Марказий Осиё олималари янги минтақавий платформа тузишга келишиб олди: Тошкентда «SheScience 2025» форумининг Қўшма баёноти қабул қилинди (+фоторепортаж)

17:13 27 Ноябрь 2025 Жамият
104 0

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Бугун, 27 ноябрь куни Тошкентда биринчи марта «SheScience 2025» Марказий Осиё олималари форуми бўлиб ўтди. Тадбирнинг асосий натижаси сифатида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган Қўшма баёнот қабул қилинди. Унда Марказий Осиё мамлакатларининг илмий ва инновацион экотизимларини интеграциялаш, илм-фан соҳасида олима аёллар иштирокини кенгайтириш ҳамда қўшма тадқиқотларни ривожлантиришга оид устувор йўналишлар белгилаб берилган.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

«SheScience 2025: минтақавий тараққиётни илмий ва инновацион экотизимлар орқали қўллаб-қувватлаш» шиори остида ўтган форумда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Озарбайжондан 60 дан ортиқ олималар ва тадқиқотчи аёллар иштирок этди. Қўшма баённомада келгусидаги ҳамкорликнинг бешта асосий йўналиши, шунингдек, минтақанинг умумий муаммоларини самарали ҳал қилишга қаратилган барқарор илмий экотизимларни шакллантириш белгиланди. Ҳужжат ҳар йили мазкур форумни навбатма-навбат ўтказиш учун ҳам асос яратади.

Таъкидланишича, экологик хавфлар, рақамли трансформация ва сунъий интеллектни жорий этиш билан боғлиқ глобал муаммолар шароитида тизимли ҳамкорликнинг аҳамияти янада ортмоқда.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Шаҳло Турдикулова очилиш маросими ва якуний ҳужжат муҳокамасида сўзга чиқар экан, қуйидаги фикрларни билдирди:

«Бугун биз Марказий Осиё минтақасини ривожлантириш учун илм-фан салоҳиятидан фойдаланишга ишонч, бирдамлик ва умумий истак асосида минтақавий илмий интеграциянинг янги форматини яратмоқдамиз. «SheScience» форуми олима аёллар нафақат билим алмашадиган, балки янги тадқиқот йўналишлари, консорциумлар ва ташаббусларни шакллантирадиган платформага айланмоқда. Бизнинг қўшма баёнотимиз шунчаки декларацияси эмас, балки биргаликда амалга оширадиган ўзгаришлар учун амалий йўл харитасидир».

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»
Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Форум Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси томонидан Жаҳон фанлар академияси (TWAS), Ривожланаётган мамлакатларда фан соҳасидаги аёллар ташкилоти (OWSD), Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда ташкил этилди. Халқаро ҳамкорлар минтақадаги мамлакатларга Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги (CAREC), Европа Иттифоқининг «Horizon Europe» тадқиқот ва инновациялар доиравий дастури, Европа Иттифоқининг Erasmus+ академик мобиллик дастури ва бошқа халқаро илмий молиялаштириш воситалари каби дастурларда иштирок этиш имкониятларини тақдим этди.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»
Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Қозоғистон Республикаси номидан қатнашган академик Зарема Шаукенова «Илмий ва инновацион экотизимларни интеграциялаш орқали минтақавий ривожланиш учун тўсиқлар ва имкониятлар» сессиясида маъруза қилиб, Марказий Осиё мамлакатларининг изоляция қилинган тадқиқот ташаббусларидан тизимли минтақавий ҳамкорликка ўтишининг муҳимлигини таъкидлади. У илмий ёндашувларнинг бирлиги, қўшма тадқиқотлар ва таълим дастурларини мувофиқлаштириш инсон капиталини ривожлантиришни сезиларли даражада тезлаштириши ва минтақанинг илмий унумдорлигини ошириши мумкинлигини таъкидлади. Унинг фикрича, илмий саъй-ҳаракатларни бирлаштириш Марказий Осиё мамлакатларига ўзларининг рақобатбардош устунликларини ривожлантириш ва глобал илмий кун тартибида фаолроқ иштирок этиш имконини беради.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Форум доирасида замонавий фан ва инновацияларнинг долзарб йўналишлари муҳокама қилинди, жумладан:

  • • Марказий Осиё мамлакатларида илмий ва инновацион экотизимларни интеграциялаш;
  • • Сунъий интеллектни ривожлантириш ва тадқиқотларда қўллаш;
  • • Илмий коммуникация ва фанга жамоатчилик ишончи;
  • • «Яшил» ва иқлимга чидамли ечимлар;
  • • Энергия самарадорлиги ва қайта тикланадиган энергия;
  • • Фанни тижоратлаштириш ва академик тадбиркорлик;
  • • Чегаралараро илмий консорциумлар ва инновацион стартаплар.

Олима аёллар ўз мамлакатлари тажрибасидан мисоллар келтириб, минтақавий ҳамкорлик салоҳиятини намоён этувчи тадқиқотлар ва лойиҳаларни тақдим этди.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Эксперт дастури доирасидаги асосий тақдимотлардан бири Қирғизистон Миллий фанлар академияси вакили Зууракан Каденованинг «Сунъий интеллект келажак илмининг калити сифатида» мавзусидаги маърузаси бўлди. У ўз чиқишида рақамли ечимларни жорий этишни тезлаштирадиган ва Марказий Осиё мамлакатларининг илмий рақобатбардошлигини мустаҳкамлайдиган қўшма маълумотлар платформалари, сунъий интеллект мутахассислари учун ўқув дастурлари ва фанлараро тадқиқот лойиҳаларини яратиш зарурлигини таъкидлади.

Фото: Юнус Бўриев/«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер