Унутилмас сабоқлар ва бугунги ислоҳотлар — зиёлилар нигоҳида

09:24 30 Сентябр 2025 Сиёсат
407 0

Инсоният ривожи, миллат равнақи, маънавий юксалиш илму маърифатнинг юқори чўққига етганидан далолат. Сабаби, илму ирфон ўша миллат, халқ, давлат ва жамият тамаддунининг юксак даражасини белгиловчи муҳим мезондир. Юксак тамаддунга эга элнинг илдизи маърифат чашмасига тўйинган бўлади. Ўзбек халқи ана шундай маърифат сувидан озиқ олган илдизи бақувват, тарихда бир нечта Ренессанс даврини бошлаб берган ва дунё тамаддунига кўплаб алломаларни етиштирган миллатдир.

“Аламим бор…” сарлавҳали мақолада эътироф этилган фикрлар ҳар бир инсон онгу шуурига таъсир этмасдан қолмайди. Мақола ўқувчини ўтмиш, бугун ва келажак ҳақида чуқур мушоҳадага чорлайди. Бир қарашда, сарлавҳадан мақола гина-кудуратдан иборатдек туюлса-да, аслида унда халқимиз ютуқлари ва имкониятларини қадрлаш, улардан оқилона фойдаланиш масалалари бонг урилган. Биргина армон — бу миллатнинг, Ватаннинг қадр-қимматини жойига қўйиш, топталган, баъзан оёқости бўлган шону шавкатимизни улуғлаш... Бу алам Ватан ва келажак учун куюниш, халқимизнинг тарихий сабоқлари ва бугунги ютуқларини таққослаб, эртанги кун учун хулоса чиқаришга даъватдир.

Келажак учун муҳим мезон

Муаллиф таъкидлаганидек, ўтмишга қайтиш гина ёки маломат учун эмас, балки сабоқ олиш, хатолардан хулоса чиқариш учундир. Тарихдан кўрамиз: темурийлар даврида илм-фан, адабиёт, санъат юксалди, Улуғбек расадхонаси Шарқ илмий уйғонишининг рамзига айланди.

Жадидлар даврида халқни жаҳолатдан чиқариш, маърифат сари етаклаш учун жон фидо қилган маърифатпарварлар майдонга чиқди. Мустақиллик йилларида эса Ўзбекистон ўз миллий йўлини танлаб, янги давр сари дадил қадам ташлади. Демак, бугун бизнинг вазифамиз — тарихнинг ёруғ саҳифаларидан куч олиб, келажак сари масъулият билан боришдир.

Марказий Осиё халқлари қадимдан бой маданият ва улуғ тарихга эга. Буни эрамиздан аввалги даврлардаёқ заминимизда ихтиро қилинган бақтрия, сўғд, хоразм ва ўрхун ёзувлари ҳам исботлаб туради.

Милоддан аввалги II асрдан бошлаб XV асргача устувор аҳамият касб этган Буюк Ипак йўли ҳам айнан мана шу ҳудуднинг турли шаҳарларидан ўтган. Бу эса ўлкамизни нафақат савдо-сотиқ, балки илм-фан ва маданиятнинг ҳам марказига айлантирди. Тинчлик-тотувлик, дўстона мулоқот ҳамда цивилизациялараро ҳамкорлик эса илк давлатчиликнинг шаклланиши ва ривожланишига мустаҳкам замин бўлди.

Бугун Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий номидаги халқаро марказлар халқимиз маънавий-маърифий юксалишининг янги даврини бошлаб бермоқда. Ислом оламидаги бундай йирик илмий-тадқиқот марказларида илғор талабалар томонидан олиб борилаётган илмий изланишлар янги босқичга чиқишига ишонамиз. Шубҳасиз, бу масканлар учинчи Ренессанс пойдеворини яратаётган даргоҳлар ҳисобланади.

Шарқ қадимдан илм-фан, санъат ва адабиёт бешиги бўлиб келган. Ислом цивилизациясининг олтин даврида астрономияда Абу Райҳон Беруний, тиббиётда Ибн Сино, фалсафада Форобий, математикада Хоразмий ва ҳадис, фиқҳ, шариат илмлари бўйича уламолар, буюк алломалар камол топди. Улар нафақат Шарқ, балки бутун инсоният тараққиётига улкан ҳисса қўшдилар. Уларнинг асарлари икки буюк Уйғониш даврининг асосини ташкил этди, илм-фан эса янги босқичга кўтарилди.

Шарқ ва Ғарбни уйғунлаштирган бу илмий мерос бугун ҳам жаҳон тамаддунининг ажралмас қисмига айланган. Хусусан, математика, тиббиёт, фалсафа, адабиёт каби фанларда яратилган асарлар ҳали-ҳануз инсониятни ҳайратга солмоқда.

Аждодларимиздан мерос қолган донишмандлик анъаналарига суяниб, Ўзбекистон бугун янги тараққиёт босқичига қадам қўймоқда. Сўнгги йилларда мамлакатимизда турли миллат ҳамда дин вакиллари ўртасида ҳурмат ва бирдамликни мустаҳкамлаш, тинчлик ҳамда тотувликни таъминлаш йўлида олиб борилаётган сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда. Шарқдан чиққан мутафаккирларнинг асарлари эса бугун ёш авлод учун билим ва тарбия манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Маҳмуд Замахшарий мисолида кўрсак бўладики, инсон иродаси ҳамда билимга чанқоқлик олдида ҳеч қандай тўсиқ бардавом эмас.

Бугун Ўзбекистон халқаро майдонда тобора фаол бўлиб бормоқда. Экспокўргазмаларда миллий павильонимиз жаҳон ҳамжамиятини ҳайратга солмоқда, ёшларимиз нуфузли халқаро танловларда Қолиб чиқяпти, чет эллик олимлар билан ҳамкорлик кучаймоқда, янги илмий марказлар, замонавий университетлар очилаётир.

Глобаллашув ва миллий қадриятлар мувозанати

Бугун глобаллашув жараёни шиддат билан кечмоқда. Интернет, ахборот оқими, янги технологиялар — буларнинг барчаси бир томондан имконият, иккинчи томондан хавфдир. Агар биз ёшлар онгини маънавий иммунитет билан мустаҳкамламасак, миллий қадриятларимизни асраб-авайламасак, тарихий сабоқларни онгига сингдириб бормасак, эртага улардан айрилишимиз мумкин.

Сиёсатшуноснинг мақоласида ҳам шунга урғу берилади: миллий адабиёт, театр, мусиқа, халқ оғзаки ижоди, санъат — булар нафақат мерос, балки миллатнинг яшаш тамалидир. Бу борада масъулиятли муносабат ҳар бир зиёли ва ҳар бир фуқаронинг вазифаси бўлиши зарур. Бу масъулият, талабчанлик, миллат тақдирига бефарқ бўлмасликдир. Агар имкониятлардан фойдаланилмаса, халқнинг салоҳияти тўлиқ ишга солинмаса, бу ҳақли равишда “алам” уйғотади.

Муаллиф “Аламим бор” мақоласида халқимизга уч муҳим ҳақиқатни эслатиб ўтади.

Булар:

— тарихдан сабоқ олиш — ютуқлар ва хатолардан хулоса чиқариш;

— бугуннинг имкониятларини қадрлаш — эришилган натижаларни барқарор қилиш ва бойитиш;

— келажак учун масъулият — ёшлар, миллий қадриятлар, илм-фан ва маданиятни асраб-авайлаш ҳамда ривожлантириш.

Зеро, бугунги қувончларимиз келажакка пойдевор бўлиши учун ҳар биримизда ҳам шундай “алам” — юрт, миллат ва келажак тақдирига қайғуриш ҳисси бўлиши зарур.

Шерзод МУСТАФОҚУЛОВ,

Халқаро Нордик университети ректори,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер