Ёшлар фестивали буюк боболаримиз ҳайкаллари пойига гул қўйишдан бошланди

19:55 11 Июнь 2021 Жамият
408 0

Самарқанд вилоятида “Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!” шиори остидаги ёшлар фестивали бошланди.

Эрта тонгдан Самарқанд шаҳридаги Амир Темур ҳайкали пойига вилоят ДХХ, ИИБ, Миллий гвардия, прокуратура, божхона, ФВБ ходимлари, ҳарбий хизматчилар, фаол талаба ёшлар ҳамда ҳарбий оркестр, фахрий қоровул иштирокида гуллар қўйилди. 

Бир вақтнинг ўзида математик, физик ва астрономлар Мирзо Улуғбек ҳайкали, шоиру ёзувчилар, тилшунос ва адабиётшунослар Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросимларида иштирок этдилар.

Алишер Навоий номидаги Марказий маданият ва истироҳат боғида ёшлар фестивали муносабати билан адабий-бадиий тадбир ташкил этилди. Тадбирда ёшлар ҳам фаол иштирок этди. Самарқанд Давлат университети талабалари ўзларининг адабий-бадиий композицияси билан чиқиш қилди. Ватан ҳақидаги шеърлардан намуналар, қўшиқлар ижро этишди.

Ёшлар фестивали байрамона юриш марафони билан давом этди. 20 мингга яқин йигит-қизлар Регистон майдонидан Университет хиёбони бўйлаб Амир Темур ҳайкали ёнигача ҳаракатланди. Шундан кейин университет хиёбони марказида фестивалнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ёшлар фестивали доирасида веломарафон ҳам ташкил этилди. Регистон майдонидан бошланган велосипедчилар мусобақасида ёшлар Шоҳи Зинда мажмуаси, Улуғбек расадхонаси ва Абу Али Ибн Сино кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб, яна Регистон майдонида тўпланишди.

2 минг нафарга яқин йигит-қизлар орасидан 10 километр масофани босиб ўтиб, маррага биринчилардан бўлиб келган 6 нафар иштирокчига диплом ва велосипед топширилди.

Фестиваль кун тартибидан Футбол мусобақалари, “Қувноқлар ва зукколар” кўрик-танлови, “Ўзбек миллий рақслари”, “Шарқ халқлари рақслари ”, “Балет рақслари” кўрик-танловлари каби ўнлаб тадбирлар жой олган.

Эслатиб ўтамиз, мазкур фестивал 11-13 июнь кунлари вилоят бўйлаб давом этиши режалаштирилган.

Абдулазиз Йўлдошев

"Халқ сўзи"

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?