Зарафшон перинатал маркази замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланди

13:14 22 Февраль 2024 Жамият
214 0

Фото: Зарафшон шаҳар ҳокимлиги Матбуот хизмати

Темур Эшбоев/“Халқ сўзи”. Мамлакатимиздаги илмий марказ ва республика клиникаларининг тажрибали шифокорлари ҳудудларга сафарбар этилиб, олис ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари босқичма-босқич энг илғор тиббий техникалар билан жиҳозланмоқда.

Хусусан, Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳридаги тиббиёт марказида буйрак кўчириш ва бошқа бир қатор мураккаб жарроҳлик операцияларини муваффақиятли амалга ошириш имкониятлари яратилганди. Шунингдек, шаҳарда минтақавий скрининг маркази фаолиятининг йўлга қўйилиши Қизилқумнинг чекка овулларида истиқомат қилаётган аёлларнинг узоғини яқин қилди.

— Президентимизнинг 2023 йил 8 сентябрдаги “Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, туғма ҳамда ирсий касалликларни эрта перинатал ва неонатал даврда аниқлаш, болалар ўлими ва туғма ногиронликни камайтириш, туғма ва ирсий касалликларга чалинган болалар туғилишининг олдини олишда янги даврни бошлаб берди, — дейди Зарафшон шаҳар туманлараро перинатал маркази бўлими бошлиғи Шоҳида Ҳотамова. — Ушбу қарорда оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг янги тизимини яратиш билан бирга бепуштликнинг олдини олиш чоралари бўйича ҳам бир қатор тадбирлар белгиланган.

Яқинда тиббий хизмат самарадорлигини ошириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш мақсадида Зарафшон шаҳар туманлараро перинатал марказига муддатидан олдин туғилган чақалоқларни парваришлаш, реабилитация қилишда жуда ҳам муҳим тиббий техника воситалари келтирилиб, ишга туширилди. Улар ёрдамида оғир аҳволда туғилган чақалоқлар жонлантирилиб, муддатидан аввал туғилган чақалоқлар учун иссиқлик ва намликни зарур меъёрда ушлаб туриш таъминланади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?