Янгиқўрғондаги мактаб хорижий тилларни ўргатиш бўйича намуна кўрсатмоқда

15:25 14 Август 2025 Жамият
245 0

Янгиқўрғон туманининг “Юксалиш” маҳалласида жойлашган 10-умумтаълим мактабида уч мингга яқин ўқувчи таҳсил олади. Бу мактабда асосий фанлар қатори инглиз ва немис тилларини ўқитишга ҳам алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Айни мақсадда тил ўргатишнинг замонавий воситалари – компьютер, овоз кучайтиргич, интерфаол доска ва бошқа электрон жиҳозлар жамланган махсус синф хонаси имкониятларидан кенг фойдаланилаётир. Тугалланган ўқув йили якунлари билан таълим даргоҳининг 50 нафар ўқувчиси IELTS сертификатини қўлга киритиб, олий ўқув юртига кириш имтиёзларига эга бўлди.

— Давлатимиз раҳбари соврини учун ўтказилган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” республика танловида биринчи ўринни эгаллаганимиз айни йўналишдаги катта ютуғимиз бўлди, — дейди 10-умумтаълим мактаби директори Азиза Асқарова. — Ўқувчиларимиз танловдаги муваффақиятли иштирок учун 500 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди. Бунга қўшимча равишда уларга Буюк Британияга таълим саёҳати йўлланмаси ҳам тақдим этилди.

Айтиш лозимки, қишлоқ мактабидаги намунали таҳсил натижаси битирувчилар катта қисмининг олий ўқув юртларига қабул қилинишида ҳам яққол кўринади. Биргина жорий йилнинг ўзида улар сони 90 нафарни ташкил этиб, талабаликка эришгани бунинг тасдиғидир.

Маълумот учун, хорижий тилларни ўқитиш бўйича ўтказиб келинаётган юқоридаги нуфузли танловда Наманган вилояти вакиллари мунтазам фахрли ўринларни қўлга киритиб келишмоқда. Улар сафида янгиқўрғонликлардан ташқари вилоят марказидаги 7- умумтаълим мактаби, Чортоқ туманидаги 53- умумтаълим мактаби жамоалари бор.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи».                                                                

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер