Мебель таннархини пасайтириш учун хомашё божи камайтирилади

11:47 26 Май 2025 Сиёсат
151 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистонда мебель таннархини пасайтириш учун фурнитура, аксессуар, бўёқ, клей, ДСП каби хомашёга бож камайтирилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев маҳаллий саноатни ривожлантириш бўйича бўйича ўтказаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Йиғилишда қайд этилишича, ўтган йилнинг ўзида мебелсозлик йўналишида 920 та янги корхона иш бошлади. Соҳада 6 триллион 700 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.

Буни каррасига ошириш учун қатор масалаларни ҳал қилиш зарур. Масалан, мебель маҳсулотларининг 25-30 фоизи хонадонларда тайёрланяпти. Уйдаги ишлаб чиқаришдан саноат босқичига ўтишга интилаётган мебелсозлар кўп.

Шу боис, якка тартибдаги тадбиркорларга 5 нафаргача ишчи олиб, мебель ишлаб чиқаришга рухсат берилади. Ушбу фаолиятни бошлаш, кенгайиш истагида юрган ёш тадбиркорларга 7 йилга 5 миллиард сўмгача 18 фоизли кредит ажратилади.

Олтинкўл ва Хонқадаги «Мебелчилик маркази»да 100 дан зиёд корхона замонавий ускуналар ўрнатиб, мебель ишлаб чиқармоқда. Олдин уйидаги тор жойда мебель ясаган тадбиркорлар ҳозир яхлит комплексга жойлашиб, кластер тизимида ишлаяпти.

Шароф Рашидов, Янги Наманган, Пастдарғом, Ўртачирчиқ, Қува, Бувайда, Юнусобод ва Учтепада ҳам Хонқа тажрибаси асосида мебелчилик марказларини ишга тушириш топширилди.

Мебель таннархида импорт хомашё улуши 50-60 фоизни ташкил қилмоқда. Ишлаб чиқарувчилар таннархни пасайтириш учун фурнитура, аксессуар, бўёқ, клей, ДСП каби хомашёга божни камайтиришни сўраган.

«Миллий маҳсулотларимиз рақобатбардош бўлиши учун бунга розилик бераман», деди Президент.

Мутасаддиларга 14 турдаги хомашё, фурнитура, аксессуар учун 3 йил муддатга импорт божини 1 фоиз этиб белгилаш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Мебель учун ёғоч ва ёғоч материалларини марказлашган ҳолда олиб келиш йўлга қўйилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда миллий брендларни қўллаб-қувватлаш компанияси ташкил қилиниши ҳақида хабар берилган эди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?