Янгиланаётган жараёнда янада фаол бўламиз
Юрт тобора кўркамлашиб боравергани сайин одамлар ҳам фаровон яшашга интилади. Фаровонлик эса халқимизнинг бахти, саодатидир. Бинобарин, мамлакатимизда кенг миқёсда амалга оширилаётган ҳаётий ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳам одамларни ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашига эришишга қаратилган. Изчил ислоҳотлар эса Тошкент вилоятида ҳам ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Шу жиҳатдан мамнуният билан айтиш жоизки, Президентимизнинг вилоятимизга бу галги ташрифи жуда катта ўзгариш ҳамда янгиланишларга асос бўлди.
Айниқса, давлатимиз раҳбари томонидан Ангрен, Олмалиқ, Оҳангарон шаҳарлари, Пискент ва Оҳангарон туманларининг вилоят саноатидаги улуши 50 фоизни ташкил қилиши, улар ёнма-ён жойлашган бўлиб, хомашё захираси жуда бойлиги боис бу шаҳар ва туманларда ишлаб чиқаришни кооперация ва кластер асосида ташкил этиш учун мутлақо янги тизим — «саноат учбурчаги» дастури амалга оширилиши айтилгани бизни жуда мамнун этди.
Энди бу корхоналар ўртасидаги ҳамкорлик янгича шаклда давом этади. Бу эса янги иш ўринлари очилишига, ишга чанқоқ ёш мутахассисларнинг ўз имкониятларини рўёбга чиқаришига имконият яратади. Маҳалламизда йил бошида 57 нафар ишсиз бўлса, ҳозирги кунда уларнинг 47 нафари бандлиги таъминланди. Йил охирига қадар маҳалламиз ишсизликдан ҳоли ҳудудга айланади. Бинобарин, халқимизда «Ишли одам — бахтли одам» деган пурмаъно ҳикмат бор. Бу бугун нафақат ҳаётимиз балки одамлар дунёқараши ўзгариб бораётгани, келажакка, юрт истиқболига ишончи юксалаётгани мисолида ўзининг исботини топмоқда.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан камбағалликни қисқартириш масалалари таҳлил қилиниб, «Камбағалликдан фаровонлик сари» дастури доирасида келаси йили вилоятимизда 116 минг аҳолини камбағалликдан олиб чиқиш режалаштирилгани айтилди. Бу — умумхалқ ҳаракати бўлиб, унга ҳар бир киши ўзининг ҳиссасини қўшиши кераклиги таъкидланди. Йиғилишда маҳалламиз еттилиги тўлиқ иштирок этиб, бу масала бўйича ўзларига тегишли хулосалар чиқаришди.
Маҳалламизда 2045 нафар аҳоли истиқомат қилади ва улар 755 та оилани ташкил этади. Шулардан ҳозирги кунда 54 та оила камбағал ҳисобланади. Президентимиз йиғилишда таъкидлаганидек, камбағалликдан чиқариш учун энг аввало боқимандаликни бартараф этиш лозим. Бундан ташқари учрашувда Тошкент вилояти кенг индустрия имкониятларига эга экани боис, хорижий инвестициялар ҳажмини ошириш ва экспортни кўпайтириш орқали янги иш ўринларини кўпайтириш мумкинлиги ҳақида айтиб ўтилди.
Вилоятимиз аҳли Президентимиз ташрифи якунларини таҳлил қилиб, белгилаб берилган вазифалар ва ишлаб чиқилган лойиҳалар ҳудуд ҳаётини янада ривожлантиришда муҳим дастуриламал бўлишига ишончи юксалмоқда.
Шоҳруҳ УСМОНОВ,
Тошкент вилоятининг Оҳангарон шаҳридаги «Адолат» маҳалла фуқаролар йиғини раиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг