«Яшил макон»: статистика эмас, сифат муҳим бўлиши керак

12:50 15 Апрель 2025 Жамият
101 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Бугунги кунда нафақат юртимизда, балки бутун дунёда экологик барқарорликни таъминлаш, она табиат софлиги ва ўсимликлар оламини асраш энг муҳим ҳаётий ҳақиқатга айлангани ҳеч кимга сир эмас. Сайёрамизда кузатилаётган турли табиий офатлар ҳам инсон ва табиат тақдири ўзаро уйғун эканлигидан яққол далолат бермоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бундан тўрт йил олдин ҳаётга татбиқ этилган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ҳар йили баҳор ва куз фаслида дарахт кўчатлари, гул ниҳоллари экиш яхши анъана сифатида тобора кенг қулоч ёзиб бораётгани барчамизни беҳад қувонтиради.

Айтиш жоиз, мамлакатимизда ҳар йили 200 миллион туп дарахт ва бута экилиб, яшиллик миқёсини 2030 йилгача 30 фоизга етказиш белгиланган. Шу маънода, «яшил тараққиёт» стратегияси мамлакатимизнинг устувор йўналишлари сирасига киради. Бу борада «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили» сифатида эълон қилинган жорий йилда ҳам кенг кўламли саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани эътиборга лойиқ.

Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг расмий сайтидаги yashilmakon.eco – «Яшил макон» дарахтлар ҳисобини юритиш ягона электрон платформаси маълумотига қараганда, Фарғона вилоятида 2024 йилнинг баҳорги ва кузги мавсумида 16 миллион туп янги кўчатлар экилди. 2025 йил баҳорида эса 10,5 миллион тупдан ортиқ кўчатлар экилишига эришилди. Ҳозирда ягона платформага киритиш ишлари давом этаётгани сабабли бу рақам янада ошади.

«Менинг боғим» лойиҳаси бўйича ўнлаб ташаббусларни амалга ошириш чоралари кўрилаётган бўлса, вилоятдаги йирик саноат корхоналари ҳудудида 405 минг тупга яқин манзарали дарахтлар экилди. Шунингдек, чиқинди полигонларида «яшил белбоғ»лар яратиш мақсадида 27,5 минг туп янги ниҳоллар ўтқазилди.

Шу билан бирга, жорий йилнинг кузида яна 6,5 миллион туп ниҳол ўтқазиш режалаштирилган. Умуман олганда, мазкур платформада берилган ҳисоботларга кўра, умуммиллий лойиҳа доирасида 2022 йилдан буён Фарғона вилоятида 65 миллион тупга яқин кўчатлар экилиши таъминланди.

Албатта, бу рақамлар ортида катта меҳнат, ташаббус, вилоят аҳлининг яратувчанлик ва бунёдкорлик салоҳияти намоён бўлади. Дарҳақиқат, вилоятдаги барча йўллар, қаровсиз ва ташландиқ ерлар, кўчалар ва далалар чети, корхона ва муассасалар ҳудудлари йилдан йилга обод бўлиб, яшилликка бурканиб бораётгани қувонарли. Натижада шаҳар-туманлар, маҳаллалар, аҳоли хонадонлари ва меҳнат жамоаларида кўкаламзорлаштирилган яшил майдонлар кенгайди. Энг муҳими ва асосийси, ҳамюртларимизнинг табиатга муносабати, экологик маданияти юксалиб бормоқда.

Аммо бу жараёнда кўзга ташланаётган муаммолар ҳам йўқ эмас. Президентимиз раҳбарлиги ўтган йилнинг 29 март ва 21 октябрь кунлари ўтказилган «Яшил макон» лойиҳаси доирасидаги ишлар сарҳисоби бўйича видеоселектор йиғилишида камчиликлар рўй-рост айтилди. Хусусан, дарахт экишни оммалаштириш бўйича ташаббус ва тарғибот етишмаётгани, бу ишга илм-фан ютуқлари асосида янгича ёндашувларни жорий этишдаги нуқсонлар таъкидлаб ўтилган эди.

— Ҳақиқатан ҳам бундай камчиликлар борлигидан асло кўз юмиб бўлмайди, — дейди Фарғона вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси шўба бошлиғи Жамшид Алишеров. — Мисол учун, биргина ўтган йилнинг ўзида янги экилган дарахт кўчатларининг қуриб қолиш ҳолати бўйича 60 нафардан зиёд масъулларга маъмурий чора кўрилди.

Бу йил бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун мавсум олдидан вилоят бўйлаб амалий семинарлар ташкил этилиб, илмий-услубий қўлланмалар тарқатилди. Маҳаллий иқлим шароитига мос, сувсизликка чидамли дарахт кўчатлари экиш борасида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилди. Айни пайтда янги ниҳоллар парвариши, қаровсизликдан қуриб қолишининг олдини олиш бўйича мунтазам равишда ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Яширишга не ҳожат, ҳали-ҳамон кўчат экиш ва парваришлашда сусткашликка йўл қўйиш, лоқайдлик, сифат эмас, қуруқ статистика ва рақамлар ортидан қувиш ҳолатлари учраб турибди. Шу сабабли катта автомагистраль йўллари четига бетартиб ва ҳафсаласизлик билан экилган, кейин ўз ҳолига ташлаб қўйилган, суғориш тизими яхши йўлга қўйилмаганлиги учун қуриб қолган ниҳолларни учратиш мумкин. Яшил майдонлар яратилган айрим ҳудудлар ободончилигига эътибор йўқлиги учун ёш ниҳоллар япроқ ёзишга улгурмай сўлиб қолади. Янги ниҳоллар атрофидаги чиқинди ва ахлат уюмлари яшиллик оламининг бўғзидан бўғаётганга ўхшайди.

Ўрганишлар жараёнида Бувайда, Фурқат, Фарғона тумани, Фарғона шаҳрининг маҳаллалари ҳудудидан ўтган автомобиль йўллари четидаги бир неча жойларда ана шундай кўнгилсиз ҳолатга гувоҳ бўлдик. Аслида вилоят бўйлаб кўздан, таъбир жоиз бўлса, кўнгилдан панада қолаётган бу каби манзиллар рўйхатини яна узоқ давом эттириш мумкин.

Мухтасар айтганда, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси халқимизнинг соғлом ҳаёти, табиат мусаффолиги, юртимизнинг яшил бўстонлари кенгайиши учун амалиётга жорий этилган. Демак, барчамизнинг тақдиримизга дахлдор ушбу масалада фақат маҳаллий ҳокимлик ёки экология соҳаси масъуллари эмас, кенг жамоатчилик, маҳалла нуронийлари ва ёшлар, ҳар биримиз жараёндаги бурч ҳамда масъулиятимизни теран ҳис этишимиз зарур.

Зеро, дарахтларнинг шунчаки ҳисобот учун экилгани эмас, кўкаргани ҳисоб ва фойдали. Бугун яхши ният, умид билан она заминга қадалган ҳар бир ниҳол кўкка бўй чўзиши учун барчамиз масъул эканлигимизни унутмайлик...

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?