Ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги махсус ваколатли органнинг ваколатлари кенгаймоқда

10:48 19 Декабрь 2025 Сиёсат
106 0

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Сенатнинг ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ёнғинларнинг олдини олиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда ёнғинларнинг олдини олиш ҳамда ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги давлат назоратини такомиллаштириш борасида кенг кўламли чоралар кўрилмоқда. Бунда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини ишончли ҳимоя қилиш га алоҳида эътибор берилиб, бу борада яхлит ёнғин хавфсизлиги тизимини яратиш ишлари амалга оширилмоқда.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Ёнғинларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни кучайтириш билан бир қаторда ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш зарурати ҳам мавжуд.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Ушбу Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилишини ҳамда “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонунга давлат ёнғин назорати органларининг ваколатлари аниқлаштирилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар ва қўшимча киритилмоқда.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Хусусан, “Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддаси тўлдирилмоқда. Жумладан, Фавқулодда вазиятлар вазирлигига ёнғинлар билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг ҳамда аҳолининг ҳаётига ва соғлиғига бошқача тарзда муқаррар хавф пайдо бўлишининг олди олиниши муносабати билан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қонунчиликда белгиланган тартибда тўхтатиб туриш ваколати берилмоқда.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Сенаторларнинг фикрича, мазкур Қонун ёнғинларнинг олдини олишга, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун ҳуқуқий таъсир чоралари янада самарали қўлланилишини таъминлашга хизмат қилади.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Сенаторлар Қонунни маъқуллади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?