Янгиланган Конституция – маданий ва маънавий меросимиз ҳимоячиси

Конституция ҳар бир давлат тараққиётининг пойдевори бўлган ҳуқуқий, сиёсий ва мафкуравий ҳужжат – мамлакатнинг Асосий қонуни ҳисобланади. Конституциямиз 1992 йилда қабул қилинганидан буён киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга диққат қаратсак, уларнинг қарийб барчаси давлат ва жамият қурилиши, жумладан, парламент, Президент, ҳукумат фаолияти, сайлов тизими, маҳаллий бошқарув, суд ва бошқа органлар фаолиятига тааллуқли бўлганини кузатиш мумкин.
Мустақил Ўзбекистон тарихида илк маротаба Конституцияга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар референдум йўли билан ҳал қилинди. Бу, биринчи навбатда, мамлакатимиз демократик ислоҳотларни амалга оширишда янгича ва халқаро стандартларга мос механизмларни қўллаётганидан далолат берса, иккинчидан, муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган «Халқ – қонунларнинг ягона манбаи ва муаллифидир» ҳамда «Барча муҳим қарорлар бевосита халқ билан мулоқот асосида ва жамоатчилик фикрини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади», деган тамойилларнинг амалий исботи эканини тасдиқлайди.
Янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясидаги ўзгаришлар халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги эзгу орзу-умидлари ва интилишларини қамраб олгани, «ижтимоий давлат» тушунчасини ҳар томонлама мустаҳкамлагани сабабидан ҳам референдумда иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи уларни ёқлаб овоз берди десак, хато бўлмайди.
Референдум натижаларидан кейин Бош қонунимиз моддалари амалдаги 128 тадан 155 тага, нормалари эса 275 тадан 434 тага кўпайди. Шу тариқа унинг 65 фоизи халқимиз таклифлари асосида янгиланди.
Ўз навбатида, Конституцияга киритилган нормаларнинг ярмидан кўпи инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш ва механизмларини мустаҳкамлашга қаратилгани, давлатнинг халқимиз олдидаги мажбурияти 3 баробарга ошганини алоҳида қайд этиш жоиз.
Янги Конституцияда оила институти, болалар ва ёшларнинг ҳуқуқ манфаатларига урғу берилгани, барча ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал этилиши, давлат томонидан ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши учун шароит яратилишининг кафолатланиши бутун халқимизни, айниқса, зиёлиларни қувонтирди.
Яна бир жиҳат. Конституциямизда маданият соҳасига алоҳида аҳамият берилган. Биз буни преамбула – муқаддимаданоқ сезамиз. Муқаддимада Бош Қомусимиз «давлатчилигимиз ривожининг уч минг йилдан зиёд тарихий тажрибасига, шунингдек жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий меросига таяниб» Ўзбекистоннинг ягона халқи томонидан эълон қилингани қайд этилган.
Конституциямизнинг ИХ боби Иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ҳуқуқлар деб номланиб, бундай тоифадаги ҳуқуқлар биринчи марта Асосий қонунда ўз аксини топди. 53-моддада ҳар кимга илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланиши, интеллектуал мулк қонун билан муҳофаза қилиниши, давлат жамиятнинг маданий, илмий ва техникавий ривожланиши ҳақида ғамхўрлик қилиши каби, 57-моддада эса давлат ногиронлиги бўлган шахсларнинг фақатгина иқтисодий-ижтимоий соҳалар хизматлари ва объектларидан эмас, балки маданий соҳа хизматларидан ҳам тўлақонли фойдаланиши учун шароит яратиши ҳақида нормалар ўрин олди. Юқорида саналганларда фуқароларнинг ҳуқуқлари акс этган бўлса, 61-моддада фуқароларнинг бурчи сифатида Ўзбекистон халқининг тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий меросини асраб-авайлаши шартлиги ҳамда тарихий, маънавий, маданий, илмий ва табиий мерос давлат томонидан муҳофаза қилиниши келтириб ўтилган.
Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда биров яратган ижодий маҳсулотни ўзиники қилиб эълон қилиш ёки муаллиф рухсатисиз унинг санъат асаридан фойдаланиш каби нохуш ҳолатлар кўпайиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз. Ваҳоланки, бу қонунчиликда интеллектуал мулк ҳуқуқини бузиш деганидир. Эндиликда эса Конституциямизга киритилган янги нормага мувофиқ, интеллектуал мулкнинг ҳимояси қатъий тарзда кучайтирилади. Натижада плагиатнинг олди олинади, жамиятда бировнинг меҳнатини қадрлаш туйғуси янада кучайтирилади.
Мамлакатимизда 1 млнга яқин ногиронлиги бор шахс истиқомат қилади. Уларнинг театр ва музейлар, ахборот-кутубхона марказларига, маданият саройларига кириши, у ердаги тадбирларда тенг имкониятларда иштирок этиши учун қулай шароитлар яратилиши Бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда 8210 та моддий маданий мерос кўчмас мулк объекти давлат муҳофазасига олинган. Улардан 4788 таси археология, 2265 таси архитектура объекти, 625 таси монументал санъат асари ҳамда 530 таси диққатга сазовор жойлар ҳисобланади. Маданий мерос объектларида амалга оширилаётган таъмирлаш ишлари давомида буюртмачи ташкилотлар томонидан объектларнинг тарихий ва бадиий қимматига жуда кўп миқдорда зарар етказиш ҳолатларига эндиликда жиддий жавобгарлик белгилангани айни муддаодир.
Давлатимиз томонидан келгуси авлодга бебаҳо табиий бойликларимиз билан биргаликда миллий маданий меросимизни ҳам соф, бус-бутун етказиш, асраб-авайлаш борасида жиддий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан мақом ва бахшичилик санъатини илмий асосда ўрганиш ва ривожлантириш кучайтирилиб, мақом, катта ашула, бахшичилик, атлас ва адрас, кулолчилик ва заргарлик каби анъаналарни давом эттирадиган мактаблар яратилмоқда. Фарғона, Бухоро, Хоразм вилоятларида мақом санъатига, Сурхондарё вилоятида бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган мактаб-интернатларнинг, Қарши шаҳрида заргарлик, Риштон туманида кулолчилик мактабларининг ташкил этилиши ва уларга ҳар тарафлама ёрдам берилаётгани сўзимиз тасдиғидир.
Конституциямизга киритилган янги – Оила, болалар ва ёшлар бобида давлат қуйидагиларни ўз зиммасига олгани соҳамиз ривожида ниҳоятда муҳимдир:
1) боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, унинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш (78-модда);
2) болаларда ҳамда ёшларда миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқликни, мамлакатидан ҳамда халқнинг бой маданий меросидан фахрланишни, ватанпарварлик ва Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантириш тўғрисида ғамхўрлик қилиш (78-модда);
3) ёшларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий, экологик ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлайди, уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштирок этишини рағбатлантириш (79-модда).
Муҳтарам Президентимиз 2023 йилнинг 22 декабрида бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ҳар бир туманда саҳнали зал, кутубхона, кинозал ва тўгарак хоналари бўлган биттадан маданият маркази фаолияти йўлга қўйилади. Жойлардаги 600 дан зиёд бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг моддий-техник базасини яхшилаш бўйича дастур қабул қилиниб, бунга 100 миллиард сўм йўналтирилиши, юртимизнинг кўҳна тарихига бағишланган 18 та археология ёдгорлиги очиқ осмон остидаги музейга айлантирилиши, «Тирик тарих» туркумида Ватанимизнинг шонли ўтмишига бағишланган фильмлар яратиш дастури ишлаб чиқилишини эълон қилган эди. Буларнинг барчаси замирида Ватанидан, миллатидан, ўз тарихидан фахрланадиган авлодни вояга етказишдек шарафли вазифа турибди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Янги Конституция юртимизнинг маданий ва маънавий меросини ҳимоя қилишда асос вазифасини ўташи билан қадрлидир.
Элдор Шерманов,
Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий
мусиқа санъати институти ректори в.в.б.,
педагогика фанлари бўйича PhD, доцент
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг