Юртин ардоқлаган ҳар зотки буюк

12:23 16 Январь 2024 Сиёсат
844 0

Халқимизнинг букилмас иродаси, маънавий-руҳий қудрати, ватанпарварлиги ҳамма замонларда муваффақиятларимиз, юрт тинчлиги ва тараққиётининг энг муҳим кафолати бўлган. Шу боис аждодларимиз фарзандларини гўдаклигидаёқ оқ ва қорани ажратишга, ҳаётга, дунёга теран назар ташлашга ўргатган, уларнинг қалб кўзини очишга интилган. Ҳар қандай қийин шароитда ҳам юксак мантиқ асосида иш юритишга, тадбирли ва шижоатли бўлишга, ҳамжиҳатлик, жасорат ва матонат намуналарини кўрсатишга ундаган.

Нигоҳ

Ота-боболаримиздан қолган “Билаги зўр бирни енгар, билими зўр — мингни”, “Бирлашган ўзар — бирлашмаган тўзар” каби халқ мақоллари тильдан-тилга, дилдан-дилга ўтиб асрлар оша яшаб келаётганининг боиси ҳам шунда.

Мамлакатимиз тараққиётининг янги даврида эл-юртимиз равнақи, фаровонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш билан бирга, аждодларимизнинг ана шу ўлмас меросини, бебаҳо қадриятларимизни асраб-авайлашга, ёш авлод онгу қалбига янада чуқур сингдиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг ўтган ҳафтада бўлган кенгайтирилган йиғилишида ҳам Қуролли Кучлар ва ҳарбий-маъмурий секторларнинг 2023 йилдаги фаолияти якунларини муҳокама қилиш ҳамда яқин истиқболга мўлжалланган вазифаларни белгилаб бериш асносида айни шу масалага яна бир бор урғу берди.

Ҳаёт-мамот масаласи

Давлатимиз раҳбари куйинчаклик билан айтган ҳар бир фикр-мулоҳаза инсонни ҳушёрликка, огоҳликка, ватанпарвар бўлишга чорлайди, шу нуқтаи назардан йиғилишни том маънода тарихий, деб аташ мумкин.

Анжуманда мамлакат тинчлиги, хавфсизлиги билан боғлиқ масалалар комплекс муҳокама этилди. Давлатимиз раҳбари миллий армиямизни такомиллаштириш, унинг жанговар қобилияти, мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш, замонавий қурол-аслаҳалар билан таъминлаш, кадрларнинг ҳарбий профессионаллик даражасини ошириш билан бир қаторда уларнинг руҳий-маънавий тайёргарлиги, ватанпарварлик тарбиясини юксалтириш ниҳоятда долзарблигини уқтирди.

Ҳозирги дунё туб ўзгаришлар, тафаккурдаги эврилишлар даврини бошдан кечирмоқда. Турли сиёсий мақсадлар, янги жаҳон тартиботини вужудга келтириш, дунёга эгалик қилиш мақсад ва иддаолари жиддий тус олмоқда. Давлатлараро ва минтақалараро манфаатлар тўқнашуви тобора чуқурлашмоқда. Сиёсий ва ғоявий қарама-қаршиликлар дунёнинг турли минтақаларида янги кескинлик ўчоқлари пайдо бўлишига, миллатлар ва конфессиялар ўртасида қарама-қаршиликлар кучайишига, радикализм ва экстремизм хавфи тобора ортиб боришига сабаб бўлмоқда.

Халқаро стратегик тадқиқотлар институти 2023 йилда дунё бўйлаб камида 183 та минтақавий можаро рўй берганини маълум қилди. Бу сўнгги 30 йилдаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Бундай хатарларнинг бизга умуман алоқаси йўқ, деб айта олмаймиз. Мамлакатимиз суверенитети, истиқлолимизга нописандлик билан муносабатда бўлаётганлар, ўтказилаётган ислоҳотларни инкор қилаётганлар, юртимиз тараққиётига ғаразгўйлик билан қараётганлар бор экан, халқимиз бир зум ҳам хотиржам яшай олмайди.

Ана шундай мураккаб сиёсий, ҳарбий, иқтисодий, маънавий ва руҳий босимлар пайтида юрт тақдирига бефарқ бўлмаган ватанпарвар, жисмонан ва маънавий етук авлодни тарбиялаш ҳаёт-мамот масаласига айланди.

Дунёда кузатилаётган кескинлик, инсон ҳаёти, онгу қалбига қаратилган таҳдидлар барчамизни сергак торттириши лозим. Президентимиз таъбири билан айтганда, бугунги кунда ҳар биримиз амалда Ватан ҳимоячиси бўлишимиз, ёшларимизни ҳам шу руҳда камол топтиришимиз зарур.

Бугун кўз ўнгимизда содир бўлаётган ҳодисаларнинг ўзи ҳаётнинг аччиқ ҳақиқатидан сабоқ чиқаришга ундайди. Катта давлатлар ўртасида дунёни, улкан табиий ресурсларга бой ўлкаларни тақсимлаш “ўйин”лари ҳали тинганича йўқ. Турли йўллар билан ер ости ва ер усти бойликларига, салоҳиятли инсон капитали ва ресурсларига эга минтақалар устидан назорат ўрнатиш учун кучли кураш бораётгани, “кичик” давлатларга ошкора босимларнинг кучайгани замонамизнинг асл ҳақиқати. Бундай таҳдидлардан Марказий Осиё минтақаси ҳам холи эмас.

Мустақилликни сақлаб қолиш ғоят мураккаб, айни пайтда халқимизнинг энг олий мақсадидир. Зеро, жабрдийда халқимиз тарихда мустамлака бўлиб, не-не жафоларни чекди. Зулму ситам, азоб-уқубат, турли адолатсизликлардан эзилиб яшади. Эркка, ҳурликка талпинган қанчадан-қанча ўтюрак ўғлонлар тўпга тутилди, ўққа учди, борса келмас совуқ ўлкаларга сургун қилинди.

Шукрки, халқимиз истиқлолга эришди. Қанча жонлар, қанча қонлар эвазига қўлга киритилган бу бебаҳо неъмат барчамиз учун ғоятда қадрлидир.

Бугун мустамлакалик азобларини кўрмаган, жисми ҳам, қалби ҳам озод ва эркин, руҳи баланд, мусаффо осмон остида улғаяётган авлод дунёга келди. Энди улар бу улуғ неъматларни кўз қорачиғидек асрашга бутун вужуди, бор имкониятлари билан курашади.

Янги мезон ва ёндашувлар зарур

Ҳозирги кунда энг катта бойлик — тинчликни асраш тобора долзарблик касб этаётган экан, муҳим режаларни белгилашда мавжуд хавф-хатарларни ҳисобга олмаслик асло мумкин эмас.

Йиғилишда янги Ўзбекистон армиясини кечаги мезон ва ёндашувлар билан барпо қилиб бўлмаслиги алоҳида қайд этилди. Негаки, ҳар бир давлат ҳар қандай мураккаб вазиятда ҳам ўз суверенитетини асрашни тарих ва келажак олдидаги муқаддас бурчи, мажбурияти, деб билади. Биз мафкура полигонлари қанчалар кучайиб бораётгани, унинг таъсир доираси ҳар қандай ядро қуроллариникиданда кенгроқ ҳудудларни қамраб олиши мумкинлигини кўплаб ҳаётий мисолларда кўриб турибмиз.

Дунёда, ҳақиқатан ҳам, уруш стратегияси, жанг олиб бориш тактикаси ўзгариб бормоқда. Бугунги ахборот ва юқори технологиялар асрида фақат ҳарбий салоҳият, замонавий ўқув полигонлари, қурол-аслаҳаларнинг ўзи мамлакатнинг тинчлиги ва барқарорлигини таъминлаш учун етарли эмас. Ахборот майдони ҳақиқий жанг майдонига айланиб бўлди. Оммавий коммуникация технологиялари орқали ахборот каналлари ўткир ва тезкор қурол сифатида тобора куч олмоқда. Бир сўз билан айтганда, гибрид урушлар даври бошланди. Бу эса айнан ана шундай хуружларга қарши тура оладиган миллий армияни такомиллаштиришни талаб этади.

Кучли руҳий-маънавий тарбия, ҳарбий-ватанпарварлик тарбияси нафақат Қуролли Кучлар тизими учун, балки бутун мамлакат ёшлари учун ҳам энг муҳим воситадир. Айнан маънавий-руҳий тарбия керак пайтда қалқон, керак пайтда ҳимоя қуроли вазифасини ўтай олади.

Президентимиз таъкидлаганидек, ўз фарзандларида юксак ватанпарварлик руҳини камол топтира олмаган давлат қандай қудратли қуролга эга бўлмасин, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлай олмайди. Бундай миллат бир кун Қанимлар томонидан маҳв этилиши мумкин. Буни нафақат тарих, айни замонда дунёда кечаётган воқеа ва ҳодисалар ҳам кўрсатиб турибди.

Ана шу маънода, йиғилишда Қуролли Кучлар тизимида аскар ва офицерларнинг маънавий-руҳий, ватанпарварлик тарбиясини кучайтиришда ёзувчи ва шоирлар, кино, театр, телевидение ижодкорлари, маънавий-маърифий жабҳаларда фаолият юритувчи ташкилотлар олдига муҳим вазифалар қўйилди. Негаки, кейинги йилларда яратилган, юракка яқин “Ҳарбий қўшиқлар”, “Жанговар чақириқлар”, “Ҳарбий мерос ва жанг санъати” ифода этилган тарихий-илмий, адабий асарлар, маънавий ватанпарварлик дастурлари муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков ижросида айтилган “Ким Ватанга қалқон бўлса, мендирман ўшал!” деган қўшиқ бугун улуғ саркарда Жалолиддин Мангуберди тимсолида миллионлаб юракларда мардлик ва жасорат, ватанпарварликни улғайтиришга хизмат қилмоқда.

Аммо бу каби юракни жунбушга келтирувчи, юксак ватанпарварлик ҳиссини кучайтирувчи қўшиқлар кўплаб яратилиши лозим. Зеро, мардлик мардликни уйғотади, эр йигит сўзи эр йигитни камолга етказади.

Шер бор жойга қашқир йўлолмас

Аждодларимиз мардона руҳи, жасорати билан асрлар давомида душманларни қўрқув ва таҳликага солиб турган. Зеро, шер бор жойга қашқир йўлолмас, деб бежиз айтмаганлар. Ватанимиз тарихида айнан ватанпарварлик туйғуси сабаб ўзидан сон жиҳатдан бир неча ўн баробар кўп бўлган қудратли лашкарларни енгган қанчадан-қанча жасур аждодларимиз ўтган. Тўмарис, Спитамен, Маҳмуд Торобий, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Бобур Мирзо — булар маънавий руҳ, мардлик ва шижоат, миллатпарварлик, ватанпарварлик туйғуси билан аскарларини қудратли кучга айлантира олган юрт қалқонларидир. Шу маънода, жасур аждодларимизнинг жанг санъати, ҳарбий меросини янада чуқурроқ ўрганиш, айниқса, ёш авлод онгу қалбига сингдириш ниҳоятда долзарб.

Ватанпарварлик гапиришга осон, оғизнинг бир чеккасидан чиқиб кетаверадиган оддий сўз эмас. Ўз халқига садоқат ва фидойилик, она Ватанни ҳимоя қилиш, уни чексиз севиш ҳар қандай инсоннинг ҳақиқий ватанпарварлик фазилати ҳисобланади. Ватанпарварлик юртининг озодлиги ва ободлиги, унинг сарҳадлари дахлсизлиги, мустақиллигининг ҳимояси йўлида фидойилик кўрсатиб яшаш, халқининг ор-номуси, шон-шарафи, бахту саодати учун куч-Қайрати, билим ва тажрибаси, бутун ҳаётини бахш этишдек муқаддас ҳамда олийжаноб фаолиятни англатади. Шу маънода, у юрт тараққиёти учун дахлдор бўлишга ундайдиган маънавий-ахлоқий фазилат, десак, тўғри бўлади.

Тарихдан маълумки, Ватан озодлиги учун курашиш масаласи алломалар асарлари ҳамда эзгу ғояларни ифода этувчи таълимотларнинг бош ғояси бўлиб келган. Ватан тарихини билган, улуғ аждодлар меросини чуқур ўрганган ҳар бир инсон қалбида миллий ғурур-ифтихор туйғулари янада жўш уриб, эл-юртга садоқати ортиб бораверади. Инсон қалбида миллат, Ватан, аждодлар руҳи олдидаги бурч ва туйғулар қанчалик чуқур жой олган бўлса, маҳдудлик ўрнини миллий ғоялар эгаллайди. Курашчанлик, ташаббускорлик, ўз ўзини англаш, миллат, мамлакат шаъни ва манфаатини ҳимоя қилишдек муқаддас туйҚулар унинг ҳаёт тамойилига айланади.

Демак, туғилиб-ўсган тупроғи шаъни, ор-номусини жон-жаҳди билан ҳимоя қиладиган, жамият мақсад ва манфаатларини тушуниб етадиган, ҳар томонлама комил инсонни тарбиялаш, бунинг учун фарзандларимиз онгида Ватанга муҳаббат, юрт тақдирига дахлдорлик, тинч, эркин ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш туйғусини кучайтириш энг устувор масала бўлиб қолаверади.

Ҳушёрлик, маънавий-руҳий тарбия, ватанпарварлик ҳар бир юракда уйғотувчи куч бўлиши керак. Ўзгалар маънавий пойдеворга эга бўлмаган қалбга, ғафлат босган юракларга доим ўз байроғини тикишга ҳозирлигини ҳеч қачон унутмаслик лозим. Бугун душманнинг ўқлари инсонларни жисмонан йўқ қилса, унинг сўзлари кишиларни маънан маҳв этмоқда. Душман томонидан отилган битта ўқ бир кишини йиқитса, у томондан айтилган битта сўз минглаб кишиларнинг онги, руҳини емириб, манқуртга айлантирмоқда.

Шундай экан, йиғилишда қайд этилганидек, агар биз Ўзбекистон ахборот маконида миллий контент яратишни ўз қўлимизга олмас эканмиз, дунёдаги воқеаларга миллий манфаатларимиз нуқтайи назаридан баҳо бермас эканмиз, бу ишлар хориждан туриб амалга оширилишига имкон яратиб берган бўламиз. Чунки одамлардаги янгилик, таҳлилий маълумот, реал воқеаларга бўлган эҳтиёжни биз қондирмас эканмиз, буни бошқалар қилади. Бунга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди.

Бу дунё — кураш майдони

Тан олиш керак, бугунги нотинч замонда, айниқса, ён-атрофимиздаги вазият кескинлашиб бораётган бир пайтда она юртимизни асраб-авайлаш, дўстни душмандан, оқни қорадан ажратишга, аҳолимизни доимо сезгир ва огоҳ бўлиб яшашга даъват этишда миллий оммавий ахборот воситалари ўз ҳиссасини қўшиши алоҳида аҳамиятга эга. Айрим одамларда жамиятда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни таҳлил эта олиш кўникмаси мавжуд эмаслигини биз, матбуот ва ОАВ вакиллари ишимиздаги камчилик деб билишимиз зарур.

Бундай ҳолат баъзи юртдошларимизда юз бераётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини теран англашга халақит қилаётганини сезиш мумкин. Нима бўлганда ҳам, глобаллашув жараёнлари шароитида у ёки бу мамлакатнинг миллий хавфсизлигига қаратилган таҳдидлар орасида ахборот хуружлари асосий ўринни эгаллаётганини мутахассислар уларнинг фуқаролар онгига таъсир этиш кучи юқорилиги билан изоҳлашмоқда.

Ахборот хуружлари, дея таърифланаётган бундай хатти-ҳаракатлар у ёки бу мамлакатга фақатгина таҳдид қилишдангина иборат эмаслигини ҳам унутмаслик лозим. Аслида бундай эълон қилинмаган “уруш”лар замирида ёлғон ахборот тарқатишдан ташқари, ижтимоий онгни эгаллаш, нишонга айланган мамлакат аҳолисининг миллий ва маданий қадриятларини йўқ қилиш, уни тарихий хотирасидан айириш билан бирга кишилар онги, турмуш тарзига ёт ва бегона қадриятларни сингдириш мақсадлари ҳам ётибдики, бу ана шу ҳудуддаги аҳолини манқуртлик кўчасига киритишга уринишдан бошқа нарса эмас.

Давлатимиз раҳбари йиғилишда ҳаётдаги энг буюк маслаги миллат ва Ватан ҳуррияти бўлган фидойи жадид боболаримизни алоҳида эслаб ўтди. Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари — жадидлар, уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар. Маърифатпарвар аждодларимизнинг мероси ёшларни ватанпарварлик ва дахлдорлик руҳида тарбиялаш ишига хизмат қилади. Чунки уларнинг ғоя ва дастурлари янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегияси билан ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир.

Биз, ижод аҳли мард ва жасур аждодларимиз, саркардаларимиз, жадид боболаримизнинг ёрқин сиймосини кинотасвирларда, спектаклларда, матбуотда, бадиий асарларда кўрсата олсак, юртдошларимизни, ёшларимизни ҳозирги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрлашга эриша оламиз. Масалан, агар халқимизни биргина хорижий сериаллар ўрнига ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги миллий сериалларни тайёрлаб, уларни жон дили билан томоша қилишга кўниктира олсак, бундан қанчалик ютган бўлардик! Бугун ёшларимизга ибрат бўладиган ота-боболаримизнинг жасоратли йўлини очиб берувчи қўлланмалар, бадиий асарлар, қўшиқлар, кинофильмлар сув ва ҳаводек зарур.

Тўғри, бу улуғ, айни пайтдаги ғоят шарафли иш ижодкорлардан юксак салоҳият билан бирга, туну кун изланишни, жон койитишни, машаққат чекишни, айниқса, фидойилик ва ватанпарварликни талаб этади. Қанчалик қийин бўлмасин, лекин шу ишни бугун қилмасак, эртага кеч бўлиши мумкин. Акс ҳолда авлодларимиз бизни асло кечирмайди, шунингдек, аждодларимиз руҳи олдида қарздор бўлиб қоламиз.

Ахир жадид боболаримиз юртимизни озод этишга, қолоқликдан олиб чиқиб, ҳамма соҳаларни ривожлантиришга борини бағишлаган. Бунинг бадалини ўз жонлари билан тўлаган. Улар истиқлол орзусида курашган, ўзини аямаган, биз мустақиллик учун нима қиляпмиз, деб ўзимизга савол бериб кўрайлик. Мустақилликнинг мустаҳкам замини нима ўзи? Аввало, ватанпарварлик, билим, маънавият. Шундан келиб чиқиб, жамиятимизда ана шундай ватанпарварлик руҳини кучайтиришга боримизни бағишлашимиз зарур. Жадид боболаримизнинг эркпарварлиги, ватанпарварлиги, юрт эртаси учун куйиб-ёниши, янгиликка интилишидан хулосалар чиқаришимиз, маънавиятни улардан ўрганишимиз лозим. Маънавиятсиз энди на янги Ўзбекистонни, на учинчи Ренессансни барпо этиш мушкул эканини англаш даври келди.

Йиғилишда белгиланган вазифалар ижро этилар экан, яқин йилларда нафақат Қуролли Кучлар тизимидаги аскар ва офицерлар, балки ҳар бир Ўзбекистон фуқароси қалбида миллий руҳ, миллат шаънини асраш туйғуси, ватанпарварлик янги босқичга кўтарилади. Шундай бир кезда миллатнинг ғурури, ори, ҳамияти, бирлигини йўқотишга, ёшларимиз юрагидан ватанпарварлик туйҚусини сидириб ташлашга уринаётган кучларга нисбатан ҳам зиёлилар энг катта маънавий қурол — муқаддас Ватанимизга бўлган юксак муҳаббатни дастур қилиб майдонга чиқиши лозим. Бу ҳолатда юртнинг келажаги, мамлакатимиз тараққиёти, юксалиши биз, фуқаролар, аввало, зиёлилар, миллатпарварлар, катта-кичик лавозимдаги кишиларнинг ўтмиш ва келажак олдидаги маънавий масъуллигига, бу масъулиятни бутун онгу шууримиз, қалбимиз билан ҳис этишимизга боғлиқ. Шу ўринда Абдурауф Фитратнинг қуйидаги сўзлари ёдга келади: “Бу дунё кураш майдонидир. Бу курашнинг қуроли соғлом тан, ўткир ақл ва ахлоқдир”.

Ибрат мактаби

Қуролли Кучлар орасида маънавий-руҳий тарбиянинг армияни енгилмас кучга айлантирувчи яна бир жиҳати бор, бу унинг халқ билан яқинлигида намоён бўлади. Дейдиларки, “Армияси ва халқи бир бўлган давлатни енгиб бўлмайди”. Негаки, армия билан бир бўлган халқ ўз тинчлиги ва фаровонлигини армия куч-қудратида кўради. Ундай халқ армия учун чинакам ватанпарварларни тарбиялаб беради. Вазият тақозосига кўра, хавф туғилганда у армия билан бир бутун кучга, енгилмас лашкарга айланади.

Бунга тарихдан жуда кўп мисоллар келтириш мумкин. Биргина Нажмиддин Кубро жасоратини эслайлик: мўғуллар Гурганжни қамал қилади. Гарчи Чингизхон бир неча маротаба 76 ёшли шайхга элчи юбориб, унинг саломат қолишига кафолат бериб, қалъани тарк этишга даъват қилса-да, Нажмиддин Кубро: “Киндик қоним тўкилган, менга меҳр-муҳаббат кўрсатган Ватаним учун курашиб ўлиш ҳуқуқини мендан ҳеч ким тортиб ололмайди”, дея бу таклифни рад этади. Ватан ишқи, озодлиги йўлидаги инсоний бурч умрида ҳатто ўнлик лашкарни ҳам бошқариб кўрмаган буюк олим, донишманд Нажмиддин Куброни мўғулларга қарши қаҳрамонона жангга отланган қўрқмас қўмондон, мард жангчига айлантиради.

Бу муҳораба она Ватанимиз тарихидаги энг шонли, шунингдек, энг фожиали саҳифалардан бири бўлди. Маънавий-руҳий жипслик, халқ ва лашкар ўртасидаги бирлик энг зарур пайтда ягона қудратга айланади. Шайх бошчилигидаги мудофаачилар Ватаннинг юраги бўлмиш Гурганж ҳимоясини ор-номус ҳимояси деб билади. Бундай туйғу барча лашкарни қамраб олади. Шайхнинг даъвати мудофаачилар қалбидаги ўлим ва мардлик тушунчаларини уйғунлаштиради. Шаҳарда тирик жон борки, мудофаачига айланади. Душманга катта талафотлар етказади. Бироқ аскарлар сони тенг эмасди. Ёғий мўр-малаҳдек бостириб келаверади. Охир-оқибат шайх душман байроғига чанг солганча ҳалок бўлади...

Давлатимиз раҳбари тинчлигимизни асраб-авайлаш, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлаш, мустақиллигимизни мустаҳкамлашда ватанпарварликнинг ўрни беқиёслигини, шонли тарихимиз, бой илмий ва маданий меросимиз, баҳодир аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолияти биз учун чинакам ибрат мактаби эканини бежиз таъкидламади.

Масалан, буюк бобомиз Амир Темур қўшинларининг жанговар руҳи ғалабани таъминлашда муҳим омил бўлган. Биз аждодларимизнинг ҳарбий меросини чуқурроқ ўрганишимиз бугунги қалтис замонда ҳам айни муддао.

Буюк ҳарбий саркарда, стратег, илм-фан, маданият ҳомийси Соҳибқироннинг муваффақиятли ғалабалари, олиб борган чуқур ўйланган стратегия ва тактикалари эса мутлақо ноёбдир. Бу баландпарвоз гап эмас. Чунончи, бугун дунёнинг кўп давлатлари ҳарбий сиёсатида Амир Темур бобомиз ўгитлари ва бошқарув тутумларидан кенг фойдаланиб келмоқда. Буни бобомиз қўллаган ўнлаб ҳарбий атамалар бугунги кунгача кўплаб мамлакатлар ҳарбий соҳасида қўлланиб келаётганида ҳам кўришимиз мумкин.

Бундан, албатта, фахрланамиз. Аммо ўзимиз ҳам бу буюк меросдан самарали фойдаланишимиз керак. Шу мақсадда Президентимиз катта ишларни бошлаб берди. Хусусан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан яқин-яқингача “Суворовчилар” деб номланиб келган ҳарбий академик лицейлар “Темурбеклар мактаби”га айлантирилди. Бу буюк давлат арбоби ва саркарда соҳибқирон Амир Темурнинг Ватанга садоқат, эл-юртни ардоқлаш, мардлик, фидойилик ва адолатпарварлик каби юксак фазилатлари ёш авлод учун ўрнак бўлиб хизмат қилишига имкон яратди.

Дарҳақиқат, Соҳибқирон бобомизнинг ибратли ҳаёти ва ҳарбий-сиёсий фаолияти, бебаҳо ҳарбий мероси, хусусан, унинг “Темур тузуклари” асари ёшларни юрт қайғуси ва уни севиб ардоқлаш руҳида тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга. “Тузуклар”да шундай ҳарбий тактикалар, залварли фикрлар, ҳаётий ўгит ва насиҳатлар келтирилганки, улар бугун ҳам комил фарзандни тарбиялашда, шунингдек, Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий хизматчиларнинг маънавий савиясини юксалтириш, миллий тарихимизни чуқур ўрганишда жуда қўл келади.

Зеро, буюк Амир Темур дунёга адолат тантанасини мерос қолдирди. Бу мерос бугун ҳам, кейин ҳам ўзининг сўнмас ва доимо талпинувчан руҳи билан дунё халқларини ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликка, тўғри ва ҳалол яшашга, олийжаноб ҳамда меҳрибон бўлишга чорлаб туради. Соҳибқирон ҳазратларидаги ватанпарварлик, мардлик, юрт тинчлиги ва фаровонлиги, равнақи учун қалқон бўлиш каби фазилатлар нафақат шахсий намуна, шу билан бирга, Жаҳонгир Мирзо, Умаршайх Мирзо, Шоҳрух Мирзо, Мирзо Улуғбек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби темурийлар фаолиятида ҳам мужассам бўлган.

Шу ўринда яна бир буюк саркарда бобомиз Жалолиддин Мангубердининг ҳарбий мероси ҳам бебаҳо эканини таъкидлаш жоиз. Улуғ саркарда ҳарбий фаолияти давомида қўшини таркибида, бошқариш тизимида, қурол-яроғлар таъминотида, жанговар ҳаракатлари ва бошқа ҳарбий жабҳаларда улуғ аждодларига хос бўлган энг яхши анъаналарни сақлаб қола олган. Айни пайтда у бўлиб ўтган жангларда ҳарб илмининг юксак билимдони, янги ҳарбий тактикаларнинг яратувчиси, қўшинни моҳирлик билан бошқара оладиган лашкарбоши, қўрқмас, мард, қаҳрамон курашчи, Ватан, халқ озодлиги учун жонини бахш этган фидойи инсон сифатида тарих саҳифаларига муҳрланди.

Султон Жалолиддиннинг ҳарбий тактикасида энг кўп қўлланилган жанг усулларидан бири — бу душман қўшини марказига ҳужум қилиб, уни пароканда этиш, унинг ўртасига ёриб кириб, қириб ташлашдан иборат бўлган. Чунки марказнинг ҳалокати қўшиннинг мағлубиятига олиб келган. Жалолиддиннинг оз сонли лашкарлар билан душманнинг кўп сонли қўшинлари устидан доимо ғалаба қилиш сирларидан бири ҳам ана шунда бўлган. Жалолиддин Мангубердининг куч-қудрати, қаҳрамонлиги, улуғ саркарда, етук давлат раҳбари, ҳарбий маҳоратига нафақат атрофидаги унга ҳамкор, ҳамфикр бўлган инсонлар, амирлар, султонлар, хонлар, шоҳлар, балки унинг ашаддий рақиблари, душманлари ҳам тан берган. Масалан, Синд дарёси бўйидаги қаттол жангдан кейин уруш оловидан қутулиб кетган Жалолиддиннинг мардлигидан ҳайратга тушган Чингизхоннинг унга қарата “Ҳақиқий ота ўғил мана шундай бўлиши керак! У шундай қирғинбарот жанг майдонидан ва ўлим дарёси гирдобидан қутулиб ҳимоя қирғоғигача чиқа олдими, демак, ундан яна ҳам кўп қаҳрамонликлар ва сон-саноқсиз ташвишлар кутиш мумкин”, деган сўзларида улуғ саркардага нисбатан нафрат билан биргаликда унинг мардлигига тан бериш ҳам ўз ифодасини топган.

Жалолиддин Мангубердининг ўн бир йилдан ортиқ мўғул босқинчиларига қарши олиб борган кураши беиз кетмади. У ўз фидойилиги, жасорати, матонати билан кўп халқларни мўғуллар исканжасига тушишдан асраб қолди. Мана, бой ҳарбий меросимизни ўрганиш нима учун керак?!

Маънавий жасорат — энг олий талаб

Инсон ўзлигини англагани, насл-насабини чуқурроқ билгани сари юрагида Ватанга муҳаббат туйғуси улғая боради, туғилиб ўсган юртига меҳри ортади. Бу Ўзбекистон тупроғида яшаётган, уни ўз она Ватани деб биладиган барча миллат ва элатларга бирдек дахлдор.

Халқимиз бой тарих, юксак маданият ва буюк маънавиятга эга. Зотан, энг қалтис ва таҳликали даврларда миллатимизга умид ва ишонч берган, уни ёвларга қарши курашга ундаган, аждодларимизни илмий кашфиётлар, ҳарбий зафарларга, маърифат машъалини баланд кўтариб, жаҳолатга қарши чиқишга чорлаган беқиёс куч маънавий жасорат туйғусидир.

Тарих синовидан ўтган ҳақиқат шуки, эзгу ғояларга, маънавий меросга, анъаналар ва замонавий талабларга асосланмаган ҳар қандай давлат тизими узоққа бормайди. Дунёда энг қийин иш инсонни тарбиялаш, унинг онгу тафаккурини шакллантириш, деган гап бор. Чунки бу борада қуруқ сўз ва ҳатто билим-тажрибанинг ўзигина кифоя қилмайди. Бу борада, авваламбор, инсон ўзининг амалий иши ва эзгу саъй-ҳаракатлари, фидойилиги билан мақсаднинг тўғрилиги, ҳаққонийлигини исботлаб бериши керак.

Бизнинг мақсадимиз оддий ва ҳаётий — ҳарбий хизматчилар, шунингдек, ёшлар қалби ва онгида юксак ватанпарварлик, дахлдорлик туйғулари қарор топиши, олийжаноб фазилатлар устувор бўлишига эришиш. Табиийки, бунда фарзандларимизнинг нафақат билимини ошириш, балки улар қалбида мустақиллигимизни мустаҳкамлаш билан боҚлиқ янгича тафаккур, янги ғояларни камол топтириш, уларни юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва Ватанимиз тараққиётини таъминлаш йўлида эзгу ишларга рағбатлантириш, одамлар онгу шуурида ҳаётимизнинг турли соҳаларида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларга дахлдорлик, бунёдкорлик, келажакка ишонч ва шукроналик туйғуларини ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади.

Хуллас, Президентимизнинг Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиҚилишида билдирган фикр-мулоҳазалари, соҳа мутасаддиларига, ижодкор зиёлиларга берган топшириқлари, кўрсатмалари Қуролли Кучларимиз жанговар қобилиятини ошириш, мамлакатимиз сарҳадлари хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлиги, суверенитетини ҳимоя қилиш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Айни пайтда жаҳонда рўй бераётган зиддиятлар, қуролли тўқнашувлар шароитида ҳар бир юртдошимизни доим огоҳ ва ҳушёр яшашга, Ватанимиз тинчлиги, осойишталиги, тараққиёти йўлида бир тану бир жон бўлиб курашишга ундайди.

Ватанни севиш, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш — ҳар биримиз учун муқаддас бурч. Бугунги таҳликали, талатўп дунёда тўғри йўлни йўқотмасдан, турли алдов ва ҳийлаларга учмасдан, мана шу бурчга ҳамиша содиқ қолсак, юзимиз ёруғ, манзилимиз ойдин бўлиши, шубҳасиз.

Ҳар лаҳза турланиб боради дунё,

Шу фурсат ортида қанча сир пинҳон.

Қайда қуёш кулса, қай жой зим-зиё,

Кемадай чайқалиб турибди жаҳон.

Баримиз йўловчи муқаддас йўлда,

Нурли манзилларга қадалган нигоҳ.

Мақсадсиз одимлар — бари беҳуда,

Ҳушёр яшамасак, бўлмасак огоҳ...

Барчамиз бир бўлсак — битта кўз бўлсак,

Ваҳшатли тўлқиндан соғ ўтажакмиз.

Кўнглимиз муштарак, битта сўз бўлсак,

Сирли эшикларни ланг очажакмиз.

Не зотлар шу юрт деб ўртанган, ёнган,

Қанчасининг бағри пораю куюк.

Ватанини севган ҳар одамки шан,

Юртин ардоқлаган ҳар зотки — буюк.

Буюклар юртидир демак бу ўлка,

Амир Темур айтсин, Широқ ё Кубро.

Юзига, сўзига тушмас кўланка,

Чунки осмонини безар Ой, Зуҳро.

Сенга паноҳ бўлсин порлоқ зиёлар,

Воз кеч фоний дунё савдоларидан.

Момолардан олгин эзгу дуолар,

Руҳингга сабоқ ол боболарингдан.

Ўғлон! Жасур эрсанг аяма жонни,

Бу Ватан абадий, жон эса ўтар.

Кўтар елканг узра Ўзбекистонни,

Довруғини кўтар, шонини кўтар.

Унутма!

Ёвлар мўл, йўл этар давом,

Посбон бўл, кўнглингда муқаддас бир ҳис.

Мудом жарангласин қалбда бир калом:

Ватанни асрамоқ — севмоқдай азиз!

Ўткир РАҲМАТ

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?