Наманган — гуллар водийси

Қай маҳал Фарғона томонларга йўл олар бўлсам, халқимизнинг ардоқли ва дарёдил шоири Ҳамид Олимжоннинг “Водийларни яёв кезганда, бир ажиб ҳис бор эди манда...” деган муанбар сатрлари эсимга тушади. Тушади-ю, беихтиёр устознинг жарангдор овози еру самони муаттар насимларга тўлдириб, тоғлар орасида акс садо бераётгандек туюлаверади. Хаёлот осмонида эса камалак қанотларини пирпиратиб гулу чечакларни мафтун-маҳлиё қилаётган миллион-миллион капалаклар базми пайдо бўлади, гўё…
Мана, ҳозир ҳам Қамчиқ довонидан ўтиб боряпмизу худди шоир улуғ тоғларнинг энг баланд чўққисида туриб: “Кўм-кўк, кўм-кўк, кўм-кўк!” дея ҳайқираётгандек туюлади. Бунчалар илҳомни қаердан, нимадан олган экан оташқалб устоз Ҳамид Олимжон дейман ичимда. Дейману ўша заҳотиёқ, Фарғона водийси ҳақида бундан бошқача ёзиш мумкинми, ахир деган бир нидо жаранглагандек бўлади дашту далаларда.
Рост-да, шоирман деган одам бу диёр ҳақида бошқача ёзиши, фикрлаши мумкин эмас-да… Тўғрими?
Фарғона водийси минтақавий манзили ва гўзал табиатига кўра азал-азалдан абадий яшилликлару мангу баҳор тимсолига айланиб кетган. Бу маконнинг ҳар гўшасида Бобуру Машраб, Фурқату Муқимий, Нодираю Увайсий ғазалларини ўқиб, бахтиёр ва хуррам яшаётган чўпонлар билан деҳқонларга, Усмон Носир ёхуд Муҳаммад Юсуфдан шеърлар айтаётган йигит-қизларга, ҳар қадамда мумтоз бунёдкорликлар яратаётган шердил инсонларга дуч келасиз.
1
Битмас-туганмас илҳом манбаи бўлмиш воҳада қўним топган уч вилоят — Фарғона, Андижон ва Наманган сўнгги йилларда чирой очиб, ривожланиб, юксалиб, янаям дилбар бўлиб бораётгани эса аввалгилардан ҳам самимийроқ ташбеҳлар излашга чорлайди шоиру шуароларни. Водий аҳлининг бир азим дарё каби тўлиб-тошиб олдинга интилаётгани, уларнинг кучи билан асрлар бўйи чангиб ётган қиру адирларда янги шаҳарлар қурилаётгани, осмонўпар бинолар бунёд этилаётгани бу халқ қудрати-ю камолини яна бир карра намоён этмоқда. Юксалишларда ҳар бир вилоятнинг алоҳида-алоҳида ўрни бор. Мақоламиз уч паҳлавон — “уч оғайни ботирлар”нинг биринчиси — Наманган ҳақида бўлгани боис “Шоҳи Машраб” юртдошлари даврасига шошамиз.
Биламан, Наманганга нисбатан қўлланилган “биринчи” ибораси қолган икки вилоятга жудаям ёқиб тушавермайди. Зотан, водийда “иккинчи” деган вилоятнинг ўзи йўқ — учовлон ҳам биринчи! Биронтасига “иккинчисан”, деб кўринг-чи? “Мен биринчиман!” — мана шу сўзлар фахру ифтихор, куч-қувват, оташ-аланга бағишлайди ҳар бир водийликнинг қалб қўрига.
Қамчиқ довонидан ошиб ўтилгач, воҳага қўйиладиган илк қадам Наманган заминидан бошлангани сабаб “биринчи” сифати қўлланилди ҳозир.
Алқисса, мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев шу йил 16-17 сентябрь кунлари мана шу заминда бўлди. Наманганликларнинг ҳаёти, ишлари билан яна бир марта атрофлича танишди, улар билан чин дилдан, самимий суҳбатлар ўтказди. Сўнгра келгусидаги режалар батафсил таҳлил қилинди.
Ташрифни Наманган аэропортидан бошлаган Президент, бу ерда амалга оширилаётган юмушлар билан танишгач, Чустдаги “Мегатон” корхонасида, Янги Наманган туманидаги “Тараққиёт” саноат ва сервис зонасида, Чортоқдаги “Айқирон-1” насос станциясида, Наманган шаҳридаги давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган “Фирдавс” кундузги парвариш марказида бўлди. Сўнгра Нориндаги “Фишвел Норин” корхонаси, “Расулов Ғофуржон ўғли Баҳодир” фермер хўжалиги ва Шўрариқ маҳалласида қилинаётган ишларни кўриб, Норин ГЭСлар каскадининг ишга тушган дастлабки босқичи билан танишгач, шу ерда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирларига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Унда давлат раҳбари қалбини тўлқинлантирган туйғуларни баён этаётиб, бундай деди:
— Ҳар сафар бу вилоятга келганимда, одамлардаги кўтаринки кайфиятни, катта-кичик доим ҳаракатда, изланишда юрганини кўриб қувонаман. Бугун ҳам ҳудуддаги ижобий ўзгаришлар, янги ишга тушган корхоналар билан танишиб, ислоҳотларимиз тўғри йўлдан бораётганига яна бир бор амин бўлдим.
Халқимиз яхши биладики, Президентнинг талаби, баҳолаш ва ўлчов меъёри беҳад катта. Талабчан раҳбарнинг эътиборига сазовор бўлиш, у кишини мамнун ва рози қилиш осон эмас. Ҳамиша тилга олинавермайди юқоридаги сингари меҳр нурларига йўғрилган сўзлар.
Хўш, Президентни суюнтирган омиллар нима эди? Бу саволга жавоб бериш учун, аввало, вилоятнинг бундан ўн йиллар олдинги аҳволини эслаш керак бўлади.
Наманган замини қадимдан ҳунармандлар, тадбиркорлар ўлкаси бўлиб келганига қарамай, ўша йиллари Қариб ва ночор қиёфага тушиб қолганди. Ҳунармандларнинг қўли ишдан совиган, олди-сотди ишлари издан чиққан, эплаганлар хорижий мамлакатларда, ким-кимларнинг эшигида мардикорлик қиларди. Бир миллион кишидан ортиқ эди шундан бошқа илож тополмаганлар сони.
Мавжуд корхоналарнинг айримларигина зўрға нафас олар, йўллар чанг-лой, ичимлик суви танқис, уйсизларнинг саноғи йўқ, қишда газ, электр муаммоси ҳаммани қийнаган... 2016-2017 йилларда вилоят бўйича бор-йўҚи 142 километр йўл асфальтланган, аҳолининг қарийб тенг ярми тоза ичимлик сувидан бебаҳра эди. Бугун 38,5 мингтани ташкил қилган кичик ва ўрта бизнес субъектлари сони 18 мингтага ҳам етмасди ўша пайтда. Бугун 37,5 трлн. cўмга етган саноат ҳажми эса 3,4 трлн. атрофида эди.
Сўнгги 8 йил давомида вилоятга 5,2 млрд. доллар миқдорида инвестиция кириб келди. Бу 2017 йилдагига нисбатан ўсиш 150 баробар ошди, деганидир.
Бундан 8 йил олдин “Намангандаги “Ифтихор кийим саноати” корхонасига Германиянинг “Helaba” банки 198 млн. доллар инвестиция киритади, Туркия инвесторлари иштирокида “Coca-Cola lchimiligi Namangan” корхонаси 60 млн. доллар, Хитой инвесторлари иштирокида “Мегатон” корхонаси 40 млн. доллар тўғридан-тўғри инвестицияларни ўзлаштиради”, десангиз, биров ишонмас, аксинча, “Тушингни бориб сувга айт, хорижликлар шунча пулини наманганликларга берадиган афанди эмас”, деган жавобни олар эдингиз.
Ўша пайтда мактабгача таълим қамрови 24 фоизни ташкил этган бўлса, бугун бу кўрсаткич 77,5 фоиздан ошди. Олий таълим қамрови эса 9,2 фоиздан 50 фоизга етди. Камбағаллик даражаси 2025 йил бошидан буён 7,6 фоиздан 6,7 фоизга пасайди. Ҳисоб-китобларга кўра, бу кўрсаткич йил адоғигача 5,3 фоизгача камаяди. Камбағаллик даражаси эса... Гарчанд, расман тақиқланмаган бўлса-да, бу ҳақда оғиз очиш мумкин эмас эди, ёпиқ ҳисобланарди бу мавзу.
Шу жойда ушбу мавзуга озроқ тўхталиб, юртимизда камбағалликни қисқартириш сиёсатининг амалий самараси Наманганда яққол кўринаётганига нигоҳ ташлаш ўринли бўлади, деб ўйлайман. Зеро, “Камбағалликдан фаровонлик сари” мавзуидаги 3-халқаро форум айнан Наманганда ўтказилганида ҳам ўзига хос катта маъно бор. Президентимизнинг “Инсон қадрини улуғлаш орқали одамлар учун муносиб шароит яратиш, бу борада камбағалликни қисқартириш — Янги Ўзбекистондаги барча ислоҳотлар замиридаги бош мақсаддир”, деган сўзлари мазкур анжуманда қатнашган хорижлик мутахассисларнинг ҳам эътирофларига сазовор бўлди.
— Ўзбекистон камбағалликка қарши курашишда ўзини жаҳонда етакчи сифатида намоён қилди, — деди Жаҳон банкининг глобал директори Луис Филепе Лопес-Кальва. — Унинг ютуқларидан бошқа мамлакатлар учун намуна сифатида фойдаланиш мумкин.
Бундай эътирофни эшитаётиб, Президентимизнинг яна бир сўзи эсимга тушди: “Биз ўз меҳнатимиз билан бошқаларни тан олишга, бизни ҳурмат қилишга мажбур қилишимиз керак”.
2
Биз ҳам ғурур билан таъкидласак арзийди: бугун ўзининг салоҳияти, қадим тарихи, хирмону хазиналари билан ном қозонган ўзбекнинг қадим воҳаси Наманганда аждодларимиз, ҳатто хаёл ҳам қилолмаган мўъжизалар рўй бермоқда.
— Шу ерда бир оз орқага қайтиб, Президентимизнинг аввалги ташрифларини эслаш ўринли, — дейди тажрибали журналист Ҳотам Мамадалиев. — Ҳаммамизга аён, Президентимиз юртимизнинг қай гўшасига бормасин, ўша ерда муаммолар ҳал қилинади, жиддий ўзгаришлар содир бўлади, одамлар ҳаётини фаровонлаштириш имкониятлари топилади, бадиий ташбеҳга ўраб айтганда, йўлларини чим-лой босиб ётган дарёлар равон ўзанига тушади, одамлар ҳаяжонланади, халқ бирлашади. Бирликда эса барака бор, бирлашганлар тоғни талқон қилади.
Касбим юзасидан Юртбошимизнинг вилоятимизга ташрифларини доимо диққат билан кузатаман, берган топшириқларидан кейинги ўзгаришларни ёндафтаримга ёзиб бораман. Ўрни келгани учун қайдларимдан бир-иккита мисол келтирмоқчиман.
2019 йил 28 февраль. Шу куни давлатимиз раҳбари Наманганга келди. Шаҳарларни, туманларни бориб кўрди. Вилоят иқтисодиётида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 107 фоиз ўсганидан, 170,9 млн. доллар қийматга тенг экспорт амалиёти тўлиқ бажарилганидан, 5,4 трлн. сўм инвестициялар ўзлаштирилиб, 831 та лойиҳа ишга туширилгани ва 11 540 та иш ўрни яратилганидан мамнун бўлди. Келгуси — 2020 йилда умумий қиймати 7,2 трлн. сўмлик 1 170 та лойиҳани амалга ошириш, 20 800 та янги иш ўрни очиш кераклиги белгилаб берилди.
Энг муҳими, режадаги вазифаларнинг биронтаси чала қолган ёки бажарилмаган эмас — ҳаммаси йил давомида ошиғи билан адо этилди.
— Шундай, — суҳбатдошим яна қайдларига мурожаат этади. — Мана, қаранг: Президент ташрифларидан кейин одамларнинг уй-жойга бўлган талабини қондириш учун 1 078 та хонадондан иборат 40 та кўп қаватли тураржой биноси қуриб битказилди. Шунингдек, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида эҳтиёжмандларга ажратилган 829 та субсидияга қўшимча тарзда яна 500 та, жами 1 329 та субсидия ажратиб берилди. Яна бир муҳим гап шуки, “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегиясида Наманган вилоятида намунавий маскан этиб Давлатобод, Норин ва Тўрақўрғон туманлари белгиланган. Ушбу туманларнинг таълим, ижтимоий соҳа, туризм, ободонлаштириш, қишлоқ хўжалиги, давлат бошқаруви органлари фаолиятини рақамлаштириш йўналишларига умумий миқдори 67,8 млрд. сўмга тенг бўлган 57 та лойиҳа ва тадбирни амалга ошириш кўзда тутилган.
Агар суҳбатни шу тарзда давом эттириб, Президентимизнинг ҳар бир ташрифи ҳақида гапираверсак, достонларга сиғмайди, шоирлар тили билан ифодаламоқчи бўлсак, Наманган мўъжизаларини тасвирламоқ учун нечта Фирдавсий керак?!
3
Худди шундай.
Барча жабҳаларда юксак салоҳияти ва беадоқ имкониятларини намойиш қилаётган Наманганда рўй бераётган тарихий ўзгаришларни, гўзал эврилишларни таъриф-тавсифлаш ёзувчига ҳам, журналистга ҳам, мўйқалам соҳибларига осон эмас.
Ер майдонига кўра республикада тўққизинчи, аҳоли сони бўйича еттинчи, аҳоли зичлиги борасида тўртинчи, иқтисодиётда кичик бизнес улуши бўйича учинчи ўринни эгалловчи вилоятда сўнгги йилларда аҳолининг реал даромади 3 баравар ўсди, 7 млрд. доллардан ортиқ хорижий инвестиция киритилди, 8 мингга яқин янги корхоналар ишга туширилди. Қандай эришилди бундай ютуқларга? Яқин-яқинларгача кичкина тепаликдан ошиб ўтишга чоғи келмай, бошини қашиб ўтирган Наманган қандай қилиб забт этяпти баланд чўққиларни? Бундай юксалишлар сирини очиш, тасвирлаб бериш, албатта, осон эмас. Бунинг учун, аввало, она Ватанига, халқига беадоқ меҳр ва ўз касбига чексиз муҳаббат жўш уриши лозим ҳар бир ижодкор қалбида.
Ёки вилоят тарихи... Ким билади Наманган қачон пайдо бўлганини?.. Китобларда у вилоят сифатида 1941 йилда ташкил этилган, дейилади. Аслида-чи? Аслида эрамиздан аввалги олис-олис замонларга бориб тақалмайдими унинг тарихи! Мамлакатимизнинг энг қадимги шаҳарларидан бўлган Ахсикат — Ахсикент 1620 йилгача Фарғона водийсининг пойтахти бўлган-ку?! Ўша йили юз берган қаттиқ зилзиладан кейин шаҳар аҳолиси ҳозирги Наманган заминига кўчиб ўтган. Дунёдаги бало-қазоларнинг ҳаммасини бошидан ўтказган. Ким ёзади елкаси яғир, қўллари қадоқ бўлиб кетган Наманган ўтмишини?.. Мустақилликкача кун кўрмаган, бири икки бўлмаган, ип топса, игна, ковуш топса, маҳси тополмаган, бир оғиз илиқ сўзга зор бўлган халқнинг аҳволини-чи? Ҳатто, мустақилликдан кейин ҳам...
Хўш, асрлар бўйи косаси оқармаган Наманган кейинги 8-9 йилда қандай қилиб мўъжизалар диёри — “Афсоналар мамлакати”га айлана бошлади?
— Жаҳоншумул юксалишларнинг гувоҳи бўляпмиз, — дейди шоир ва публицист Жамолиддин Муслим. — Мен ҳам анча-мунча воқеаларни бошидан ўтказган авлод қаторида тураман. Шўроларни кўрдик, мустақилликнинг дастлабки қадамларида иштирок этдик, аммо кейинги йиллардаги воқеалар, виждонан айтаман, тасаввурга сиғмайдиган даражада улкан ва салмоқли. Қизиқ-да, мундоқ қарасангиз, ер ўша, халқ ўша, қуёш ўша... Ҳамма замонлардаги каби ўша пайтларда ҳам катта-кичик бор эди, раҳбарлар бор эди. Ҳамма нарса бору ҳаммаёқ муаммо, ҳамма камбағал, ҳамма хомуш. Демак, ҳамма гап, энг биринчи навбатда, етакчига, элпарвар, жонкуяр, фидойи сардорга боғлиқ экан. Тарихдаги буюк ўзгаришлар ҳам жасур йўлбошчилар, оқил саркорлар туфайли содир бўлган. Ҳатто заминимиздаги ҳар икки Ренессанснинг яратувчилари ҳам, энг аввало, улуғ шахслар бўлишган. Мамлакатимизда учинчи Ренессанс пойдеворига биринчи ғиштлар қўйилаётгани, янги Ўзбекистон боғларининг гуркураб бораётгани — ҳамма-ҳаммасида элсевар Президентимизнинг ўтли нафаси бор. Яна бир гапни эслайдиган бўлсам, Президентимиз учинчи Ренессанс пойдеворларини бунёд этишдек қутлуғ вазифа сизу бизнинг зиммамизга тушди, деганида, анча ўйланиб қолган, ишонгимиз келмаган эди. Ҳар турли ҳавойи шиорлардан зериккан эдик-да ҳаммамиз ҳам. Шубҳаларимиз ноўрин эканини мана энди ўз кўзимиз билан кўриб турибмиз. Шавкат Миромонович толиққан дилларда умид гулханларини алангалатиб юборди. “Эл бошига кун тушса, эл яратган эр келар”, деган ҳикмат бекор келмаган экан дунёга. Вилоятимиз тамомила янги қиёфага кирди, янги Ўзбекистон бағрида “Янги Наманган” пайдо бўляпти.
Шавкат Миромоновичнинг даъватлари юрагимизга сингди. Президент бошлаган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, ундаги вазифаларни ўринлатиш учун фидокорлик кўрсатиш ҳар бир наманганликнинг ватанпарварлик бурчига айланди. Бу гапларимда зиғирчаям ортиқча эҳтирос йўқ. Одамзод яхши яшаш мумкинлигини кўриб турса, бола-чақаси эртага бошқалардан кам бўлмай ўсаётганидан кўнгли тўлса, ҳамма нарсага тайёр бўлади.
8-9 йил аввал уй, ичимлик суви, газ кабилар вилоятимизнинг энг оғриқли дардлари эди. Абгор ҳолатда эди аҳволимиз. Кейинги йилларда 638 та кўп қаватли уй барпо қилиниб, 23 минг оила янги, замонавий хонадонларга кўчиб ўтди. 2016 йилга қадар вилоят аҳолисининг қарийб ярми тоза ичимлик сувидан бебаҳра бўлган бўлса, охирги йилларда 5,2 минг километр ичимлик суви ва канализация тармоқлари тортилиб, марказлашган ичимлик суви қамрови 59,5 фоиздан 87 фоизга етди. Бу юз минглаб оила ҳаётида туб ўзгариш ясаган кўрсаткичдир.
Хуллас, бир пайтлар иқтисодий қийинчиликлар гирдобида қолган, давлат дотацияси ҳисобидан кун кечирган Наманган вилояти мамлакатимизнинг йирик саноат ва экспорт марказига айланиб боряпти.
Шоир дўстимизнинг фикрини давом эттириб, вилоятда жорий йилнинг биринчи ярмида қилинган юмушларга нигоҳ ташлайдиган бўлсак, бу диёрда юз бераётган мўъжизалар, ҳеч қандай муболағасиз, мумтоз салобати, гўзал товланишлари билан кўзларни қамаштириб юборади.
Бир йилга етар-етмас вақт орасида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 7,3 фоизга ўсди. Жумладан, саноат — 9,1, қурилиш ишлари — 12,7, хизматлар кўрсатиш — 12, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 4,4 фоизга кўпайди. Инвестиция дастурлари доирасида 248,6 млн. долларлик 445 та лойиҳа ишга туширилиб, 11 мингта янги иш ўрни яратилди. Шу кунларда наманганликлар қарийб 500 га яқин турдаги ўз маҳсулотларини дунёнинг элликка яқин давлатларига чиқараётгани эса алоҳида мавзу.
Умуман, мисоллар рақамлардан, рақамлар мисоллардан кўркам ва сержило — айтиб адо қилиб бўлмайди.
4
“Айтиб адо қилиб бўлмайди”ганлар ичида Наманган шаҳри ўзининг беназир жамоли билан ўзгача ўрин эгаллайди. Шаҳар бундан бор-йўҚи 8-9 йил аввал кўримсиз ва ғарибона кўринишда эди. Меҳмон келса, уйига таклиф қилишдан ийманарди одамлар. Ана-мана дегунча кўримсиз маҳаллалар, кўчалар ўрнида кенг ва равон йўллар, пастқам уйлар ўрнида кўп қаватли иморатлар, ҳатто эртакларда ҳам таърифини топиш қийин бўлган “Афсоналар водийси” қад кўтардики, кўзларингга ишонгинг келмайди.
Яна бир қизиқ томони, шаҳар қиёфасига қараб, аҳоли сони ҳам кўпайиб бормоқда. Йилига 25 минг кишига ўсаётган Наманган шаҳри бир йилдан сўнг, яъни 2026 йилда аҳолиси миллиондан ошган шаҳарлар сафидан жой эгаллаши мумкин. Шаҳарга ташриф буюраётган сайёҳлар сони эса ундан ҳам кўп.
Кўпчилик яхши билади, сайёҳ деганнинг кўнгли нозик, қизиқиши катта бўлади, ҳамма жойга ҳам келавермайди. Тарихи улуғ, боғлари чаман, одамлари саховатпеша манзилларга интилади сайёҳ дегани. Наманганни эса бемалол сайёҳларни маҳлиё қилувчи манзиллар макони, дейиш мумкин.
274 та моддий маданий мерос кўчмас мулк объекти давлат муҳофазасига олинган бу ўлкада.
Султон Увайс Қараний, Махдуми Аъзам Косоний, Мавлоно Лутфуллоҳ Чустий, Мулла Бозор Охунд, Бобораҳим Машраб, Мавлавий Намангоний, Мажзуб Намангоний, Отауллихон, Мулла Қирғиз зиёратгоҳлари, Биби Наима она (Сутли булоқ), Хўжа Амин мақбараси, Мулла Қирғиз, Ғойибназар қози мадрасалари ҳамиша сайёҳлар билан гавжум.
Чортоқдаги “Балиқли кўл” зиёратгоҳи шундай азиз манзилларнинг биридир. Бу жойни кўпчилик яхши билади. “Балиқли кўл”ни сув билан таъминлаб турувчи манба бу кўлни ташкил қилган “сирли” булоқлар ҳисобланади.
Ривоятларга қараганда, Балиқли кўлнинг пайдо бўлиши Увайс Қараний номли авлиё кишининг каромати ёки шарофати билан бунёд бўлган.
Ана шу булоқлардан ҳар дақиқада 140 литрга яқин сув отилиб чиқади ва вилоятнинг Чортоқ туманидаги сув омборига етиб келади. Қуюқ дарахтларнинг соя-салқинлиги кўнгилга ҳузур бағишловчи “Балиқли кўл” зиёратгоҳидаги булоқ суви нафақат чанқоқни босади, балки кучингизга куч қўшади, руҳингизни кўтаради. Кўпни кўрган оқсоқолларнинг гапига қараганда, булоқдан бир пиёла зилол сув ичган одам минг бир дарддан фориғ бўларкан.
“Сутли булоқ” суви Чортоқ туманидаги 12 мингдан ортиқ аҳолининг томорқасини, боғ-роғларини обиҳаёт билан таъминлайди. Айтишларича, “Сутли булоқ”дан чиқаётган сув ички хасталикларга даво, балчиғи бадандаги турли яраларни, доғларни даволашда малҳам. Булоқнинг мўъжизавий хусусиятларидан яна бири — чашма ҳафтанинг жума куни тонг бўзармай сут рангига киради ва шомгача шундай тусда туради. Бу ўзгаришнинг сабабини ҳеч ким билмайди.
“Балиқли кўл” Наманган вилоятидагина эмас, балки республикамиздаги энг қадимий ва муқаддас зиёратгоҳлардан бири эканини алоҳида таъкидлаш лозим.
Вилоятнинг Чодак, Ғова, Нанай қишлоқлари ҳам ўзининг сўлим табиати ва тоза ҳавоси туфайли доимо сайёҳлар диққат марказидан тушмай келмоқда.
Чустнинг “Чуст оши”, Нанайнинг “Бешбармоқ”, Чортоқнинг “Қотирма” каби анъанавий таомлари эса вилоятга бўлган қизиқишни яна ҳам кучайтиради.
Наманганда ҳар йили ўтказиладиган Халқаро гуллар фестивалига келган сайёҳлар ҳам воҳанинг миллий урф-одатлари қатори унинг ноёб таомларига ошиғу беқарор бўлиб қолади. Бу фестиваль вилоятнинг камалакдек табиати, маданияти ва мангу анъаналарини бутун дунёга таништиради, гулчилик ва боғдорчиликда етакчи бўлган вилоятнинг шонини зиёда қилишга, туризмни янада ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатади.
Бу йилги фестиваль илк бор 50 кун давом этиб, дунё миқёсидаги муҳим воқеликка айланди. Мазкур тадбир доирасида Наманганга 7 млн.дан зиёд меҳмонлар ташриф буюрди. Уларнинг 800 минг нафари хорижлик сайёҳлар эди. Шу кунларда 8 трлн. сўмлик савдо ва хизматлар кўрсатилди.
Умуман, йил бошидан буён вилоятга 1 млн. 200 минг хорижий, 2 млн. маҳаллий сайёҳ келди, туризм экспорти 204 млн. доллардан ошди.
Бундай имкониятлар, албатта, тадбиркорман деганни руҳлантиради, илҳомлантиради-да. Шундай эмасми?
5
— Ёшлар бизнинг келажагимиздир, — дейди меҳнат фахрийси Баҳодир Юсупов. — Президентимиз қачон вилоятимизга келса, албатта, ёшлар билан учрашади. Мен шундай учрашувларнинг кўпида қатнашганман. Сохта мақтовлардан йироқ одам сифатида айтаманки, давлатимиз раҳбарининг содда ва тушунарли тилда баён қилган фикрларини ҳар сафар эшитганимда ёшлар-ку — ёшлар, менинг ҳам ичим тўлиб, кўзларимга ёш келади.
Президентимизнинг суҳбатларида нафақат иқтисодий, балки маънавий тараққиёт йўллари ҳам аён кўрсатиб берилади. Миллат ғурури тўла шаклланаётган пайтларда ахлоқ, одоб, иймон, шахсга ҳурмат, ор-номус деган фазилатлар катта-ю кичикка қанчалар муҳимлиги тўғрисидаги сўзларини эшитаётиб, халқимизнинг Президентга Худо берган, дейишлари бекор эмаслигига имоним комил бўлади. “Тоғ қояси ухламас”. Ҳамиша бедор Президентимиз билан ҳар қанча ифтихор қилсак, арзийди.
6
Арзийди.
Аммо эришилаётган ютуқлар қанчалар йирик бўлмасин, барибир, талабчан Президентимизнинг кўнглига таскин беролмайди. Зеро, дарёлар жўш уриб оқаётган, одамлар тўлиб-тошиб меҳнат қилаётган бўлса-да, ҳали қиёмига етмаган юмушлар, тузатишга, тикланишга муҳтож гўшалар, ширин сув етиб бормаган овулу хонадонлар борлиги ҳам давлат раҳбарига беш қўлдай аён. Юз йиллар давомида қамишу каррак босиб кетган дарё ўзанларини тозалаш, минглаб ишсизларга юмуш топиб бериш, бола-чақасидан узоқларда мардикорлик қилиб юрган қора кўзларимизни оиласи бағрига қайтариш, қаҳратон қиш кунларида газ ва чироқ билан боғлиқ муаммоларга чек қўйиш... Булар — шунчаки, кичкина ташвишлар эмас. Булар одамларни рози қилиш, бугун кечагидан яхшироқ яшашини таъминлаш билан боғлиқ улкан ва кечиктириб бўлмас вазифалардир.
— Президентнинг мақсади, менинг назаримда, битта, у ҳам бўлса ўзбек халқини ҳеч кимдан кам бўлмайдиган даражага етказиш, — дейди “Наманган садоси” газетаси бош муҳаррири Улуғбек Рўзиматов. — Ҳар сафар — телевизордами, мажлислардами Президентимизнинг айрим раҳбарлар масъулиятсизлиги ҳақида куйиб-ёниб айтаётган сўзларини эшитганимда ич-ичимдан: “Қачонгача ўзгалардан ортда қоламиз, нега энди фақат Юртбоши ёниши, куйиши керак? Ахир, халқ бўлса, миллат бўлса, амал, эгаллаб турган мавқеимиздан қатъи назар, шу юртнинг ободлиги, фаровонлиги учун бирдай ҳамжиҳат, масъул бўлишимиз керак эмасми?! Биронта одамнинг корига ярамасанг, биронта ғарибнинг кўнглини овлашга ярамасанг, Ватан ўмганини кўтаришга қандай ярайсан?!” деган бир нидо келаётгандек бўлади.
Улуғбек ҳақ. Айрим идораларда ҳалигача ишинг порасиз битмаса, атрофда ошно-оғайнигарчилик иллатлари яшаб турган бўлса. Бунинг устига, “Чархи кажрафторнинг бир шевасидин доғман”, дегандек курраи заминда қонли урушлар давом этаётган бўлса! Кечаги дўстлар бугун Қаним. Кечаги қўшнилар бугун жиққамушт. Эртага нима бўлиши ёлғиз Яратганнинг ўзига аён. Шундай олағовур замонда менинг уйим тинч, менинг томимдан томчи ўтмаяпти, дейиш нодонликдан бошқа нарса эмас. Тўзонлар тўфонларга айланиб турганда карвонингни очкўз қароқчилар тўдасидан эсон-омон олиб чиқиш нақадар мушкул. Қанча ақл, фикр, дипломатия, меҳнат, азоб... Устига-устак, зўравонларнинг куракда турмас талаблари, таҳдидлари, тулкиликлари. Булар ҳам етмагандай ичимиздан чиққан баъзи аламзадалар, уларнинг ғингшишлари...
Шуларни ўйлаганда, ўйлаб хаёлга толганда яна Президентнинг сўзлари вужудингга шалоладек оқиб киради, билагингга куч, орзуларингга қанот бағишлайди:
— Катта ўзгаришлар натижасини Наманган аҳли ўзининг кундалик ҳаётида ҳис қиляпти. Агар биз бирлашсак, бундан ҳам катта натижаларга эриша оламиз. Ишнинг кўзини биладиган, тадбиркор ва меҳнатсевар наманганликлар билан вилоятни юртимизнинг энг обод ва фаровон ҳудудларидан бирига айлантирамиз.
7
Айлантирамиз.
Айлантирмоқ учун эшиклару деразаларнинг ҳаммаси ланг очиқ. Ўзбекистон шиддат билан баланд чўққилар сари дадил одимламоқда. Жаҳондаги кўпгина давлатлар ҳавас билан қарамоқда ИСЛОҲОТ деб аталган Ўзбекистон боғларига. Кечагина Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессиясида иштирок этган Президентимиз дунёда тинчлик ва осойишталикни асрашга оид яна ўнлаб ташаббусларни ўртага ташлади. Сессия тадбирлари доирасида бир қатор нуфузли делегациялар раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ва йирик компаниялар етакчиларини қабул қилди. Минг ёки миллион эмас, миллиард-миллиард долларлардан иборат йирик шартномаларга, келишувларга, битимларга эришилди. Биргина “Boeing” компанияси билан 8 млрд. долларлик шартнома имзоланди. Америка Президенти Дональд Трамп Ўзбекистон Президенти сўзи ва иши бир раҳбар эканини тан олди. Ҳазилакам гаплар эмас булар, албатта. Бу — дунёдаги энг бадавлат, энг обрўли давлатнинг Ўзбекистонга, ўзбек халқига бўлган ҳурмати. Бу — Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг бундан 9 йил аввал бошлаган ислоҳoтлари нақадар тўғри эканининг жаҳон саҳнасида муҳрлангани.
Энди, шу жойда улуғ мутафаккир бобомиз Берунийнинг: “Кетган тўлқин бориб қуруқликка урилсагина ортга қайтади, йўқса қайтиб келмаслиги керак. Ўша ёқда бир қуруқлик бор, шунинг учун уммоннинг тўлқини унга бориб урилади-да, ортга қайтади”, дея олис океан ортида ер мавжудлигини айтганини эслайлик, у ишора қилган ўша ер Америка экани ва авлиё бобомиз кашф этган ўлкада асрлар ўтиб Ўзбекистон раҳбари жаҳоннинг энг йирик давлатлари ва компаниялари раҳбарлари билан суҳбатлашаётганини, катта-катта шартномалар имзолаётганини тасаввур қилинг, кўз олдингизга келтиринг...
Ҳа, оққан дарё оқмасдан қолмас... Наманганда ҳаёт ҳар доимгидан-да жўшқин ва шиддатли. Меҳнаткашларнинг кайфияти аъло, руҳи баланд. Режалар эса бир-биридан улкан. Улар йил охирига қадар вилоятга 4,2 млрд. доллар миқдорида инвестиция жалб этиш, экспорт ҳажмини 1 млрд. долларга етказиш, 323 мингта янги иш ўрни яратиш, 26 минг оилани камбағалликдан чиқаришга аҳд қилишган.
Орзуларинг ҳамиша йўлдош бўлсин, Наманган,
Эл-улусинг тоғлардек қўлдош бўлсин, Наманган.
Она Ватан шавкати йўлларингга сочиб нур,
Юртбошимиз даъвати қуёш бўлсин, Наманган…
Абдусаид Кўчимов,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
- Эндиликда муддати ўтган товарларнинг сотилиши автоматик равишда чекланади
- Хорижий тилларни ўрганмоқчи бўлган ёшларга «2+6» дастурига мувофиқ субсидия ажратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг