Ёшлар — эртамиз эгалари, келажагимиз бунёдкорлари!

07:23 27 Ноябрь 2021 Маданият
3762 0

Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлатимиз раҳбари раҳнамолигида ташаббускор ва иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларнинг истеъдодини намоён этишлари, пухта билим олишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.

Бу эса ёш авлод вакилларида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан дахлдорлик туйғусини янада оширяпти, десак, муболаға бўлмайди.

Жорий йилнинг ноябрь — декабрь ойларида Ўзбекистон бўйлаб, «Ёшлар ойлиги» деб белгиланиши ҳамда мазкур ойлик доирасида кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар, спорт фестиваллари, кўргазмалар ўтказиш режалаштирилгани ҳам бежиз эмас, албатта. Бунинг асл моҳияти ёшларнинг жамият равнақи ва Ватан тараққиётидаги иштироки ҳамда фаоллигини ошириш билан бевосита боғлиқ.

Жумладан, «Ёшлар ойлиги» доирасида «Ёшлар спорт фестивали», «Интеллектуал лойиҳалар фестивали», «Ёшлар маданият ва санъат фестивали», «Анъанавийлик ва замонавийлик» мода ва дизайн кўргазмалари, «Тажриба ва маҳорат», «Тошкент ҳарбий ватанпарварлик фестивали» каби тадбирлар ўтказилмоқда.

Ана шундай тадбирлар бизнинг 269-умумтаълим мактабимизда ҳам юқори савияда ташкил этилмоқда.

«Янги Ўзбекистон ёшлари — 2021» шиори остида ташкил этилаётган тадбирлар доирасида ўқувчилар фаоллигида саҳналаштирилган театр ва спектакллар намойишлари, мусиқий чиқишлар, миллий либослар кўргазмаси, интеллектуал ўйинлар мусобақаси ва бошқа тадбирлар ўтказиляпти. Эътиборлиси, ушбу тадбирларда мактабимиз ўқувчилари жуда фаол иштирок этаётир.

Тадбирлардан кўзланган мақсад — ўқувчи-ёшларни илм-фанга қизиқишни янада кучайтириш, улар ўртасида ижод, маданият ҳамда санъатни тарғиб қилиш, спортни ривожлантириш, бир сўз билан айтганда, ёшларнинг жамиятда муносиб ўрин топишларига кўмаклашишдан иборатдир.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, таълим масканимизда олиб борилаётган кенг қамровли тарғибот тадбирлари Президентимиз томонидан илгари сурилган ва бугунги кунда ҳаётга изчил татбиқ этиб келинаётган 5 муҳим ташаббус доирасидаги саъй-ҳаракатлар мазмун-моҳиятига ҳамоҳанг, десак, муболаға эмас. Бу эса биз, мактаб ўқитувчиларини, қолаверса, ёшларни Ватан равнақи йўлида бирлашиб, улкан марраларни забт этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шуни ишонч билан айта оламанки, бундан кейин ҳам маънавий-маърифий ишларни янада такомиллаштириш, ёшларни ҳар томонлама етук инсонлар этиб тарбиялаш, ўқувчиларга пухта билим бериш ва бунинг учун мактабимизда барча зарур шарт-шароитларни яратиб бериш — бизнинг бош мақсадимиз бўлиб қолаверади.

Зеро, ёшлар — эртамиз эгалари, келажагимиз бунёдкорлари экан, улар тарбиясида асло танаффус бўлмаслиги лозим.

Дилдора МАРДОНОВА,

Сергели тумани 269-умумтаълим мактаби

Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер