Ёшлар учун янги имкониятлар яратилди

16:54 25 Декабрь 2024 Жамият
332 0

Маҳалламизда истиқомат қилувчи 3240 дан ортиқ аҳолининг 821 нафарини ёшлар ташкил этади. Якунланган йилда уюшмаган ёшларни фаоллаштириш борасида бир қатор тадбирларни амалга оширдик. Биргина, бандлик масаласида йил бошида 567 киши норасмий, 4 киши расмий ишсиз сифатида рўйхатга олинганди. Биринчи навбатда, 24 тасига 4,8 гектар ер узоқ йиллик деҳқончилик учун ажратиб берилди. Ҳар бири ўзига ажратилган 20 сотих экинзорда бир контур бир маҳсулот тамойилида иш ташкил этиб, маккажўхори етиштирди. Деҳқон болалари эмасми, барининг иши юришди. Ер эгаларининг даромади 75 миллион сўмгача борди.

Уйчи тажрибасини кенг қўллаган ҳолда имтиёзли кредит, субсидия ажратиш йўли билан ўзини-ўзи банд қилиш амалиётини қўллаб, бир қатор тенгдошларимизни ижтимоий фойдали меҳнатга тортдик. Узоқ вақтдан буён ўзига мос иш топа олмай келаётган Маҳмуджон Иброҳимовга “Бандликка кўмаклашиш жамғармаси” маблағи ҳисобидан мотокультиватор олиб бергандик. Меҳнатини аямай кунига 200-300 минг сўмга етказиб пул топа бошлади. Асадхон Ботиров банкнинг имтиёзли кредити билан хонадонида сим тўр ишлаб чиқариш бўйича бизнесини йўлга қўйди.

Ёшлар орасида иқтидорларни аниқлаш ва улар билан ишлашни устувор ўринга қўйганмиз. Йигит-қизларимизнинг 90 нафари мамлакатимиз ва бошқа давлатлардаги ОТМларда таҳсил олмоқда. Кўпчилиги чет тилларни пухта ўзлаштириб, махсус сертификатни қўлга киритган. Хорижда меҳнат қилаётган ватандошларимиз билан ўрнатилган алоқа орқали муаммолар ечимига яқиндан кўмаклашяпмиз. Спортни оммалаштириш борасида ҳам бир қатор ютуқларга эришдик. Жумладан, жисмоний имконияти чекланган Ҳусниддин Усмонжоновнинг яқинда Таиланднинг Накхон Ратчасима шаҳрида ўтказилган ёшлар ўйинларида пара енгил атлетика ҳамда пара поуверлифтинг бўйича фахрли иккинчи ўринни эгаллаб қайтгани барчани фахрга тўлдирди.

Дониёр АБДУРАҲМОНОВ,

Тўрақўрғон туманидаги Ўрда маҳалласи ёшлар етакчиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?