Ёш ўзбек олималарининг китоби дунёнинг етти тилида нашр этилди

01:14 21 Октябр 2023 Жамият
239 0

Фото: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"

Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда юртимизда таълим тизимининг барча бўғинида ҳаётбахш ислоҳотлар амалга оширилиб, баркамол авлод орзуси йўлида салмоқли ютуқларга эришилмоқда. Бунда жаҳоннинг нуфузли олий таълим муассасалари билан фаол ҳамкорлик йўлга қўйилиб, ўзаро тажриба алмашиш, илмий ишларни биргаликда бажариш, инновацион ғояларни ҳаётга татбиқ қилиш бўйича барча шарт-шароит яратилаётгани муҳим аҳамият касб этаётир.

Ана шундай ислоҳотларнинг самараси мамлакатимизда теран билим ва дунёқарашга эга, замонавий ахборот технологиялари ҳамда хорижий тилларни мукаммал ўзлаштирган рақобатдош мутахассислар сафи тобора кенгайиб бораётганида ўз ифодасини топаётир. Шу билан бир қаторда, олий таълим муассасаларининг рейтинг кўрсаткичлари, профессор-ўқитувчилар ва ёш олимларимизнинг илмий салоҳияти юксалмоқда. Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг бу борадаги ютуқлари халқаро илмий жамоатчилик томонидан ижобий баҳоланаётгани, яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, илм-фан соҳасида улкан натижаларни қўлга киритаётган ёш олимлар сафи кенгайиб бораётгани янада қувонарлидир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби докторанти (Dsс), иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Дилнавоз Абдиева ва Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Маркетинг кафедраси доценти в.б., иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Диёра Усмонова ҳам иқтисодиёт соҳасида илмий изланишлар олиб бориб, ютуқлари нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам тан олинаётган истеъдодли ёш олималаримиздан ҳисобланади.

Яқинда бу ёш олималаримизнинг “Тикув-трикотаж маҳсулотлари экспортида маркетинг тадқиқотлари” деб номланган монографияси Буюк Британиянинг нуфузли “Globe Edit” академик нашриёти томонидан дунёнинг етти тилида нашр этилди. Эслатиб ўтамиз, мазкур нашриёт ўз маҳсулотларини халқаро матбаа бозорида 80 мингта китоб савдо шохобчаси ҳамда 3 мингдан ортиқ интернет-дўконларда тақдим қилади.

Ўқув-қўлланмада бугунги кунда мазкур соҳада иқтисодиёт илмининг муҳим йўналишлари сирасига кирувчи маркетинг, менежмент, рақамли иқтисодиёт, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш, меҳнат ресурслари ва мутахассислар салоҳиятидан унумли фойдаланиш борасида муаллифларнинг илмий-амалий тажрибаларига асосланган фикрлари берилган.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизнинг яқин истиқболга мўлжалланган Тараққиёт стратегияси, “Рақамли иқтисодиёт — 2030” стратегияси, қолаверса, иқтисодиёт тармоқларини замонавий мезонлар асосида модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, илм-фан ютуқлари, инновация ғояларини амалиётга кенг татбиқ этишга қаратилган изчил саъй-ҳаракатлар доирасида барча муҳим йўналишни ислоҳ этиш кўзда тутилган. Бу эса, ўз навбатида, миллий ва халқаро тажрибани ўзаро интеграция қилиш, назария ва амалиёт соҳасидаги билимларни уйғунлаштиришни тақозо этади. Ўш олималаримизнинг ушбу ўқув-қўлланмаси ана шундай эзгу мақсадга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Монография “Экспорт фаолиятида маркетинг концепциясининг илмий-назарий асослари”, “Тикув-трикотаж маҳсулотлари экспортида маркетинг фаолияти таҳлили” ва “Маркетинг ёндашуви асосида тикув-трикотаж маҳсулотлари экспорти самарадорлигини оширишнинг асосий йўналишлари” номли уч йирик бобдан иборат. Уларда тикув-трикотаж маҳсулотлари экспортида юртимизда ва хорижда кечаётган иқтисодий жараёнлар, илм-фанда урфга кираётган тенденциялар, илмий ишланмалар теран нигоҳ билан очиб берилган. Сир эмаски, Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар жараёнида тўқимачилик саноати ва унинг таркибидаги тикув-трикотаж тармоғини ривожлантиришга катта аҳамият қаратилмоқда. Шу нуқтаи назардан, монографияда мазкур тармоқда ислоҳотларни самарали амалга оширишда ҳудудий пахта-тўқимачилик кластерларини ташкил этиш, халқаро сифат стандартларига мос маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳамда уларни экспорт қилишда маркетинг тадқиқотларини олиб бориш, бозорларни сегментлаш орқали улардан истиқболлиларини танлаш муҳимлиги илмий асосланган. Олималаримизнинг ўқув-қўлланмасида тикув-трикотаж маҳсулотлари экспортида маркетинг стратегиясини ишлаб чиқиш, унинг самарадорлигини ошириш бўйича илмий изланишларнинг натижалари ва хулосалари ўз ифодасини топган. Яна бир эътиборли жиҳати, аниқ таҳлиллар ва шу асосда келиб чиққан хулосалар китобнинг нафақат ушбу соҳада таълим олаётган ёшлар, балки мазкур тармоқда фаолият олиб бораётган мутахассис ва кадрлар учун ҳам аҳамиятини оширади.

Ишонамизки, ёш олималаримизнинг мазкур китобидан талабалар, профессор-ўқитувчилар, иқтисодиёт тармоқларида фаолият олиб борувчи мутахассислар ҳамда шу соҳага қизиқувчилар муҳим қўлланма сифатида фойдаланади. Истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ва илмий ишлар жараёнида унда келтирилган фикрлар, амалий таклиф ва тавсиялар қўл келади. Айни чоғда ёш олималаримизнинг бу ютуғи тинимсиз меҳнат ҳамда аниқ мақсад йўлида доимо изланишда бўлган тенгдошларига ибрат намунаси ҳамдир.
Шаҳноза ЭРГАШХОДЖАЕВА,
ТДИУ Маркетинг кафедраси мудири,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер