Янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари

22:35 11 Ноябрь 2024 Жамият
443 0

Фото: Юнус Бўриев, Ҳақберди Асқаров / «Халқ сўзи»

Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида 11 ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари кунига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ва унинг ҳудудий кенгашлари, тармоқ касаба уюшмалари республика кенгашлари, тасарруфдаги ташкилотлар раҳбарлари, фахрийлар, ҳамкор вазирлик ва идоралар, халқаро касаба уюшмалари бирлашмалари, хорижий давлатлар касаба уюшмалари ташкилотлари мутасаддилари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси билан бошланган тантанали байрам тадбирини ёш истеъдодлар ижросидаги Ватан, тинчлик ва халқлар дўстлигини мадҳ этувчи композиция давом эттирди.

Тантанали тадбирда Президентимиз ташаббуси билан инсон манфаатларини таъминлаш йўлида ўтган 7-8 йил давомида жамият ҳаётининг барча жабҳасида бирдек олиб борилаётган кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар ҳамда янгиланишлар, уларнинг салмоқли натижалари алоҳида таъкидланди.

Хусусан, ўтган қисқа вақт ичида халқимиз турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, Ўзбекистон нуфузини дунё миқёсида юқори поғонага кўтариш борасида тизимли ислоҳотлар амалга оширилиб, салмоқли натижаларга эришилгани, ушбу ютуқлар жамиятимиз ҳаёти ва халқимиз турмушидаги ижобий ўзгаришларда намоён бўлаётгани, қисқа айтганда, янги Ўзбекистон фуқаролари янгича дунёқараш ила ҳаёт кечираётгани қайд этилди.

Ҳақиқатан ҳам, юртимизда инсон қадри йўлида амалга оширилаётган улкан ва тизимли ишлар давлатимиз ва жамиятимизни тараққиётнинг мутлақо янги босқичига олиб чиқди. Янги Ўзбекистоннинг бу борадаги ютуқлари бугун халқаро миқёсда ҳам тан олиниб, юксак эътирофга сазовор бўлаётир. Ўзгаришлар ва янгиланишлар, аҳолининг турли тоифалари, айниқса, хотин-қизлар ҳамда ёшларга кўрсатилаётган эътибор, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар натижасида Ўзбекистон аҳолисининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, ташаббускорлиги ортиб, янги марралар сари олға интиляпти.

Тадбирда қайд этилганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик учун яратилган кенг имкониятлар натижасида мамлакатимиз касаба уюшмалари фаолияти янги ривожланиш босқичига кирди.

Бугун халқ ташкилотига айланган касаба уюшмалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Иш берувчилар конфедерацияси ўртасида имзоланган бош жамоа келишуви, амалдаги 102 та тармоқ келишуви ҳамда 118 мингга яқин жамоа шартномалари орқали меҳнаткашлар ва улар оила аъзоларининг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш бўйича жамоатчилик назоратини олиб бориш каби ишларни бажариб келаётир.

Касаба уюшмалари инспекторлари томонидан ўтган 9 ой давомида 3095 та ташкилотда жамоатчилик назорати амалга оширилди. Келиб тушган 4020 та мурожаатни кўриб чиқиш натижаларига кўра жами 62 минг 656 нафар шахснинг ҳуқуқлари тикланиб, ходимлар фойдасига қарийб 61,5 млрд. сўм маблағ ундириб берилишига эришилди. Нодавлат сектордаги ходимларнинг ҳам жамоа шартномаларидаги имтиёз ва кафолатлардан фойдаланишини таъминлаш мақсадида уларни касаба уюшмаларига жалб этиш борасида амалга оширилган саъй-ҳаракатлар натижасида биргина  2024 йилнинг 9 ойи давомида кичик бизнес субъектлари ҳамда хусусий секторда фаолият кўрсатаётган 13 мингга яқин корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган қарийб 323 минг нафар ходим касаба уюшма аъзолигига ўтказилди. 

Касаба уюшмаларининг ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш йўналишидаги ишлари ҳам сифат ва миқдор жиҳатдан янги босқичга кўтарилди. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтган йили Сурхондарё вилоятида замонавий “Сангардак” санаторийси барпо этилиб, фойдаланишга топширилган бўлса, жорий йилда Хоразм вилоятида халқаро стандартларга мос бўлган 200 ўринли “Хонқа” санаторийси қурилиб, меҳнаткашлар ихтиёрига топширилди. Бу каби бунёдкорлик ишлари натижасида 2017 йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторий  ва дам олиш уйларида мавжуд 5257 та ўрин сони бугунга келиб 7 мингтага етказилди.  Ва уларда жорий йилнинг шу бугунига қадар 160 минг нафардан зиёд аҳоли соғломлаштирилди. 190 та стационар турдаги оромгоҳда эса қарийб 162,5 минг нафар болалар дам олдирилди.

Тантанали тадбирда Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз турмуш фаровонлигини янада ошириш йўналишидаги ишларда фаол иштирок этаётган, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ҳамда касаба уюшмалари фаолияти ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ юртдошларимиз Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “Эҳтиром” нишони билан тақдирланди. Совриндорларга ушбу нишон ва пул мукофотлари берилди.

Шунингдек, кўп йиллик самарали меҳнати билан соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантириш, шунингдек, касаба уюшмаларининг нуфузини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимиз ҳамда халқаро ҳамкорларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати” мукофотининг жорий йилги совриндорларига ушбу мукофот тантанали равишда топширилди.

Тадбир якунида байрам концерт дастури намойиш этилди.

Фото: Юнус Бўриев, Ҳақберди Асқаров / «Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?