Ёлғон хабар тарқатганлик учун жавобгарлик кучайтирилади

11:00 17 Декабрь 2020 Сиёсат
2318 0

Бугун ахборот асрида яшаяпмиз. Қўлимиздаги телефон орқали дунёнинг исталган бурчагида рўй берган хуш-нохуш воқеадан ўша заҳотиёқ хабардор бўлиш имконига эгамиз. Албатта, бу яхши, аммо кейинги пайтларда зўравонлик, шафқатсизлик тўғрисидаги материаллар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётгани кўнгилни ғаш қилади.

Ваҳоланки, ахборот тўғрисидаги барча қонун ҳужжатларида зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилиш қатъий тақиқланган. Хусусан, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасида оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш, шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланиши белгилаб қўйилган.

«Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 15-моддасида эса давлатнинг ахборот борасидаги хавфсизлигини таъминлашнинг йўлларидан бири сифатида зўравонликни, шафқатсизликни тарғиб қилувчи ғояларни ўз ичига олган ахборот тарқатилишига қарши ҳаракатлар қилиш эканлиги мустаҳкамланган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида кўриб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасида ҳам бундай ҳаракатлар учун жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси долзарб, ишончли ва жамият учун муҳим бўлган ахборотни эркин тарқатиш жараёнларига кўмак берадиган амалий ҳуқуқий механизмларни яратиш, оммавий ахборот воситалари эркинлиги ҳамда журналистларнинг профессионал фаолиятининг ҳимояси тўғрисидаги қонунчиликни ҳимоясини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли ҳисобланади.

Унга биноан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи ахборотни оммавий ахборот воситалари, телекоммуникация ёки Интернет тармоқларига жойлаштирганлик учун жавобгарликни белгилаш назарда тутилмоқда. Қолаверса, бундай ҳаракатлар учун жарима миқдорини ошириш, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан тўрт юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса юз бараваридан тўрт юз эллик бараваригача миқдорда жарима солиш ҳақидаги меъёрни киритиш таклиф этилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳати шуки, мазкур ҳужжат билан шахснинг қадр-қимматини камситувчи, уни обрўсизлантиришга қаратилган ёлғон ахборотни ишончли маълумот кўринишида била туриб телекоммуникация, интернет тармоқларига жойлаштирганлик учун маъмурий жавобгарлик ҳам назарда тутиляпти. Бундай ўзгаришлар албатта, жамиятда юзага келаётган турли кўнгилсиз ҳолатларни олдини олишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, порнографик, зўравонлик ва шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотлар кишининг хулқ-атворига салбий таъсир этиб, ёш авлоднинг ахлоқий ва ҳуқуқий онги бузилишига сабаб бўлади. Лекин шунга қарамай, ушбу маҳсулотларни ОАВ, телекоммуникация ёки Интернет тармоқлари орқали тарқатиш ҳоллари афсуски, кўпаймоқда.

Шу жиҳатдан, порнографик, зўравонликни ёки шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотларни тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш мақсадида тайёрлаш ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, уни реклама қилиш, тарқатиш ҳамда ОАВ, телекоммуникация ёки Интернет тармоқларига жойлаштириш учун ҳам жавобгарлик белгиланмоқда. Ўз навбатида, бу борадаги ҳуқуқбузарлик учун жазо чораси ҳам кучайтирилаётир.

Хулоса қилиб айтганда, қонунчиликда ёлғон ва нотўғри маълумот тарқатганлик учун жавобгарлик бор. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши эса миллий ОАВ ва журналистларнинг профессионал фаолияти учун янги самарали механизмларни яратишга имкон беради. Энг муҳими, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари тўғрисидаги маълумотларни эркин олишлари ҳамда уларнинг фаолиятига аралашмаслик бўйича қўшимча кафолатларни яратади.

Ботирбек ТЎРАЗОДА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер