«Ёриқ» маҳалласидаги ёруғ хонадон

17:58 23 Октябр 2025 Жамият
282 0

Қуёш юртимизда йилнинг 310 кунида ҳам чарақлайди. Мадҳиямиз ҳам «серқуёш» деган сўз билан бошланади. Нега тайёр қуёш нурини увол қилишимиз керак? Ахир, 310 кунлик қуёш нури жуда катта миқдорда қуёш энергияси дегани-ку. Муҳими, беминнат.

Ўрта Чирчиқдаги «Ёриқ» маҳалласи Шарифжон Узоқов кўчасида жойлашган 48-уйда яшовчи Шаҳбоз Сотиболдиев қуёш панели ўрнатувчи хусусий корхонада электрик бўлиб ишлайди. У мазкур корхонада иш бошлагач, шу йилнинг августида ўз хонадонига қуёш панели ўрнатди. Оилада олти жон яшайди. Уйда иккита телевизор, битта музлатгич, микротўлқинли печ ва бошқа маиший жиҳозлар бор. Буларнинг барчаси электр энергияси эвазига ишлайди, албатта. Дарвоқе, жон бошига ўртача биттадан замонавий телефон ҳисобда борлигини ҳам унутмаслик керак. Ҳали ёритиш ва бошқа мақсадлар учун сарфланадиган энергия бу ҳисобга қўшилмади. Алалхусус, бир ойда ўртача 250-300 кВт электр энергияси сарфланар, шунча кВт энергия учун ҳақ тўланади.

– Ёз кунлари ҳар суткада 10 соатгача, қиш мавсумида эса 8 соатгача қуёш нур сочади. Бу оиламизнинг бир кунлик электр энергияси сарфи учун бир неча баравар кўп қувват манбаи деганидир, – дейди Шаҳбоз Сотиболдиев. – Шунинг ҳисоб-китобини олган ҳолда хонадонимизга соатига 3 кВт энергия ишлаб чиқарувчи қуёш панелини ўрнатдик.

Хонадон соҳиби учун ушбу қуёш панелини ўрнатиш умумий ҳисобда 18 миллион сўм харажат талаб қилди. Қуёш панели ўрнатилиб, туман электр тармоқлари корхонасида рўйхатдан ўтказилгач, Шаҳбоз Сотиболдиев август ва сентябрь ойларида электр энергияси учун тўловни умуман амалга оширмади. Бундан кейин ҳам чироқ учун тўлов қилиши даргумон. Чунки бунинг учун эҳтиёж қолмаганди. Эндиликда чироғи ўчмайдиган мазкур хонадон эгаси электр энергиясини марказий таъминотга топширмоқда. Бунинг ҳисобига хонадон ҳисобдонида маблағ тўпланиб бормоқда.

2023 йилда республикамизда аҳоли хонадонларига кичик қувватли қуёш панеллари ўрнатилишини рағбатлантириш бўйича «Қуёшли хонадон» дастури амалга оширила бошланганди. Мазкур дастур асосида мамлакатимизда 36,6 мингта аҳоли хонадонларида умумий қуввати 182,1 мВт бўлган қуёш панелларини ўрнатилди.

Мамлакатимизнинг қуёш энергияси салоҳияти йилига 51 миллиард тонна нефть эквивалентига, шамол энергияси салоҳияти йилига 360 миллион тонна нефть эквивалентига, гидроэнергия салоҳияти 1,8 миллион тонна нефть эквивалентига тенглиги инобатга олинса, энг тежамкор энергия манбаси қуёш нурилиги аён бўлади.

– «Ёриқ» маҳалласидаги 13 та хонадон ва маҳалла идорасига қуёш панели ўрнатилган, – дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси Рустам Ҳошимов. – Бу хонадонлар мисолида ёриқликлар «Қуёшли хонадон» дастури одамларнинг нафақат уйларига, балки кўнгилларига ҳам ёруғлик олиб кираётганининг амалий ифодасига гувоҳ бўлмоқда. Маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Дониёр Аязов саъй-ҳаракати билан ҳудудимизда қуёшли хонадонлар кўпайиши кутилмоқда.

Айтганча, Шаҳбоз Сотиболдиев яқинда қуёш панели учун махсус аккумулятор харид қилмоқчи. Шунда қуёш панели орқали олинган электр энергиясини жамғариб бориш имконига эга бўлади. Бунинг учун юртимизда имконият ва шароит мавжуд.

Отабек ИСРОИЛОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?