида ҳамда қолган ҳудудларда эҳтиёждан келиб чиқиб олтин захираси яратилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда миллий брендларни қўллаб-қувватлаш компанияси ташкил қилиниши ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, мебель таннархини пасайтириш учун фурнитура, аксессуар, бўёқ, клей, ДСП каби хомашёга бож камайтирилиши маълум қилинганди.

Бундан ташқари эндиликда мебелчиларга халқаро сертификат олиш харажати ҳамда хориждан жалб қилинган дизайнер, маркетолог, инженер-технологлар иш ҳақининг ярми қоплаб берилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?