Ёшлар билан ишлашда “Қувасой тажрибаси” яратилади

17:20 29 Январь 2024 Жамият
237 0

Маълумки, шу кунларда давлатимиз раҳбари топшириғи асосида Фарғона вилоятида Республика ишчи гуруҳи томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, вилоятнинг Қувасой шаҳрида ёшлар билан ишлаш йўналишида “Қувасой тажрибаси”ни яратиш мақсадида бир қатор тадбирлар ташкил этилди.

Дастлаб “Жасорат” лойиҳаси доирасида юриш марафони ўтказилди. Асосан навқирон авлод вакилларидан иборат вилоят “Қалқон” жамоатчилик гуруҳи аъзолари жалб этилган тадбирда турли ёш тоифасидаги қувасойликлар ҳам фаоллик кўрсатишди.

Шунингдек, шу куни “Ватанпарвар” ташкилоти шаҳар ўқув спорт-техника клуби махсус автомобиллари иштирокида кўргазмали чиқишлар намойиш этилди. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида “Қалқон” жамоатчилик гуруҳи аъзолари ўртасида спорт мусобақалари бўлиб ўтди. Тош кўтариш, арқон тортиш”, армрестлинг мусобақаларида 31 та МФЙдан таклиф этилган йигит-қиз ўз имкониятларини синовдан ўтказишди.

— “Жасорат” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирлар “Қувасой тажрибаси” сифатида республика миқёсида оммалаштирилиши мақсад қилингани қувонарлидир, — дейди Қувасой шаҳар Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи Акбаржон Муротов. — Ҳозирги кунда 100 нафардан зиёд қувасойлик ёшлар “Қалқон” жамоатчилик гуруҳи аъзоси ҳисобланади. Бугунги тадбир уларнинг сафини янада кенгайтириш ҳамда фаоллигини оширишга хизмат қилади.

“Ҳувайдо” МФЙдаги спорт мажмуасида давом этган тадбирда Республика ишчи гуруҳи аъзолари томонидан ёшлар масалалари ва муаммоларини ўрганиш жараёнида аниқланган кўмакка муҳтож йигит-қизларга ёрдам кўрсатилди. Шу тариқа 4 нафар ёшга тикув машиналари ҳамда мотокултиваторлар берилди. “Ёшлар дафтари”га киритилган 44 нафар талабага тўлов-контрактларини тўлаш учун сертификатлар топширилди.

Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер