Янгиер шаҳридаги футбол академияси футбол шаҳарчасига айланди

12:58 28 Ноябрь 2024 Жамият
112 0

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ/«Халқ сўзи». Кенг кўламли қурилиш-таъмирлаш ишларидан сўнг Сирдарё вилояти футбол академияси иншоотлари замонавий қиёфа ва шароитларга эга бўлди. Натижада Янгиер шаҳрида жойлашган мазкур муассаса ҳудуди том маънода ҳақиқий футбол шаҳарчасига айланди.

— Тарбияланувчиларимиз футбол билан замонавий талабларга жавоб бермайдиган эски спорт иншоотларида шуғулланиб келарди, — дейди Сирдарё вилояти футбол академияси директори Ўролбек Ҳайдаров. — Қурилиш-таъмирлашдан кейин шароитимиз бутунлай ўзгарди. Биноларни таъмирлаш билан бирга янги спорт иншоотлари, яъни Халқаро футбол ассоциацияси (ФИФА) томонидан белгиланган талаблар асосида 2 та табиий, 1 та сунъий футбол майдони, 150 ўринли ётоқхона ва ошхона ҳам қурилди.

Мазкур академиянинг яқин келажакда бажарилиши белгиланган режалари портфелида футболи ривожланган мамлакатларнинг футбол академиялари билан ҳамкорлик ўрнатиш, ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш вазифалари ҳам бор. Ушбу вазифа ижроси доирасида Сирдарё вилояти футбол академияси тарбияланувчиларини ҳамкор хориж футбол академияларига тўғридан-тўғри ўқишга юбориш ҳам белгиланган.

Футбол академиясининг мукаммал таъмирланган ва янги иншоотларини фойдаланишга топшириш тантанасида Сирдарё вилояти ҳокими Акмалжон Махмудалиев иштирок этди. Таъкидландики, Янгиер шаҳридаги мазкур таълим маскани узоқ йиллардан буён юртимиз футболи учун кўплаб моҳир спортчиларни тарбиялаб келаётган ўзига хос футбол маҳорат марказларидан бири ҳисобланади. Собиқ “Янгиер” футбол клуби эса республикамиз футболини дунёга танитган жамоалар сирасидан эди.

Маълумот учун. “Янгиер” футбол клубида Биродар Абдураимов ва Геннадий Красницкий, Игор Шквирин, Рўзиқул Бердиев каби футболимиз афсоналари ва таниқли футболчилар тўп сурган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?