Ёшлар – Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги, бебаҳо хазинаси

09:15 15 Февраль 2025 Жамият
387 0

Ҳар қандай давлатнинг ривожланиш тарихи шуни кўрсатадики, юртнинг тараққий этиши, муайян ютуқларга эришиши ва халқнинг фаровон ҳаёт кечириши ёш авлод таълим-тарбиясига қаратилган эътибор билан бевосита боғлиқ. Шу боис Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Бугунги кунда мамлакатда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шароит ва имкониятлар яратиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий асос шакллантирилган. Мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар замон талабларига мос равишда такомиллаштирилмоқда. Хусусан, ҳозиргача парламент томонидан ёшларга оид 40 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлса, 30 дан зиёд халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев дунё ёшларининг сони икки миллиарддан ошганини инобатга олган ҳолда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбарида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш таклифини илгари сурди. Ушбу ташаббус халқаро ҳамжамият томонидан илиқ кутиб олинди. Президентнинг бундай қарорга келишининг асосий сабаби – халқаро терроризм ва экстремизм хавфининг ортиб бораётганидир. Шу боис ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш долзарб масала сифатида кун тартибига қўйилган.

Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида илк имзолаган қонун ҳужжати ҳам айнан ёшларга тегишли бўлиб, 2016 йил 14 сентябрда қабул қилинган «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги Қонундир. Бу эса ёшларга оид масалалар мамлакат раҳбариятининг доимий эътибор марказида эканини яна бир бор тасдиқлайди.

Ўзбекистон аҳолисининг ярмидан кўпроғини ёшлар ташкил этади. Шу боис давлат томонидан ёшларга оид сиёсат изчил амалга оширилмоқда. Мамлакатда ёшларнинг интеллектуал ва маънавий жиҳатдан етук бўлиб камол топиши, ўз мустаҳкам ҳаётий позициясига эга бўлиши, ислоҳотларга фаол ҳисса қўшиши, Ватан тараққиёти йўлида садоқат ва фидойилик билан хизмат қилиши учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Зеро, ёш авлоднинг билимли, фидойи ва ватанпарвар бўлиб улғайиши – Ўзбекистонни дунёнинг ривожланган давлатлари қаторидан муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшларга бўлган эътибори ва уларга қаратилган ислоҳотлари мамлакатимизда янги авлод етук кадрларини тайёрлашга, уларнинг ҳаётини яхшилашга қаратилган муҳим қадамлардир. Шу муносабат билан жорий йилнинг 14 февраль куни муҳтарам Президентимиз мамлакатимиз ёшлари билан мулоқот қилди.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, ёшлар халқимиз ва Ватанимизнинг олтин фондидир. Бу фикр нафақат рамзий маъно касб этади, балки реал ҳаётда ҳам ўз аксини топмоқда. Ҳозирда аҳолимизнинг 60 фоизини ёшлар ташкил этаётгани шуни кўрсатадики, мамлакатимиз келажаги айнан уларнинг билимли, маърифатли ва меҳнатсевар бўлишига боғлиқдир.

Ўзбек ёшлари дунёнинг энг нуфузли университетларида таълим олишмоқда. Бугунги кунда 1,5 мингдан зиёд талабамиз чет эл олийгоҳларида таҳсил олаётгани Президент томонидан эътироф этилди. Бу эса таълим тизимига қаратилган эътибор натижасидир.

Сўнгги йилларда ёшларнинг сиёсий жараёнга жалб этилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сенат ва Қонунчилик палатасида Ёшлар парламентининг ташкил этилиши ёшларнинг сиёсий фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда. Натижада, сўнгги сайловларда 250 нафар ёш маҳаллий кенгашларга, икки нафари эса Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланди. Бу эса давлат бошқарувида ёшларнинг иштирок этишига имконият яратмоқда.

Мамлакат кун тартибидаги энг муҳим масалалардан бири – ёшлар бандлигини таъминлашдир. Ҳар йили меҳнат бозорига 600 мингдан ортиқ ёшлар кириб келаётган бир пайтда, 2030 йилга бориб бу кўрсаткич 1 миллион нафарга етиши кутилмоқда. Шу боисдан ёшларни қўллаб-қувватлаш тизими йўлга қўйилди. «Ёшлар дафтари» орқали минглаб ёшлар молиявий ёрдам олишди, тадбиркорликни бошлаш учун имконият яратилди. Ишсизлик даражаси кескин камайиб, ёш тадбиркорлар сони уч баробар ошди.

Олий таълим тизимидаги ислоҳотлар туфайли университетлар сони уч баробар ошди ва қамров 42 фоизга етди. Айниқса, хотин-қизларнинг таълим олишига алоҳида эътибор қаратилиб, контракт пулларининг давлат томонидан қопланиши натижасида қизлар орасида олий таълимга қизиқиш 11 баробар ошди. Давлат раҳбарининг «Битта қизни ўқитсак, бутун оилани ўқитган бўламиз» деган сўзлари бу йўналишдаги ислоҳотларнинг нақадар муҳимлигини кўрсатади.

Умуман олганда, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ёшлар сиёсати мамлакатимиз келажаги учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда. Ёшларнинг таълим олиши, бандлиги, тадбиркорлик билан шуғулланиши, илм-фан ва креатив соҳаларда ўзини намоён қилиши учун барча шароитлар яратилган. Бугунги ёшларга бўлган бундай эътибор, шубҳасиз, келажакда буюк ютуқларга замин ҳозирлайди.

Элдор Шерманов,

Юнус Ражабий номидаги ЎзММСИ ректори в.б.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер