Яшил водород лойиҳаси рўёбга чиқарилди

11:23 03 Июль 2024 Жамият
301 0

Темур ЭШБОЕВ«Халқ сўзи». Кармана туманидаги Фарҳод маҳалласининг 1 минг 300 метр квадратлик ҳудудида Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан 1 миллиард 395 миллион сўмга молиялаштирилган тескари осмос технологияси асосида сув фильтрларини ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди. Ушбу қуёш энергияси орқали сувни молекуляр даражада тозалайдиган «Innovation water filters» инновацион сув фильтрлари ишлаб чиқариш лойиҳаси туфайли 11та янги ишчи ўрни яратилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти талабига кўра, эркак киши учун кунлик ичимлик сувига бўлган талаб 3,7 литр, аёл киши учун 2,7 литр, ёш болалар учун эса ўртача 1,8 литр этиб белгиланган. 500 литр қувватга эга бўлган ушбу сув фильтри бир кунда 18 соат ишлаган ҳолда 900 та хўжаликни кунлик ичимлик суви билан таъминлайди.

Бундан ташқари, томчилаб суғориш тизими ўрнатилган иссиқхона хўжаликларида 1 гектар майдонни суғориш учун соатига 2 минг литр тоза сув ишлаб чиқарадиган тескари осмос технологияси асосида сув фильтри керак бўлади. Тескари осмос технологияли сув фильтрларидан иссиқхона хўжаликларида фойдаланишнинг самараси ҳосилдорликни 30-35 фоизга ошириб, вегетация даврини 20-30 фоизга қисқартиради. Тупроқнинг шўрланиши ва эрозияга учраши, минерал ўғитлар сарфи 4-5 бараварга камайишини таъминлайди.

— Асосий мақсад тескари осмос технологияси асосида сув фильтрларини Навоий вилояти ҳудудида ишлаб чиқаришни ташкил этишдан иборат, — дейди лойиҳа раҳбари Соҳиб Жумаев. — Вазирлик томонидан ажратилган маблағлар ҳисобидан хорижда ишлаб чиқарилган замонавий асбоб-ускуналар ва эҳтиёт қисмлар харид қилдик. Ҳозирда жамиятда соатига 250 литрдан 100 минг литргача тоза сув ишлаб чиқариш қувватига эга тескари осмос технологияси асосида сув фильтрларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бир ойда 48-50 тагача сув тозаловчи ускуна ишлаб чиқарилади. Корхона томонидан техник хизмат кўрсатиш ташкил қилинди. Буюртмачи ташкилотлар, иссиқхоналарга сув фильтрлари ўрнатиш билан бирга, уларга техник хизмат ҳам кўрсатилади. Келажакда республикамизнинг барча ҳудудларида сув фильтрларига хизмат кўрсатувчи сервис марказлари очиш, йирик ташкилотлар билан сув фильтрлари соҳасида ҳамкорлик фаолиятини йўлга қўйиш ниятимиз бор.

2022—2024 йиллар мобайнида «Innovation water filters» масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий майдони 75 гектар бўлган жами 30 дан ортиқ иссиқхона хўжаликларига тескари осмос сув фильтрлари ўрнатиб берилди. Ўрнатилган сув фильтрларининг умумий қуввати 150 куб метр соатни ташкил этади. Шунингдек, ушбу даврда буюртмачиларга қуввати 500 литрдан 10 минг литргача бўлган 260 дона сув фильтри етказиб берилди.

Шунингдек, «Ҳар бир оила тадбиркор» лойиҳаси доирасида ажратилган кредит маблағлари эвазига якка тадбиркорлик субъектларига тескари осмос технологияси асосидаги сув фильтрлари етказиб берилиб, 128 та оилада тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш имконияти яратилди. Бундай сув фильтрлари маиший хўжалик ва ичимлик сувини тозалашга мўлжалланган. Яъни, ер остидаги ҳамда шўр сувни тозалайди. Бу тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжни қаноатлантиради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер