Янгиланаётган Бош қомусимиз моҳияти хорижлик экспертлар нигоҳида
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида хорижий экспертлар иштирокида “Конституциявий ислоҳотларнинг мазмуни ва моҳияти: янги Ўзбекистон — янгиланаётган Конституция” мавзуида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, халқаро экспертлар, олимлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирни Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов кириш сўзи билан очди ва Ўзбекистон жуда катта сиёсий, тарихий жараён остонасида тургани, мамлакат Конституцияси илк бор референдум орқали қабул қилинаётганини эътироф этиб, конституциявий ислоҳотнинг ўзига хос хусусиятлари, бу борада олиб борилган ишлар тўғрисида қисқача тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда эришилган ютуқлар — иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари, одил судлов, сўз ва эътиқод эркинлиги, ижтимоий ҳимоя соҳаларидаги юзлаб чекловларнинг олиб ташлангани, нақд пул, валюта, кредит масалаларидаги муаммолар ҳал қилингани ортга қайтмасликнинг конституциявий кафолатини таъминлаш ҳамда амалдаги Конституциямизни такомиллаштиришни тақозо этди.
Бу ютуқлар, ҳуқуқ ва эркинликлардан нафақат ҳозирги, балки келажак авлодларимиз ҳам эмин-эркин фойдаланиши учун, уларни, албатта, Конституцияда муҳрлаб қўйиш талаб этилаётганди.
Халқаро давра суҳбати иштирокчилари алоҳида қайд этганидек, янгиланаётган Конституция матни бир гуруҳ олим, мутахассислар томонидан эмас, балки халқнинг, кенг жамоатчиликнинг таклифи ва фикри асосида ишлаб чиқилди. Конституциявий ислоҳотларнинг дастлабки икки босқичида халқнинг фикри, таклифлари ўрганилди ва шу асосда Бош қомус лойиҳаси тайёрлангани Янги Ўзбекистонни қуриш ғояси атрофида бутун жамият жипслашгани, Бош қомусимиз том маънода халқ Конституцияси бўлаётганидан далолат беради.
Янгиланаётган Конституциямизда мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёти, халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат сифатида Ўзбекистон “суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” эканлиги ҳамда ушбу принципиал қоидаларни ўзгартириш мумкин эмаслиги алоҳида белгилаб қўйилмоқда. Камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича давлат ўзига қатор янги мажбуриятларни олмоқда. Умуман, давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ Конституциядаги нормалар
3 баробар кўпайтириляпти.
Хусусан, Конституцияда ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгиланмоқда. Бундан ташқари, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда (бозор қийматида) қопланиши таъминланиши кафолатланмоқда.
Аҳолининг кафолатланган бепул тиббий хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқи Конституция даражасида мустаҳкамланаётганлиги аҳоли саломатлигини асраш ҳамда оналар ва болалар ўлими, юқумли касалликлар таҳдидини бартараф этишда давлатнинг мажбуриятини белгилашда жуда муҳим аҳамиятга эгадир.
Мазкур конституциявий қоидалар бундан буён ҳам Ўзбекистонда халқ манфаатлари кўзланган ислоҳотлар йўлидан ортга қайтмаслик, қонун ва адолат устуворлиги, инсонга эътибор ва ғамхўрлик каби муҳим қадриятлар бардавом бўлишини англатади.
Дунёнинг 20 дан ортиқ давлатларидан 30 га яқин халқаро экспертлар, сиёсатшунос ва мутахассислар иштирок этган тадбирда сўз олган маърузачилар янгиланаётган Конституцияда инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баравардан ортиқ кўпайгани, шунингдек, аксарият нормалар халқпарвар давлат қуриш, кучли парламент, ихчам ҳамда масъулиятли ҳукумат, мустақил ва адолатли суд тизимини барпо этиш мақсадига йўналтирилаётганлигини алоҳида қайд этишди.
Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган маъмурий ислоҳотларнинг мақсади ва вазифаларидан келиб чиқиб, парламентнинг юқори палатаси — Сенат ҳамда Қонунчилик палатасининг ваколатлари кенгайтирилмоқда. Яъни, икки палата ишидаги такрорланишлар бартараф этилиб, ҳар бирининг масъулият соҳаси аниқ белгиланмоқда. Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари амалдаги 5 тадан 12 тага, Сенатда эса 14 тадан 18 тага кўпаймоқда.
Хусусан, Бош вазир номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш, Давлат бюджети ижросини назорат қилиш, Ҳисоб палатаси раисининг ҳисоботини эшитиш каби муҳим ваколатлар бевосита Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари этиб белгиланмоқда. Киритилаётган ушбу ўзгаришлар қуйи палатанинг вакиллик табиатига ва илғор хорижий тажрибага тўлиқ мос келади.
Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш бўйича йиллик миллий маърузани эшитиш, давлат қарзининг энг юқори миқдорини белгилаш, парламент текширувини амалга ошириш каби муҳим ваколатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг биргаликдаги ваколатларига киритилмоқда.
Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституцияда илк маротаба фуқаролик жамияти институтларига бағишланган алоҳида боб киритилиши ва улар фаолияти кафолатларининг белгиланиши жамиятда очиқлик, ошкоралик ва қонунийлик муҳитини, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда кучли жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш учун мустаҳкам замин ҳозирлайди.
Тадбир иштирокчиларининг таъкидлашича, янгиланаётган Конституция “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқ фаровонлигини янада ошириш, давлат ва фуқаролик жамиятининг жадал ривожланиши учун мустаҳкам асос яратади.
Давра суҳбатида Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари аъзолари ҳам сўз олиб, янги таҳрирдаги Конституцияга киритилаётган ўзгартишлар, уларнинг партия дастурий мақсадларига тўла мослигини таъкидлаб ўтдилар.
Конструктив руҳда ўтган давра суҳбатида хорижлик қатнашчилар мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ва муносабатини билдирди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Собиқ бош вазир узоқ муддатга қамалди
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Туркияда қалбаки алкоголдан яна 3 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдир”
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг