Юксак эътибор муваффақиятларимизнинг мустаҳкам асоси бўлмоқда

18:53 20 Сентябр 2021 Спорт
662 0

Баъзан ҳаёт зарбалари, ташвишлари олдида ўзимизни ожиз сезамиз, тушкунлик ҳисси бизни бағрига олади. Ҳаётдан нолиймиз. Бироқ матонати, сабр-бардоши билан инсон ҳар қандай оғир дамда ҳам ўзлигини йўқотмагани билан азиз. Ана шундай инсонийликнинг юксак намунасини кўрсатаётганлар фақат афсоналарда эмас, сизу бизнинг ёнгинамизда, замондошлар орасида ҳам мавжуд.

Шу маънода ҳам жорий йилнинг 24 август — 5 сентябрь кунлари Япония пойтахти Токио шаҳрида XVI ёзги Паралимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар юксак матонат, жасорат ва маҳорат кўрсатиб, 19 та медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида 160 дан зиёд давлатлар ўртасида ўн олтинчи ўринни эгаллагани халқимизга чексиз фахр ҳамда ифтихор туйғуларини бағишлади. Бу муваффақиятларнинг замирида ёшлар тарбиясига давлатимиз раҳбари томонидан кўрсатилаётган эътибор мужассамдир.

Спортчиларимизнинг катта тантана билан кутиб олиниши, “Янги Ўзбекистон” мажмуасида ташкил этилган паралимпиячиларимизни шарафлаш маросими, Президентимизнинг XVI ёзги Паралимпия ўйинларида қатнашган спортчи ва мураббийлар, паралимпиячиларнинг ота-оналари билан учрашуви — буларнинг барчаси спортчилар учун кутилмаган совға бўлди. Минглаб ватандошларимиз чемпионларни шарафлаш учун пойтахт кўчаларига чиқишди.

“Янги Ўзбекистон” мажмуасида уюштирилган шарафлаш маросимида Паралимпия ўйинлари иштирокчилари, ғолиб ва совриндорлари, уларнинг ота-оналари самимий муборакбод этилди, спортчиларимизга Президент совғалари — автомобиллар, уйлар ва пул мукофотлари тантанали равишда топширилди. Албатта, бундай эътибор уларга катта рағбат беради.

Мамлакатимиз раҳбари 10 сентябрь куни XVI ёзги Паралимпия ўйинларида қатнашган спортчи ва мураббийлар, паралимпиячиларнинг ота-оналари билан учрашди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ, Токио шаҳрида бўлиб ўтган ХVI ёзги Паралимпия ўйинларида юқори натижаларга эришган спортчи ва мураббийлардан бир гуруҳига фахрий унвонлар, орден ҳамда медаллар тантанали равишда топширилди.

Президентимиз билан ўтган учрашувда делегациямиз аъзолари алоҳида ҳурмат билан кутиб олинди. Бу ердаги кўтаринкилик ғолиблик шоҳсупасидаги ҳаяжондан ҳам баланд бўлди. Чунки давлат раҳбарининг эътибори, халқимиз ҳурмати олий бахт, бебаҳо мукофотдир. Спортчиларимиз натижаси янги Ўзбекистоннинг янги ғалабаси сифатида эътироф этилди. Мустақиллик байрамига бағишланган тантанада Юртбошимиз паралимпиячиларимизга ишонч билдириб, уларни олқишлаб, муваффақият тилаган эди. Жамоамиз билан бундай юксак ишончни оқлашга астойдил ҳаракат қилдик.

Давлатимиз раҳбари билан учрашувда юртимизда паралимпия ҳаракатини янада ривожлантириш масаласи асосий диққат марказида бўлди. Чунки замон шиддат билан ўзгармоқда. Ана шу ўзгаришларга тезкорлик билан жавоб қайтармасак, эртага кеч бўлади. Демак, янги натижалар учун бугундан ҳаракатни бошлашимиз лозим. Президентимиз учрашувда эришилган натижаларни мустаҳкамлаб, янада кўпроқ ютуқларни қўлга киритиш учун 2024 йилда Парижда бўладиган навбатдаги ёзги Паралимпия ўйинларига ҳозирданоқ аниқ тизим асосида тайёргарлик кўриш зарурлигини таъкидлади ва бу борадаги муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Уларга кўра жисмоний имконияти чекланган фуқароларни спортга кенг жалб этиб, паралимпия ҳаракатини ривожлантириш, иқтидорлиларни саралаб, тарбиялаш, хориждан тажрибали мутахассис ва мураббийлар жалб қилиш, спорт таълими масканларида паралимпия бўйича бўлимлар ташкил этилиб, қўшимча квоталар ажратилиши, махсус ўқув дастурлари ва методика жорий қилиш, келгуси ўқув йилидан бошлаб, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси қошида Паралимпия спорт турлари бўйича мутахассислар тайёрлаш институтини ташкил этиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, паралимпиячиларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, жисмоний ва руҳий тайёргарлигини ошириш мақсадида уларни Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказига бириктириш, дори-дармон билан таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.

Мураккаб ва муросасиз беллашувлар якунида саккизта олтин медаль қўлга киритилди. Эътиборлиси, бу сафар биринчи марта спортнинг таэквондо тури бўйича ҳам олтин медаль жамғарилди. Айни шу жиҳат ҳам мамлакатимизда паралимпия ҳаракати янги спорт турлари билан кенгайиб бораётганига ёрқин бир мисолдир.

Ўзбек спорти тарихидан жой олган мазкур натижалар бардавом бўлиши учун ҳаракатни бугундан бошлашимиз керак. Чунки мусобақалар мавсуми давом этмоқда. Ҳар бир халқаро мусобақадаги иштирок спортчиларнинг малака ва тажрибаси ошишида катта мактаб вазифасини ўтайди. Қолаверса, бу турнирлар 2024 Парижда бўладиган Паралимпия ўйинларига дастлабки қадамлар саналади. Жорий йилнинг сентябрь ойи охирида пара-пауэрлифтинг бўйича жаҳон чемпионати ўтказилади. Мазкур дунё биринчилигида Париж Паралимпия ўйинлари учун дастлабки рейтинг очколари жамғарилади. Бундан ташқари, декабрь ойида Баҳрайн давлатида ёшлар ўртасида Параосиё ўйинлари ташкил этилади. Қитъамизнинг ушбу нуфузли мусобақасида ҳам спортчиларимизнинг муваффақиятли иштирокини таъминлашимиз лозим.

Жорий йил 18 майда Президентимиз томонидан имзоланган “Паралимпия ҳаракатини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилинган эди. Ушбу ҳужжат мамлакатимизда паралимпия ҳаракатини сифат, мазмун-моҳият жиҳатидан янги босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарори жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга спорт билан шуғулланиш учун шарт-шароитларни кенгайтириш ҳамда улар ўртасида спорт билан шуғулланувчилар қамровини янада оширишга хизмат қилиши билан ғоят муҳим аҳамиятга эга бўлди. Шу билан бирга, ҳужжатда барча турдаги спорт таълим муассасаларида жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бор шахслар учун спорт бўлимларини босқичма-босқич ташкил этиш ҳамда жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган иқтидорли шахсларни танлаб олиш, уларни спорт турларига йўналтириш, тайёрлаш ҳамда олий спорт маҳоратига эришишини таъминловчи узлуксиз ягона комплекс тизим жорий қилинмоқда.

Олдимизда ҳали вазифалар жуда кўп. Сир эмаски, ҳозир юксак натижалар фақат ёзги Паралимпия ўйинларида қайд этилмоқда. Демак, энди қишки Паралимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турларини ривожлантириш бўйича ҳам ишларни тўғри ташкил қилишимиз зарур. Президентимиз учрашувда бу масалага ҳам тўхталиб ўтиб, эндиликда қишки спорт турлари бўйича ҳам параатлетларни тайёрлаш ва қишки Паралимпия ўйинларида ҳам муносиб иштирок этишни таъминлаш мақсадида “Амирсой” тоғ-чанғи спорт мажмуаси ҳамда “Ҳумо Арена” муз саройи базаларида паралимпиячилар учун шароит яратиш бўйича топшириқлар берди. Ҳозирги кунда бу борада режалар ишлаб чиқилмоқда. Мақсадимиз 2022 йили Хитойда қишки Паралимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчиларнинг иштирокини таъминлаш.

Президентимиз паралимпиячиларимиз билан учрашувда “Улар тақдир синовларига мардона бардош бериб, сабр-тоқат ва шукроналик руҳи билан ҳаётда ўз муносиб ўрнини топиб яшаётганининг ўзи катта жасорат ва қаҳрамонлик намунасидир. Бундай инсонларнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти ҳақида халқимиз, айниқса, ёшларимиз қанчалик кўп хабардор бўлса, улардан ўрнак олиб яшаса, бу жамиятимиздаги маънавий муҳитни янада соғломлаштиришга хизмат қилади”, дея алоҳида таъкидлади. Айни шу жиҳат туфайли ҳам паралимпиячиларимиз эришаётган натижалар ҳар қанча таҳсинга лойиқ.

Мухторхон ТОШХЎЖАЕВ, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?