Ёзда қишнинг ташвиши

17:36 05 Август 2022 Жамият
414 0

Фото: Халқ сўзи

Ёз жазирамасининг ҳам шашти қайтди. Энди куз-қиш мавсумига тайёргарлик учун иссиқ-илиқ кунларнинг ҳар бир дақиқаси ғанимат. Айниқса, коммунал тизим тармоқларида барча носозликларни аниқлаш ва бартараф этиш олдинда турган мавсумни беташвиш ўтказиш гарови саналади.

Шу мақсадда «Ҳудудгаз Навоий» газ таъминоти филиали томонидан ҳам мавсумга тайёргарлик ишлари аниқланган камчиликлар ҳамда белгиланган дастурлар асосида тузилган режа-график бўйича олиб борилмоқда. Унга кўра, 2022 йилда газ тармоқларини мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилиш рўйхати шакллантирилиб, Навоий шаҳрида «Ёшлик», «Бинокор», Кармана туманида «Янги ариқ» ва «Азамат», Навбаҳорда эса «Янги ҳаёт», Хатирчи туманининг «Чечак ота» маҳаллаларида амалга ошириладиган мазкур тадбирлар натижасида 2 ярим мингга яқин хонадоннинг табиий газ таъминоти яхшиланади.

— Айни кунгача мавсумга тайёргарлик доирасида вилоят бўйича жами 2,9 км газ қувурлари мукаммал таъмирланди, — дейди «Ҳудудгаз Навоий» газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Асқар Набиев. — Шунингдек, Кармана туманида 1,1 км, Навоий шаҳрида 3 км ва Хатирчида 1,3 км, жами 5,4 км тармоқлар реконструкция қилинди.

Газ таъминотининг истеъмолчиларга бир меъёрда ва хавфсиз етказилишида газ тақсимлаш қурилмаларининг соз ҳолда бўлиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Мавсум бошидан Қизилтепа туманининг «Маликобод», «Маданият», Навбаҳорнинг «Бурқут», «Янги ҳаёт», «Ҳашман», Нуротанинг Амир Темур номидаги ва Хатирчининг «Хўжақўрғон», «Зарафшон» маҳаллалари аҳолисини табиий газ билан таъминловчи жами 8 та қурилма капитал таъмирланиб, мавсумга шай ҳолга келтирилди. Яъни бу йўналишда белгиланган режа тўлиқ бажарилди.

Шунингдек, мавсумга тайёргарлик жараёнида 1406 дона газ тақсимлаш қурилмалари тафтиш қилинди. 59,1 км газ қувурлари босим остида зичликка синалиб, ҳаво босими ёрдамида тозаланди.122,3 км қувурлар прибор усули билан текширилди. Газ тармоқларининг 317,9 километри эса эстетик жиҳатдан тартибга келтирилди.

ХАВОТИРГА ЎРИН ЙЎҚ

 

Табиий газ таъминотида хавфсизлик ва тежамкорлик ҳам барқарорликнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Соҳада рақамли иқтисодиёт жорий этилиб, таъминотнинг икки босқичли тизимга ўтказилиши бу борада юзага келадиган муаммоларга ечим бўлмоқда.

Шу кунга қадар вилоятда «ақлли» ҳисоблагичлар тўлиқ ўрнатилган ҳудудлардаги 1007 та газ тақсимлаш қурилмаси демонтаж қилиниб, 42869 хонадон газ таъминотида уч босқичлидан икки босқичли тизимга ўтказилди. — Газ таъминоти икки босқичли тизимга ўтган маҳаллаларда табиий газ босими йилнинг ҳар қандай фаслида бир меъёрда бўлади, — дейди филиал бўлим бошлиғи Маҳмуд Жумаев. — Чунки газ босими ҳудудлардаги газ маромлаш пунктлари орқали назорат қилинмайди. Бу вазифани замонавий ҳисоблагичларга ўрнатилган регулятор (маромлаш қурилмаси) бажаради.

Таъкидлаш жоиз, вилоятимизда тадбир бошидан буён газ ҳисоблаш ускуналарига 70 024 та ана шундай қурилма ўрнатилди. Туман ва шаҳарларда босқичма-босқич газ тақсимлаш қурилмаларини демонтажи давом эттирилиб, яна 1182 та қурилма янги тизимга ўтказилади. Натижада турли йўқотишларнинг олдини олиш билан бирга соҳада иш самарадорлиги ва унумдорлигини ошиб, аҳолини бир маромда табиий газ билан таъминлашга эришилади.

—  Илгари газ жуда кўп «ўйнар» эди, — дейди Қизилтепа туманининг «Оқработ» маҳалласида истиқомат қилувчи Наргиза Исмоилова. — Ўчиб қолмасмикин, деб тонг оттирардик. Кўз тегмасин, икки йилдан бери қишин-ёзин газ бир маромда келиб турибди.

Айни кунларда вилоятнинг 115 769 истеъмолчиси билан фойдаланилган табиий газ бўйича замонавий ҳисоблагич ҳисоб-китоб қилади. «Ақлли» ускуналар табиий газ фойдаланувчиларидаги қарздорликни қисқартириш ва уни бартараф этишда ҳам қўл келмоқда. Мисол учун, жорий йилнинг ўтган чораклари давомида «ақлли» ҳисобдон фойдаланувчиларига 76 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлик учун 318 864 та огоҳлантириш СМСлари юборилиб, 282 276 нафар истеъмолчи билан «ора очилди». Огоҳлантиришларга қарамай, белгиланган муддатда мавжуд қарздорликни бартараф этмаган 36 588 нафар истеъмолчининг таъминоти (қарздорлик 8 миллиард 370 миллион сўм) эса тармоқдан автоматик равишда тўхтатилди.

 

МАҲАЛЛА ОБОДЛИГИ ГАЗ ТАЪМИНОТИГА ҲАМ БОҒЛИҚ

Навоий вилоятида табиий газ билан таъминотини яхшилашда ижтимой дастурлар, хусусан, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасидаги тадбирлар ҳам қўл келмоқда. Мазкур дастурлар доирасида жорий йил вилоятдаги 22 та маҳалла ва қишлоқда табиий ва суюлтирилган газ етказиб беришдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш кўзда тутилган.

— Табиий газ таъминоти тизимини янада яхшилаш мақсадида 11 та маҳалла ҳамда қишлоқда 24,5 км газ тармоқларини, 41 дона газ тақсимлаш қурилмаларини жорий таъмирлаш ва дастур доирасидаги режани белгиланган муддатда якунига етказиш йўлида аниқ графиги ишлаб чиқилган, — дейди филиал масъул ходими Бурхон Ғаниев — Шу кунга қадар вилоят бўйича жами 18,1 км газ тармоқлари, шунингдек, 37 дона газ тақсимлаш қурилмаси жорий таъмирланди. Жумладан Навоий шаҳрида ушбу дастур доирасида белгиланган ишлар тўлиқ якунига етказилди. Яъни, «Янгиобод» ва «Зарафшон» маҳаллаларида жами 1,1 км газ тармоқлари ва ушбу маҳаллалардаги 2 дона газ тақсимлаш қурилмаси жорий таъмирланди. Шунингдек, Зарафшон шаҳрининг «Юлдуз» ва «Наврўз» маҳаллаларида 2,4 км, Ғозғон шаҳрининг «Шайхон» ва «Гулистон» маҳаллаларида 0,7 км, Кармана тумани «Малик» маҳалласининг «Узумзор» ва «Гулшан» қишлоқларида 4,8 км, Конимехнинг «Юксалиш» маҳалласи «Янгиқишлоқ» ҳудудида 2,8 км, Қизилтепанинг «Бўлакработ» ҳудудида 4,5 км ҳамда Хатирчининг Алишер Навоий номидаги маҳалласида 1,8 км газ тармоқлари жорий таъмирланди.

ОЛИС ОВУЛЛАРДА

Бугун Навоийда аҳолининг 37 фоизи суюлтирилган газ билан таъминланади. Яъни 101 293та истеъмолчига ёқилғи маиший баллон ҳамда қувурлар орқали суюқ газ етказиб берилмоқда. Мазкур йўналишда рақамлаштириш тадбирлари амалга оширилиб, истеъмолчиларга таъминот хариди учун ID-карта ҳам тақдим қилинган. Шу асосда истеъмолчиларга ўтган олти ой давомида 6 904 тонна суюлтирилган газ етказиб берилди.

— Суюлтирилган газ таъминотини янада яхшилаш мақсадида «Обод маҳалла» ва «Обод қишлоқ» дастурларига киритилган маҳаллаларга қўшимча маиший газ баллонлар етказилмоқда, — дейди филиалнинг суюлтирилган газ таъминоти бўйича масъул ходими Улуғбек Нуримов. — Шунингдек, аҳолининг таъминотга бўлган эҳтиёжи инобатга олинган ҳолда куз-қиш мавсумида вилоят аҳолисига етказиладиган суюлтирилган газ режаси ишлаб чиқилган.Унга кўра, истеъмолчиларга 2022 йилнинг тўртинчи чораги давомида жами 3627 тонна 300 кг, 2023 йилнинг биринчи чораги давомида ҳам 3627 тонна 300 кг, жами 7254 тонна 600 кг суюлтирилган газ етказиш режалаштирилган. Мазкур фонд ҳар бир туман ва шаҳаргаз газ таъминоти бўлимларига истеъмолчи сони ва эҳтиёжи инобатга олинган ҳолда ажратилади ва маиший газ баллонлар ҳам шунга кўра шакллантирилади.

Вилоятда куз-қиш мавсумида суюлтирилган газ етказиш оғир бўладиган 24 та олис ҳудуд мавжуд. Учқудуқ, Томди, Нурота ва Конимех туманларининг мазкур овулларига транспорт ҳаракати қишнинг қировли кунларида бироз мураккаблашади. Шу боис тайёргарлик ҳозирдан бошланиб, суюлтирилган газ ташиш транспорт воситалари техник хавфсизлиги таъминланди. Маиший баллонларнинг яроқли эканлиги назорат қилинмоқда.

Шунингдек, истеъмолчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида «Ҳудудгазтаъминот» АЖ томонидан аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш тартиби янгиланди. Унга кўра, оила аъзолари кўп бўлган ва рўйхатдан ўтган уй хўжаликлари энди белгиланган муддатда ўз ID -карталари орқали бир ойда икки маротаба суюлтирилган газ олишлари мумкин. Аҳолига суюлтирилган газ етказиш жараёнида шулар ҳақида ҳам тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

 

ХАВФСИЗ ТАЪМИНОТ

 

Куз-қиш ҳақида сўз кетса, ташвиш ва талофат сўзлари, албатта, тилга олинади. Зеро, тармоқнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлигида хавфсизлик энг муҳим омил ҳисобланиб, уни таъминлаш фақат истеъмолчининг зиммасида эмас.

Бугун вилоятда 185707 истеъмолчи турли газ жиҳозларидан фойдаланмоқда. Ускуналарнинг хавфсизлиги учун «Ҳудудгаз Навоий» газ таъминоти филиалининг сервис хизматини ривожлантириш бўлими туман ва шаҳарлардаги чилангарлари масъул этиб белгиланган.

Соҳа ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида кўп қаватли уйларда яшовчи истеъмолчиларининг 29 873 та, ҳовли хонадонларида яшайдиганларнинг 82 179 та газ жиҳози техник кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, 1 519 та улгуржи истеъмолчиларнинг газ ускуналари ҳам назорат-тафтишдан ўтказилиб, аниқланган камчиликлар бартараф этилди.

— Аҳоли ва улгуржи истеъмолчиларнинг газ жиҳозларига техник хизмат кўрсатиш учун жами 107 нафар чилангар масъул этиб белгиланган, — дейди филиал бўлим бошлиғи Ойбек Мавлонов. — Улар орасида 8 нафар хотин-қизлар ҳам бор. Маълумки, ҳозирда, аксар истеъмолчилар хонадонларида ва фаолият олиб борувчи объектларида замонавий иситиш жиҳозларидан фойдаланишмоқда. Бундай ускуналарга техник хизмат кўрсатиш учун эса унинг ишлаш тартиби, тузилиши ҳақида маълумотга эга бўлиш зарур. Шу боис чилангарлар яқинда замонавий иситиш газ жиҳозларига техник хизмат кўрсатиш бўйича ўқитилиб, уларнинг амалий ва назарий билимлари оширилди. Ўрганилган тажриба амалиётда татбиқ этилиб, истеъмолчиларимиз хавфсизлиги таъминланмоқда.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, жорий ёз жазирамасида электр таъминотидаги узилишлар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиб, мутасаддилар уларни тармоқларнинг турли босимларга дош бера олмаётгани билан изоҳлашди. Маълум маънода улар ҳақ. Бироқ ёз ўтиб қиш, қиш ўтиб ёз келиши тундан кейин тонг отишидай табиий ҳол. Айтмоқчимизки, ҳар бир мавсумга ўз вақтида пухта ҳозирлик кўриш барча эътирозларнинг олдини олади.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер