“Юртингизнинг оҳанрабоси бор”

Шу кунларда кўҳна Бухоронинг тарихий гўшалари – савдо расталари-ю, карвонсаройлар, масжиду мадрасалар, сўлим Лабиҳовуз, маҳобатли Арк қалъаси, файзли Ситораи Моҳи Хосса, муқаддас қадамжолар сайёҳлару зиёратчилар билан гавжум. Қулоққа француз, инглиз, рус, испан, немис, хитой, корейс, япон тилларига хос гап-сўзлар чалинади. Кечга бориб хорижий меҳмонларнинг бир қисми Нодир Девонбеги мадрасасининг шарқона қиёфадаги ҳовлиси томон ошиқади. Бу манзилда анъанага кўра, миллий куй-қўшиқлар ва рақслардан иборат кўнгилочар дастур намойиш этилади.
– Бухорода вақтимиз мазмунли, эсда қоларли кечмоқда, – дейди германиялик сайёҳ Матиас Нойбер. – Халқингиз шундай бой маънавий ва маданий меросни асраб-авайлаб келаётганидан хурсанд бўлдик. Сафаримизнинг Бухорода санъат биеналлиси ўтаётган дамларга тўғри келганини айтмайсизми?
Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ илк бор ташкил этилган халқаро санъат биенналиси кўҳна шаҳарнинг кўз илғамаган қирраларини очиб бермоқда. Бу ерда дунёнинг турли гўшаларидан келган номдор мусаввиру дизайнерлар, гастрономик соҳа вакиллари ўзбекистонлик ҳамкасблари билан ҳамкорликда ўз маҳоратларини намойиш этмоқда. Зеро, санъат тили барча халқлар учун ягона ва тушунарли.
– Асрлар синовидан ўтган санъат ва маънавиятнинг илдизи Бухорода, – дейди яна туркиялик Марве Акюз. – Ундан баҳра олмоқ учун етти иқлимдан одамлар келаётганининг шоҳиди бўлиб турибмиз. Юртингизнинг оҳанрабоси бор. Уни яқиндан кўриш, хусусан, миниатюра санъати тўғрисидаги билим ва тушунчаларимни бойитиш истаги менга ҳам тинчлик бермади.
Вилоят туризм бошқармаси хабар беришича, мамлакатимизда сайёҳлар учун яратиб берилаётган қулайликлар, ҳамкорлик алоқаларининг мустаҳкамланаётгани туристлар оқимининг кўпайишига хизмат қилмоқда. Бошқарма масъуллари яқинда Россия Федерациясининг Бошқирдистон Республикаси вакиллари билан В2В тарзидаги учрашув ўтказди. Ҳар иккала томоннинг етакчи туроператорлари қатнашган мулоқотда Бухоронинг сайёҳлик салоҳиятига оид қимматли маълумотлар берилди. Пировардида Бошқирдистон ва Татаристон Республикаларидан жорий йил охирига қадар 10 минг нафар сайёҳни жалб қилиш юзасидан келишувга эришилди.
Вилоятда инфратузилма ривожланаётгани, хизмат кўрсатиш сифати ошаётгани ҳам эътиборга молик. Чунончи, жорий йилда 64 та жойлаштириш воситаси, жумладан, 14 та меҳмонхона, 12 та хостел, 35 та оилавий меҳмон уйи фаолияти йўлга қўйилди. Ҳудудда 22 нафар янги туроператор – турагент иш бошлади. Саккиз ой давомида Бухорога 1 миллион 482 минг нафардан зиёд хорижий меҳмон ташриф буюрди. Республикамизнинг турли гўшаларидан 1,5 миллиондан ортиқ киши кўҳна кентни кўргани келди. Йил охирига қадар бу кўрсатгич мос равишда 2-2,5 миллионни ташкил этиши кутилмоқда.
Истам ИБРОҲИМОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг