Янгиланган Конституция орзу-ҳавас, мақсадлар билан яшаш туйғусини инъом этди

13:32 26 Ноябрь 2024 Жамият
199 0

Бугун мен сингари оддий халқ вакилидан Конституциямиз ҳақида сўрасангиз, ишончим комил, камида унинг 50-60 фоиз мазмунини ёддан гапириб беролади. Буни у ўқиб-ўргангани ёки эшитганидан эмас, айнан ҳаётида содир бўлаётган ижобий ўзгаришлар мисолида билади.

Бундан 32 йил олдин Ўзбекистон Республикасида тарихий воқеа содир бўлган эди. Биз ўтган давр мобайнида эрк нима, демократия нималигини англадик.

Янги Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳрири 2023 йил 1 майдан эътиборан кучга кирди. У шунчаки ўзгартиб қўйилмади, очиқ майдонда зиёлилардан тортиб, оддий инсонгача бўлган кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама қилинди, фикр-таклифлар олинди. Шундан сўнггина инсон шаъни, қадр-қиммати ва ҳуқуқларининг мустаҳкам кафолати бўла оладиган, анча “тўлишган” Янги Ўзбекистонимизнинг янги таҳриридаги Конституцияси ишлаб чиқилди.

Бугун мен уни “Конституция давлат суверенитетининг бош мезони, мамлакатнинг бугуни ва эртанги кунининг йўлини ёритиб турувчи ўзига хос маёқ, манзилдан адашиб қолганда, тўғри йўлни топиб олишга ёрдам берувчи йўлчи юлдуз” сингари шоирона сўзлар билан таърифламайман. Мен сингари ногиронларни ҳаётга қайтарган, яшашга иштиёқини оширган, жамиятга қўшган, сўнган умидларини алангалата олган, ўзига ишончини орттирган, қўлидан иш кела олишини исботлашларига имконият берган, мулкдор қилган куч сифатида эътирофлайман.

Янгиланган Конституциямизда Ўзбекистон бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат экани 1-моддадаёқ акс эттирилди. Ўзини ижтимоий давлат деб эълон қилган, ҳар бир фуқаросига муносиб турмуш кечириши учун шарт-шароит яратиш мажбуриятини олган мамлакатнинг қарори қатъий экани ўтган қисқа вақтда қуруқ сўзда эмас, амалда исботини топмоқда.

Ижтимоий адолат, энг заиф қатламлар учун ҳам сифатли таълим ва кафолатланган тиббиёт, ишлаётган самарали ижтимоий ҳимоя дастурлари, камбағалликни бартараф этишдаги чора-тадбирлар, имконияти чекланган ва кўмакка муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлашдаги каби ишларни кўряпмиз, бундай ғамхўрликлардан баҳраманд бўляпмиз.

Оилада икки нафар фарзандмиз — опам ва мен. Аслида биз яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг қурбонлари бўлдик. Мен 1-гуруҳ, опам эса 2-гуруҳ ногирони. Яратган берган ҳар бир гўзал тонгни севаман, ҳар бир кунимни мазмунли ўтказишга ҳаракат қиламан. Бировга юк бўлишни, қарамликни истамайман. Биргина истак билан эса мақсадга эришиб бўлмас экан.

Конституцияда ваъда қилинган мақсадлар, Юртбошимизнинг ғамхўрлиги, қолаверса, вилоят мутасаддиларининг топшириқларни бекаму кўст адо этишлари эвазига жамиятда тўлақонли иштирок этиш имкониятига эга бўлдик.

Илгари “пайнет” шохобчасида ишлаб, амал-тақал қозонимиз қайнар эди. Ўзимга бўлган ишонч, интилиш бўлса-да, қўлимиз калталигидан бирор иш қилишга ожиз эдим. Олдинига электромотороллер топширишди. Томорқамнинг бир сотих майдонида иссиқхона қуриб бердилар. Кам-кўстимизни тўлдиришди.

Электромотороллер ҳар куни рўзғоримизга 100-150 минг сўм олиб кирмоқда. Бозорда кимдир ун олади, бошқа биров ем-хашак, бозор-ўчар қилади. Шуларни уйига элтиб бераман.

Иссиқхонада редиска, помидор, бодринг экиб, яхшигина даромад топяпман. Инсонда иштиёқ бўлса, ҳамма нарсани уддалайди. Экин-текинларга ёлғиз ўзим ишлов бераман. Опам “пайнет”да ишлаяпти. Кечки маҳал уни уйга олиб келаман.

Яратганга шукур, рўзғоримиз бут, турмушимиз фаровон. Оғилда 4 та қўчқор, 2 та новвос бўрдоқиликка боқяпман. Ҳукуматимиз нафақа пулини ўз вақтида етказяпти. Даромадларимизни жамлаб, келгуси йил опам билан иккаламиз учун шароит қилиш мақсадида уйимизни қайта қурмоқчиман.

Бугун севимли машғулотимиз, даромадимиз бор. Орзу-ҳавас, мақсадлар билан яшаяпмиз. Демак, биз бахтлимиз. Аслида ҳеч кимга қарам, боқиманда эмаслигимизнинг ўзи катта бахт. Бугун биз имконияти чекланган эмас, аксинча, имконияти кенгайган жамиятнинг тўлақонли аъзоларимиз. Янгиланган Конституция бизга ана шундай бахтни инъом этди.

Сирожиддин ТОҒАЕВ

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?