Ёшлар парламенти: парламент ва ёшлар ўртасида кўприк вазифасини ўтамоқда

06:52 12 Май 2023 Жамият
583 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги Ёшлар парламентининг янги таркибдаги биринчи таъсис йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Қонунчилик палатасининг ёшлар масалалари бўйича комиссияси аъзолари, уч босқичли сайловнинг якуний натижаларига кўра сиёсий партиялар томонидан ғолиб деб топилган 150 нафар ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида ёшларнинг юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этиши учун кўплаб имкониятлар, зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Айниқса, йигит-қизларга сифатли таълим бериш, касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Хусусан, янгича шакл ҳамда мазмундаги Президент мактаблари, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар тизими яратилди. Улар билан ишлашнинг мутлақо янги тизими – “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар дастурлари” ҳаётга самарали татбиқ этилмоқда. Ушбу эзгу ишлар замирада ёш авлоднинг орзу истакларини рўёбга чиқариш, ёшлар учун муносиб ҳаёт шароити яратиш каби улкан мақсад мужассам.

Жорий йил 30 апрель куни мамлакатимиз тарихида умумхалқ референдуми орқали илк бор қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияда ҳам оила, болалар ва ёшлар учун алоҳида боб ажратилгани Ўзбекистоннинг ривожланишидаги янги босқичида ёшлар алоҳида ўрин тутишидан далолат беради.

Ёшларнинг таълим олиши, ижтимоий ва тиббий ҳимояси, уй-жойли бўлиши, бандлиги учун шарт-шароитлар яратиш – давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида киритилгани эътиборга молик. Зеро, Конституциядан ўрин олган янги нормалар ёшларнинг ўз олдига қўйган мурод-мақсадларига етишида, уларнинг келажаги учун мустаҳкам замин ҳозирлашга хизмат қилади.

Йигит-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш ва уларнинг қонун ижодкорлиги жараёнига кенг жалб қилиш мақсадида 2020 йилда Парламентнинг икки палатасида алоҳида Ёшлар парламентлари ташкил этилиб, уларга ҳар томонлама фаол ва ташаббускор ёшлар сайланган эди.

Ўтган давр мобайнида ушбу тузилма ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини юксалтириш, уларни қонун ижодкорлиги жараёнига жалб этиш, янги қабул қилинган қонунларни ёшлар орасига тарғиб қилиш орқали йигит-қизларнинг жамият ҳаётидаги дахлдорлигини кучайтиришга хизмат қиладиган муҳим институт сифатида шаклланди. Энг муҳими, мамлакатимизнинг парламентаризми соҳасида ўз ўрнини топди ва том маънода, парламент ва ёшлар ўртасида кўприк вазифасини ўтамоқда.

Ёшлар парламенти аъзолиги учун ўтган навбатдаги сайлов ҳам эркин рақобат муҳитида ҳамда ҳалоллик тамойили асосида, сиёсий партиялар ўртасидаги қизғин тортишув ва баҳс-мунозаралар шароитида кечди. Натижада турли йўналишларда Ватанга садоқат билан ишлаётган, таълим олаётган, ташаббускор, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга, кенг дунёқараш ва чуқур билим ҳамда лидерлик салоҳиятига эга ўғил-қизлар ушбу тузилмадан жой олди.

Йиғилишда сўз олганлар Ёшлар парламентининг аввалги чақириқдаги аъзолари фаолиятини ижобий баҳолашди. Жумладан, улар томонидан Қонунчилик палатаси кўриб чиқишида бўлган қонун лойиҳалари юзасидан жами 97 та таклиф тайёрланганини, шундан 34 таси эса қонун лойиҳаларини такомиллаштириш жараёнида инобатга олинганини алоҳида қайд этишди.

Шунингдек, ўтган чақириқ давомида ёшлар сиёсати юзасидан қатор ҳокимлик ва вазирлик, идоралар мутасаддиларининг ахборотлари эшитилиб, Республика миқёсида жами 138 та ўрганиш тадбирлари амалга оширилгани мамнуният билан тилга олинди.

Шу билан бирга, юртимизда амалга оширилган ғоят муҳим сиёсий тадбир – конституциявий ислоҳотларнинг барча босқичида Ёшлар парламенти аъзолари фаол иштирок этиб, янгиланган Конституция лойиҳасига бир қатор таклифлар берди.

Биринчи таъсис йиғилишида янги чақириқдаги Ёшлар парламенти ўз фаолиятини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳаётида бўлаётган ўзгаришларга ҳамоҳанг тарзда янада такомиллаштириб бориши, интилувчан, фидоий, ватанпарвар ёшларимизнинг сиёсий фаоллигини таъминлашга хизмат қиладиган платформага айланиши лозимлиги таъкидланди.

Янги таркиб олдида ёш авлод манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини парламентда муҳокама қилиш, ёшларнинг қонун ижодкорлигида иштирокини таъминлаш, бўлажак депутатлар, Сенат аъзолари, сиёсатшуносларни тайёрлаш ва ёшларни ўз мақсадлари ва лойиҳаларини амалга ошириш каби юксак вазифалар тургани уқтирилди.

Бу йилги “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” Давлат дастурида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, ёшларимизнинг баркамол шахс бўлиб вояга етишларини таъминлашга қаратилган кўплаб устувор вазифалар ва мақсадлар белгилангани, уларнинг ҳаётга изчил тадбиқ этилишида Ёшлар парламентининг ўз ўрни бўлиши лозимлиги қайд этилди.

Йиғилиш сўнггида Ёшлар парламенти аъзоларига сиёсий ва ҳуқуқий соҳада эгаллаган билим ҳамда кўникмалари, ҳаётий позицияларини аниқ белгилаб, парламентимизнинг келажакдаги чинакам ворисига айланишига ишонч билдирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер