Яшил маконларни яратишда якранглик эмас, ранг-баранглик зарур
Фото: Халқ сўзи
Эътибор берган бўлсангиз, юртимизда игнабарглилар сирасига кирувчи дарахтларнинг баъзи турлари бу йилги қиш қаҳратонига дош беролмади. Уларнинг сарғайиб, қовжираб қолган ҳолатларини бугун кўплаб манзилларда кўриш мумкин. Билмадик, мамлакат бўйича совуқ урган бундай дарахтлар сони нечта экан? Лекин шуниси маълумки, арча кўчатлари бошқа ниҳолларга нисбатан анча қиммат, яъни энг паст нархи 20 минг сўмдан кам эмас.
Тўғри, игнабарглилар йил давомида кислород тарқатиб, ҳаводаги зарарли гардларни йўқотиши билан анча фойдали. Лекин сўнгги ўн йилми ё ундан кўп вақт бўлдими, яшиллик яратишда асосан шу наботот турини экишга зўр берилдики, қаерга қараманг ва борманг, бир хил манзарани кўрасиз: йўл четида ҳам, офислар ҳовлисида ҳам, мактаблару турар-жой остоналарида ҳам - ҳамма ёқда арчалар. Қишин-ёзин бир тус.
Яқинда xs.uz сайтида айни мавзуда бир хабар эълон қилинди. Унда шундай дейилади: «Швециянинг Готҳенбург университети тадқиқотчилари маҳаллий ботаника боғидаги дендропаркда бир жойда ўсадиган ўн бир хил дарахтнинг баргларини йиғиб, қайси моддаларни тутиб қолганини таҳлил қилишди. «Бизнинг таҳлилларимиз шуни кўрсатдики, турли турдаги дарахтлар ҳар хил ҳавони ифлословчи моддаларни ўзлаштириш қобилиятига эга. Игнабаргли дарахтлар одатда баргли дарахтларга қараганда газсимон политциклик ароматик углеводородларни кўпроқ ўзлаштиради. Игнабаргли дарахтларнинг яна бир афзаллиги шуки, улар қишда, одатда ҳаво ифлосланиши энг юқори бўлган пайтда ҳаво тозалагич сифатида ишлайди», дейди тадқиқот муаллифларидан бири Женни Клингберг.
Бироқ баргли дарахтлар каттароқ сирт майдондаги ҳаводан заррачаларни олиб ташлашда сезиларли даражада яхши кўрсаткичга эга экан. Олимлар тадқиқот натижаларидан келиб чиқиб, ҳавони янада самарали тозалаш учун шаҳарсозликда ҳар хил турдаги дарахтларни бирлаштиришни тавсия этишмоқда», дея хулоса қилинади мазкур хабарда.
Демак, шаҳар яшиллиги ва, умуман, яшил маконлар яратишда ранг-барангликнинг ҳар жиҳатдан фойдаси катта эканини олимлар ҳам тасдиқламоқда. Игнабарглилар ҳам керак, лекин юқоридаги айтганимиздек, яшил макон яратишда уларга асосий дарахт сифатида қараш нафақат ландшафт бир хиллигига олиб келади, балки экотизим барқарорлигига ҳам зиён келтиради. Дейлик, қушлар деярли уларга уя қурмайди, паррандаю даррандалар, ҳашаротларга бой озуқа манбаси бўлолмайди. Эман ёки шумтолдек кенг-мўл ва оромижон соя ҳам бермайди. Чаман бўлиб гуллаб, кўклам завқини бермайди: тўрт фаслда ҳам деярли ўзгармайди.
Аммо асло ушбу фикрларимиз билан игнабаргли дарахтлар керак эмас, деган хулосани илгари сурмаяпмиз. Аниқроғи, «Яшил макон» лойиҳаси доирасида яратилаётган боғларимиз, хиёбону дарахтзорларимиз ҳар жиҳатдан фойдали, кўркам ва файзли бўлса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Йўл четларидаги яшилликларнинг олд қаторини манзарали, кейинги қаторларни мевали қилган ва қилаётганларнинг бу ишидан ўткан-кетган завқланади, ҳам ердан самарали фойдаланилиб, инсон тугул қушлару қурт-қумурқалар учун ҳам ризқ яратилади. Юқорида айтганимиздек, экотизим равон ишлайди. Қолаверса, шакл беришда йиғилиб қоладиган шох-шаббалар анча-мунча ўтин ҳам бўлади. Тўкилган барглар эса ўғит.
Нима бўлганида ҳам, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси туфайли юртимизда яшиллик яратишга бўлган иштиёқ ва бу борада бажарилаётган ишлар кучайгани эътирофга лойиқ. Фақат бу борада ранг-барангликка эътибор берсак, ҳам гўзаллик, ҳам файзу барака яратамиз.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг