Ёшларни гиёҳвандликдан қандай ҳимоя қиламиз?
“Наркотадбиркорлик” ҳар доим ўз нигоҳини шимолий йўналишларга қаратиб, уларнинг Марказий Осиё давлатлари, жумладан Республикамиздан наркотик моддалар транзитида фойдаланишга уринаётганлиги бугун ҳеч кимга сир эмас. Мазкур йўналишда гиёҳвандлик моддаларнинг маълум бир қисми транзит мамлакатларда қолиб, ўз истеъмолчисини ўша ҳудуддан ахтаради. Ачинарлиси, наркобоғлиқликнинг йилдан-йилга яшариб бораётганлигидир. Бунда аниқ рақамларга эътибор қаратсак, уларнинг тўқсон фоиздан ортиғини ёшлар ташкил этади.
— “Тажрибали” гиёҳвандлар биринчи навбатда ўзига тўқ оилалар фарзандларини тузоққа илинтириб, ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат қилади. Бунинг учун биринчи бор “татиб кўриш”га бепул доза беришади. “Хумор”га тушириб олгач, уни “соғиш”ни бошлайди, — дейди Навоий вилояти ИИБ Тезкор Қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси Гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш бўлими бошлиғи Шаҳзод Қодиров. — Оқибатда у ҳам бор мулкидан айрилиб, соғлиғини йўқотиб, бир доза учун ҳар қандай қабиҳликдан қайтмайдиган манқуртга айланади. Агар статистикага эътибор қаратсак, ўғирлик, товламачилик, қотиллик каби оғир жиноятларнинг аксарияти гиёҳванд моддалар таъсири остида ёки гиёҳванд моддалар олиш учун содир этилганлигини кузатиш мумкин.

Дарҳақиқат, гиёҳвандлик атрофдагиларнинг озори. Мамлакатимиз раҳбари жорий йилнинг 27 январида Республикамизда хавфсиз муҳит яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишнинг самарали тизимини шакллантиришга қаратилган танқидий-таҳлилий йиғилишда наркожиноятчиликни давлат ва жамият хавфсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид қилувчи жиноят сифатида қайд этиб, унинг оғир оқибатлари, жамият осойишталигига таҳдид солувчи иллат эканлигини ва гиёҳвандликка қарши курашиш ҳуқуқ тартибот идоралари ёки тиббиёт ходимларининг иши деб эмас, балки кенг жамоатчиликнинг бурчи деб қарамоқ жоизлигини таъкидлади.
— Гиёҳвандлик асорати ҳар қандай давлатда криминоген вазиятни чигаллаштиради, — дея давом этади Ш. Қодиров. — Таҳлилларга кўра, дозага пул топиш учун гиёҳвандларнинг саксон фоиздан ортиғи ўғриликка қўл уришади. Қотилликларнинг 10-15 фоизи гиёҳванд моддалар таъсири остида содир бўлади. Қотиллик, 5-10 фоизи бошқа турдаги жиноятларга қўл уришади. Гиёҳвандлик жиноятини жиловлаш кўплаб жиноятларнинг олдини олишда муҳим омил бўлади. Мазкур йўналишда олиб борилган чоралар ҳамда ўтган йил давомида ўтказилган тезкор қидирув тадбирлари давомида гиёҳвандлик моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жами 456 та жиноий ҳолатлар аниқланди. Уларнинг 170 таси ўтказиш, 142 таси сақлаш, 113 таси етиштириш, 20 таси кучли таъсир қилувчи моддаларни муомалага киритиш, 1 таси эса контрабанда каби жиноятларни ташкил қилади. Аниқланган ҳолатларда жами 20 кг 347 грамм гиёҳванд моддалари 3 742 дона кучли таъсир этувчи моддалар олинди.

Гиёҳвандлик бир киши ёки бир оилага эмас, балки бутун бошли жамиятга ташвиш орттириши билан асоратли. Уни даволашга, соғлом турмуш тарзига қайтаришга бюджетдан ҳар йили миллион-миллионлаб сўм маблағ ажратилади. Шунингдек гиёҳвандлик оқибатида туғилган ногирон фарзанд ҳам бутун умр унинг азобини тортади.
— Наркобоғлиқлик ҳар доим фожиа билан якун топади. Гиёҳвандларнинг учдан бир қисми дозани ошириб юбориш, салкам эллик фоизи эса турли хасталикларни юқтириб олиш оқибатида ҳаётдан кўз юмади, – дейди фахрий нарколог врач Сувон Норов. – Улардан туғилажак фарзандларнинг ҳам қарийб 93-95 фоизи турли нуқсонлар билан дунёга келади.
Албатта, гиёҳвандликни даволашда энг аввало унинг қонинигина эмас, мубталонинг руҳиятини тозалаш лозим. Шундагина у қайтиб бунга қўл урмайди. Тажрибамдан амин бўлганманки, аксарият мубталолар ўтган сафар даволаниб халос бўлдим-ку, зўр бўлса, яна бир сафар даволанарман, деган таскин билан яна “игна”га ўтиришади. Мисол учун Ш. исмли шахс икки бор даволаниб чиққанлигига қарамай яна шу иллатга қўл уриб, шу оралиқда гепатит хасталигининг оғир формасини орттириб олди. Бугун у жигар циррози билан ўлим тўшагида ётибди.

Афсуски, гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланиб, юзлаб оилаларга кулфат келтиришдан фойдаланаётган шахслар ҳам учраб туради. Хусусан, асли карманалик 62 ёшли фуқаро ҳам бугун шундай ҳолатда гумонланмоқда. Оила, яқинлар даврасида ёшларга насиҳат қиладиган ёшдаги отахон жиноятлигини била туриб гиёҳванд модда савдосига қўл урган.
Навоий вилояти ИИБ ТҚХ ходимларининг навбатдаги тезкор тадбири давомида фуқаро мижозига 14.85 грамм марихуаннага ўхшаш моддани келишилган 500 минг сўм пулларга сотаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда қарийб 1 кг 35 грамм целофан пакетларга ўралган марихуанна моддасига ўхшаш модда борлиги тасдиғини топди. Мазкур модда белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республика Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

– Мустақиллигимиз бизга берган инъомларнинг қадрига етган одам бундай ишни қилмайди, — меҳнат фахрийси Самад бобо Бозоров. – Ана ер ва сув нима эксанг эк, даромад ол, деб турган пайтда оилаларга оғу етказиб бераётган, шу билан рўзғорига пул олиб кираётганларни қўни-қўшни билмайдими? Бундай иллатларга нисбатан лоқайдлик ҳам пасткашликдан бўлак нарса эмас.
Гиёҳвандликка қарши курашда барча воситаларни ишга солиш муҳим. Боиси гиёҳванд ҳеч қачон тинч турмайди, туну кун тузоқ тўқийди. Унинг тузоғига эса ёшларнинг илинаётгани ўта ачинарли ҳолат. Қолаверса, наркобоғлиқлик криминоген вазият беқарорлигининг илдизи экан, унинг оқибат ва асоратлари ҳам жамиятнинг ҳеч бир фуқаросини четлаб ўтмайди.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Абдуқодир Ҳусанов яна бир бор «Реал Мадрид»га қарши ўйнайди
- Болалар саратонига қарши кураш: халқаро ҳамкорликдаги муҳим қадам
- Ўзбекистоннинг 7 та моддий ва номоддий маданий мерос объектлари AYSESKO рўйхатига киритилди
- Суперлиганинг 2026 йилги мавсуми бошланмоқда
- Ҳар бурчагида тарих яширинган шаҳар — Лондондан фоторепортаж
- «Реал Мадрид» мағлубиятга учради
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг