«Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси энди Туркий давлатлар ташкилоти даражасига ҳам ташаббус сифатида олиб чиқилади

18:33 10 Ноябрь 2022 Жамият
1049 0

Фото: Халқ сўзи

Бу ҳақида Туркий давлатлар ташкилотининг биринчи саммити доирасида ўтказилган навбатдаги брифингда Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Нарзулло Обломурадов томонидан эълон қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсатида иқлим ўзгаришлари, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йилнинг ноябрь ойида Туркия Республикасида бўлиб ўтган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитидаги иштироки давомида ҳам қатор экологик муаммоларга эътибор қаратган эди.

Жумладан, ҳозирги пайтда дунёда иқлим ўзгаришларига қарши курашиш ва экологик муаммоларни ечиш ҳамда «яшил иқтисодиёт»га ўтиш тобора ўткир заруратга айланаётгани алоҳида таъкидланди.

Орол денгизининг қуриши каби глобал экологик фожианинг салбий оқибатларини юмшатиш ва экологик муаммоларни бартараф этиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликда Туркий мамлакатларнинг атроф-муҳит муҳофазаси бўйича тузилмасини тузиш ташаббуси илгари сурилди. Айни пайтда бу йўналишда амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Хусусан, ушбу тузилманинг концепцияси ишлаб чиқилган бўлиб, унинг муҳокамаси Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар билан биргаликда амалга оширилмоқда.

Марказий Осиёда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш борасида ҳам қўшни давлатлар билан тенг манфаатли ҳамкорлик алоқалари жадал ривожланмоқда. Жумладан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида Сирдарё сув ҳавзаси сифати ва атроф-муҳит муҳофазаси бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳамкорлик доирасида мунтазам равишда Сирдарё дарёсининг тегишли қисмларида икки томонлама қўшма мониторинг тадбирлари олиб борилмоқда.

Шу билан бирга минтақа мамлакатларида баланд тоғ экотизимларини сақлаб қолиш, шунингдек, йўқолиб кетиш хавфи остида турган қор қоплони ва экотизимни сақлаш бўйича глобал дастур - GSLEP амалга ошириляпти.

GSLEP дастури баланд тоғ тизмалари экотизимлари ҳамда ноёб турдаги қор қоплони тарқалиши ареали бўйича бой табиий муҳитга эга бўлган мамлакатлар қаторида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонни қамраб олади.

Жорий йилда Давлат экология қўмитаси ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик жамияти ўртасида умумий қиймати 10 миллион еврога тенг бўлган «Марказий Осиёда иқлим хатарларини бошқариш» грант лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида битим имзоланди. Ушбу лойиҳа минтақавий характерга эга бўлиб, 2022 – 2026 йиллар давомида Қозоғистон, Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркманистонда амалга оширилиши режалаштирилган.

Лойиҳанинг асосий мақсади иқлим ўзгариши, хусусан, Орол денгизи қуриши оқибатида иқлим билан боғлиқ хавф-хатарларни бошқаришда минтақавий ҳамкорликни янада кучайтиришдан иборат.

Бундан ташқари Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон томонидан «Мўътадил минтақадаги Турон чўллари» минтақавий табиат объектини ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон табиий мероси объектлари рўйхатига киритиш ишлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда айтиш керакки, Ўзбекистонда экологик муаммоларни юмшатиш, атроф-муҳитни асраш борасида изчил чора-тадбирлар амалга ошириляпти. 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепцияси тасдиқлангани ҳамда Оролбўйи ҳудудида сўнгги йилларда амалга оширилаётган иқтисодий-ижтимоий ва экологик ўзгаришларни алоҳида эътироф этиш зарур.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2019 – 2022 йилларда Орол денгизининг қуриган тубида жами 1 миллион 732 минг гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликлари экилиб, яшил қопламалар ҳудуди 2 миллион гектардан оширилди.

Бу борадаги ишлар келгуси йилларда ҳам тизимли равишда ҳаётга татбиқ этилиши белгилаб олинган. Хусусан, Орол денгизининг қуриган тубида 2023 – 2026 йилларда яна 400 минг гектар майдонда «яшил қопламалар» яратиш режалаштирилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 2021 йилда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасига старт берилди.Унинг доирасида 2021 йил куз мавсумида 85 миллион, 2022 йил баҳор мавсумида эса 126 миллион дона кўчатлар экилди.

Жорий йил куз мавсумида лойиҳа доирасида ҳар бир туман ва шаҳарлар кесимида манзилли дастурлар ишлаб чиқилиб, 75 миллион дона кўчатлар экилиши режалаштирилган. Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кузги кўчат экиш бўйича «Долзарб 40 кунлик» тадбирлари давом этмоқда.

— Бунинг аҳамиятини янада теранроқ тасаввур қилишимиз учун қуйидаги рақамни келтирмоқчиман: юртимиздаги 10 мингга яқин маҳаллаларда мавсум давомида, яъни 40 кун мобайнида 75 миллионта кўчат экилади, — дейди Давлат экология қўмитаси раиси Нарзулло Обломурадов. — Бу бир кунда 1 миллион 875 мингта кўчат ўтқазилади, деганидир. Бошқача айтганда ҳар бир маҳаллага бир кунда ўртача 7 500 тадан ниҳол қадалади.

Туркий давлатлар ташкилотига аъзо ва кузатувчи мақомидаги қардош мамлакатлар билан экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ўзаро тенг манфаатли муносабатларни йўлга қўйиш масалалари келгусидаги фаолиятимизнинг устувор жиҳатларидан саналади. Бу борада қилиниши лозим бўлган мақсад ва вазифаларимиз кўлами анча салмоқли.Шуни таъкидлаш ўринлики, Президентимиз бошчилигида мамлакатимизда амалга оширилаётган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси энди Туркий давлатлар ташкилоти даражасига ҳам ташаббус сифатида олиб чиқилмоқда. Хусусан, эртага – 11 ноябрь куни Туркий давлатлар ташкилоти Самарқанд саммити доирасида ташкилотга аъзо ва кузатувчи мақомидаги мамлакатлар давлат раҳбарлари иштирокида Регистон майдонида кўчат экиш тадбири ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, Туркий давлатлар ташкилотига аъзо бўлган Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда кузатувчи мақомига эга бўлган Венгрия ва Туркманистон давлатлари пойтахтларида ҳам бир вақтнинг ўзида кўчат экиш тадбирлари уюштирилади. Хусусан, Озарбайжонда 11 ноябрь куни 111 минг 111 та дарахт кўчати ўтқазилиши режалаштирилмоқда.

Ушбу тадбирлар иқлим ўзгаришларига қарши курашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш бўйича амалий саъй-ҳаракатлар бўлиб, ўзаро ҳамкорликдаги экологик ташаббусларнинг ёрқин намунасидир.

Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер