Юртимизда давлат-хусусий шериклик лойиҳаси асосида илк диализ маркази иш бошлади
Фото: ССВ
Тиббиётнинг нефрология йўналишида диализ хизматлари аҳамиятини ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайди. Бу хизмат буйрак етишмовчилигидан азият чекаётган юртдошларимиз учун сув ва ҳаводек зарур.
Шу сабабдан ҳам мамлакатимизда давлат-хусусий шериклик асосида кенг кўламли диализ лойиҳасини амалга оширишга киришилган.
Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорацияси (IFC) маслаҳат кўмагида амалга оширилаётган макзур лойиҳа доирасида мамлакатимизда илк бор Нукус шаҳрида давлат-хусусий шериклик асосидаги диализ маркази фойдаланишга топширилди.
2021 йил январь ойида юқори сифатли диализ хизматларини кўрсатиш йўналишидаги халқаро тендерда Осиёдаги энг йирик ва жадал ривожланаётган “Nephroplus” компанияси ғолиб деб топилган эди.
Маълумот учун, “Nephroplus” Осиё минтақасида 240 дан ортиқ клиникага эга ва Ҳиндистон, Индонезия, Филиппин, Непал ҳамда Вьетнамда 17 минг нафардан ортиқ беморларга хизмат кўрсатади.
Компания Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги тўртта диализ клиникасини молиялаштириш, қуриш, жиҳозлаш, ходимларни ўқитиш ва бошқариш ҳамда йилига 1000 нафардан ортиқ беморлар учун 140 000 дан ортиқ сеансларда диализ хизматларини кўрсатиш бўйича вазифаларни зиммасига олди.
Давлат-хусусий шериклик шартномасига мувофиқ, компания бу марказларда диализ хизматларини ташкил этиш билан боғлиқ барча харажатларни қоплаб беради.
Таъкидлаш жоизки, янги перитонеал диализ технологияси ҳали Ўзбекистонда мавжуд эмас. У болалар ва юрак-қон томир касалликлари билан оғриган айрим беморларга кўрсатилади ҳамда чекка ҳудудларда яшовчи беморларнинг пул ва вақтини тежашга ёрдам беради.
Худди шундай диализ марказлари Боғот ва Урганч шаҳарларида 2022 йилнинг май ойида иш бошлаши кутилмоқда.
Тошкент шаҳрида шу йўналишдаги энг йирик клиника эса 2022 йил охиригача очилиши режалаштирилган.
Лойиҳа ҳудудларда янги диализ бўлимларини ташкил этиш, халқаро сифат стандартларини жорий этиш, буйрак етишмовчилиги билан оғриган беморлар ўлимини камайтириш ва ҳаёт сифатини яхшилаш имконини беради.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Наманганда 3 та йирик институт битта университетга бирлаштирилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг