Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт формуласи

12:06 15 Март 2024 Сиёсат
305 0

Катта нарса узоқдан яхшироқ кўринади, дейишади. Ҳар куни рўй берадиган катта-кичик воқеалар ривожида биз уларнинг келгуси тараққиётдаги аҳамиятига тўлиқ баҳо бериш учун етарли вақтимиз ҳам бўлмайди. Бу ҳолат эса бир неча йиллар давомида терилиб, кейин умумий кўринишга эга бўладиган мозаикага ўхшайди. Фақат муайян бир вақт ўтгач, бугун бизга оддий бўлиб кўринган ана шундай воқеаларнинг аҳамиятини балки биз эмас, авлодларимиз тушуниб етишар.

Шундай бир кенг тарқалган ибора бор: ўзгаришлар даврида яшашдан Худо асрасин, дейдилар. Бу иборанинг қандай келиб чиққанини ҳам тушуниш мумкин. Яъни  кўпчилик одамлар ич-ичидан одатий ҳаётдаги кескин ўзгаришлардан чўчиб туришади. Улардан қандайдир ноаниқ хавф-хатар ёки муаммоларни кутишади. Балки бу одатдаги қўрқувдир? Масалан, янгича шароитларга тезда кўника олмаслик, ё бўлмаса, янги ва кўпинча баландроқ бўладиган талабларга жавоб бера олмасликдан қўрқишдир? Балки “Узоқдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка яхши”дир?!

Бошқа томондан эса янгиликка, тараққиётга интилишнинг йўқлиги турғунликка олиб келади. Ахир, ёнингдагилар олдинга қараб силжиса-ю, сен истиқболни ўйламай, аввалги ҳолатингда қолиб кетсанг... яхшими шу? Бу алоҳида бир киши ёки бир неча юз ва ҳатто бир неча минг киши учун ҳам унчалик фожиали воқеа эмасдир. Лекин бутун бир мамлакат миқёсига кўчса, бунинг оқибати анча аянчли бўлади. У тезда бошқалардан ортда қолиб кетади, аҳоли учун муносиб турмуш шароитларини яратиб бера олмай қолади.

Тўғри, улкан инқилобий йўл билан амалга ошириладиган ўзгаришлар ҳеч кимга ҳам керак эмас. Лекин эволюцион ривожланиш йўли, аниқ мақсадли ва изчил ўтказиладиган, асосийси — самарали ислоҳотлар орқали олдинга интилиш инсоният тарихида исботланган қонуниятдир.

Ўзбекистон ҳам ана шундай тараққиёт йўлини танлади. Янгиланиш жараёни миллий иқтисодиётни ривожлантириш, ижтимоий масалаларни ҳал этиш ва аҳолининг турмуш даражасини оширишни таъминламоқда. Жумладан, сиёсий ислоҳотлар давлат бошқаруви тизимини такомиллаштирди, хорижда қуролли тўқнашувлар рўй бераётган ва ижтимоий муаммолар кучайган бир шароитда мамлакатимизнинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилди. Иқтисодий ислоҳотлар эса ишлаб чиқаришнинг барча тармоғини модернизациялаш ва ривожлантириш, аҳоли даромадларини кўпайтириш учун шароит яратди. Ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар-чи? Улар ўзбекистонликларнинг турмуш даражасини кўтариш, аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлашга олиб келди.

Шу асосда ислоҳотлар жараёни узлуксиз давом этмоқда. Негаки, ҳар доим такомиллаштиришни талаб қилувчи йўналишлар, ҳал этишни ҳаётнинг, даврнинг ўзи тақозо қиладиган масалалар юзага чиқади.

Бугунги кунда биз янги Ўзбекистонни бунёд этиш бўйича долзарб ишлар билан бандмиз. Мамлакатимиз раҳбарияти унинг энг яқин даврга, ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган вазифаларини аниқ белгилаб берган.

Тараққиётнинг тўлиқ манзараси алоҳида воқеа-ҳодисалардан иборат бўлгани ҳолда, уларнинг ҳар бири мамлакатнинг келгуси ривожи сари йўналтирилмоқда.

Ўзбекистон билан ҳамкорликка қизиқиш катта

Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 18-моддасида “Ўзбекистон Республикаси давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни ҳар тарафлама ривожлантиришга қаратилган тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга оширади”, деган қоида белгилаб қўйилган. Шундай экан, давлатимиз кўплаб мамлакатлар билан самарали ҳамкорлик қилган ҳолда, ушбу моддани аниқ чора-тадбирлар билан мустаҳкамлаб келяпти.

Биринчи галда МДҲ мамлакатлари билан ҳамкорликни кўрсатиб ўтиш мумкин. Давлатимиз улар билан бир неча ўн йиллар давомида биргаликда ривожланиб келган, жумладан, умумий хўжалик-иқтисодий алоқалар асосида, кейинги йилларда эса — мустақилликка эришган давлатлар билан ўзаро манфаатли келишувлар асосида. Ҳамдўстлик доирасида Ўзбекистон ҳар доим янгидан-янги қўшма лойиҳалар бўйича ташаббус кўрсатиб келмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган йили октябрда МДҲ саммитида сўзлаган нутқида Ҳамдўстлик доирасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурган эди. Улар орасида қуйидаги таклифлар бор: кўп томонлама ҳамкорликнинг янги узоқ муддатли кун тартибини ишлаб чиқиш мақсадида МДҲ мамлакатларининг етакчи таҳлил марказлари ва экспертларининг конференциясини ташкил этиш; ташкилот маконида истисно ва чекловларсиз тўлақонли эркин савдо ҳудудини шакллантириш; ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш ва лойиҳаларни илгари суриш бўйича қўшимча чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш; МДҲ мамлакатларининг Саноат кооперацияси ва инновацион ишланмалари форумини ўтказиш; Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик бўйича янгиланган дастурни ҳамда Агросаноат мажмуидаги кооперациянинг асосий йўналишлари тўғрисидаги битимни тайёрлаш; ҳудудлараро ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича “Йўл харитаси”ни тайёрлаш; транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни кучайтириш, йўловчи ва юк ташишни кўпайтириш.

Мамлакатимиз МДҲ доирасидаги  кўп томонлама ҳамкорликдан ташқари, Ҳамдўстликка аъзо давлатлар билан ўзаро фаол икки томонлама алоқаларни ҳам йўлга қўйган. Мисол учун, Россия Федерацияси билан саноат, энергетика, транспорт, кимё ва фармацевтика йўналишларида қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Кооперация алоқалари давлатлараро даражада ҳам, минтақалар ўртасида ҳам ривожланиб бормоқда. Биргина ўтган йили октябрда Қозон шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги минтақалараро ҳамкорликнинг учинчи форуми доирасида 3,5 миллиард долларлик битим ва шартномалар имзоланди.

Шу билан бирга, кўп ўн йилликлар давомида савдо-иқтисодий алоқаларни давом эттириб келаётган мамлакатлар билан бир қаторда, Ўзбекистон бошқа давлатлар билан ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда. Бунга Ўзбекистон — Хитой Халқ Республикаси муносабатлари ёрқин мисол бўла олади. Кейинги йилларда бу борада улкан ўзгаришлар рўй берди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, кейинги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётига киритилган Хитой инвестициялари ҳажми беш баравар ортган, қўшма корхоналар сони уч баравар кўпайиб, 2,4 мингдан ошган, жамғарилган ХХР инвестициялари 14 миллиард долларга етган. 2023 йил якунларига кўра, Хитой савдо айланмаси ҳажми бўйича Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорлари орасида биринчи ўринни, экспорт ҳажми бўйича эса иккинчи ўринни эгаллади.

Кейинги етти йилда Ўзбекистоннинг Хитой билан савдо айланмаси деярли уч баравар, яъни 4,8 миллиарддан 13,7 миллиард долларгача ортган. Икки давлат етакчилари йиллик савдо айланмасини 20 миллиард долларга етказиш мақсадини белгилаб олишди. Айни вақтда Ўзбекистонда Хитой инвестициялари ҳисобидан энергетика, жумладан, қайта тикланувчи энергетика, автомобиль ва электротехника саноати соҳаларида муҳим лойиҳалар рўёбга чиқарилмоқда.

Мамлакатимиз миллий иқтисодиётни янада ривожлантириш учун бошқа давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқаларни халқаро ташкилотлар ва дастурлар доирасида янада кенгайтириш ҳамда чуқурлаштириш бўйича барча имкониятдан фаол фойдаланмоқда.

Масалан, ҳамкорликни ривожлантиришда Туркий давлатлар ташкилоти самарали майдон бўлиб хизмат қиляпти. Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг ўтган йили ноябрда Остона шаҳрида бўлиб ўтган мажлисида муҳим масалалар қаторида Туркий тараққиёт банкини ташкил этиш ишларини ҳам фаоллаштириш, ушбу молия муассасасини Тошкент шаҳрида жойлаштириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Бу эса давлатларимиз ўртасида саноат кооперациясини кучайтириш ва йирик сармоявий лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Президенти Туркий давлатлар савдо ҳамкорлиги тадқиқот марказини ташкил этиш бўйича бошланган амалий ишларни тўлиқ маъқуллаб, марказ имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда, биргаликда савдо тўсиқларини бартараф этиш, экспорт-импорт ҳажмини кўпайтириш бўйича янги механизмларни кенг жорий қилиш, электрон савдо платформаларини ривожлантиришга қаратилган аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш заруратига эътибор қаратди. Глобал логистика занжирлари ва транспорт йўлакларини ривожлантириш ҳамда диверсификация қилиш, ягона транзит тармоғини шакллантириш масалалари долзарб аҳамиятга эга экани ҳам таъкидланди. Бу борада давлатимиз раҳбари Ўрта коридор салоҳиятини кенгайтириш, қўшимча кўп тармоқли йўналишларни, жумладан, Хитой, Жанубий Осиё ва Европа бозорларига мамлакатларимиз орқали ўтадиган коридорларни ривожлантириш ҳамда транспорт хизматларини рақамлаштириш чораларини қўллаб-қувватлади.

Орадан кўп ўтмай Шавкат Мирзиёев Боку шаҳрида БМТнинг Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётлари учун махсус дастури (СПЕКА) биринчи саммитида иштирок этди. Ўзбекистон Президенти ўз нутқида дастур доирасида тижорат, коммуникация, транспорт ва логистика, рақамлаштириш, энергетика, сув ресурслари, экология, гендер тенглиги ва бошқа соҳаларда амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилганини қайд этди, шунингдек, савдони соддалаштириш ва инновацион ривожланиш стратегияларини қабул қилиш бўйича СПЕКА доирасидаги минтақавий ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан қатор амалий ташаббусларни илгари сурди.

Минтақавий савдони рағбатлантириш мақсадида давлатимиз раҳбари мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ва экспорт-импорт операцияларини техник тартибга солиш чораларини уйғунлаштириш борасида жаҳондаги энг илғор тажриба ва амалиётларни жорий этишни назарда тутадиган қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.

Ушбу чораларнинг қабул қилиниши, Президентимизнинг фикрича, давлатларимиз ўзаро савдо айланмасини 2030 йилга бориб 100 миллиард долларга, унинг таркибидаги саноат маҳсулотлари улушини эса 70 фоизга етказиш имконини беради. Шунингдек, “яшил” иқтисодиёт, инновациялар, юқори технологиялар, логистика, муқобил энергетика, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, замонавий ижтимоий инфратузилмани яратиш ва бошқа соҳалардаги йирик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида СПЕКАнинг Мақсадли жамғармасини ташкил этиш ва унинг амалий ишини йўлга қўйиш муҳимлиги қайд этилди.

Юқорида кўрсатиб ўтилган мисоллардан ташқари, давлатимиз раҳбариятининг Тараққиёт стратегиясидаги устувор мақсадлардан бирини рўёбга чиқариш бўйича ишларини, хусусан, Жанубий Осиё, Яқин, Ўрта Шарқ ва Африкадаги ҳамкорларимиз — Саудия Арабистони, БАА, Кувайт, Қатар, Покистон, Ҳиндистон, Эрон билан савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш бўйича мақсадли чораларини қайд этиш жоиз.

Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан дипломатик алоқалар доимий равишда кенгайиб ва чуқурлашиб бормоқда. Шу ерда савол туғилади: нима учун тобора кўпроқ мамлакатлар Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантирмоқда, ахир, яқингача мамлакатимизга нисбатан бундай қизиқиш билдиришмаётган эди-ку. Бунинг омиллари кўп. Лекин кўпгина халқаро экспертлар таъкидлашича, биринчи галда шу нарса роль ўйнаяптики, Ўзбекистон раҳбарияти тинчликсевар сиёсатни фақат декларация қилмайди, балки уни амалга оширади. Ўзбекистонда ижтимоий барқарорлик ҳукмрон, самарали ислоҳотлар ҳисобига миллий иқтисодиётнинг ўсиши таъминланган, мамлакат интилаётган аниқ мақсадларни ўз Тараққиёт стратегиясида белгилаб олган. У истиқболли лойиҳаларни илгари суради. Хорижий сармоядорларни бу лойиҳаларда ўзаро манфаатли асосда иштирок этишга таклиф қилади. Уларга барча даражада, жумладан, давлат даражасида ҳар томонлама кўмак кўрсатади.

Даврдан ортда қолмай

Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш Ўзбекистонда истиқболли инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

— Янги Ўзбекистон дунёдаги етакчи давлатлар учун жозибадор ва ишончли ҳамкорга, Марказий Осиё эса халқаро сармоядорлар учун стратегик имкониятлар минтақасига айланди, — деб ҳисоблайди Европарламент депутати Фабио Кастальдо.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда глобал миқёсдаги лойиҳалар рўёбга чиқарилмоқда. 2021 йил декабрда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида “Uzbekistan GTL” заводининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Президент Шавкат Мирзиёев ушбу тадбирдаги нутқида айтиб ўтганидек, бундай улкан мажмуанинг қурилиши кейинги йилларда мамлакатимизда саноат ривожини сифат жиҳатдан янада юқори босқичга олиб чиқиш бўйича амалга ошираётган сиёсатимиз натижасидир. Сиёсатки, у Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг умумий мақсадига қаратилган.

Уларнинг асосий йўналишлари эса бугунги тез ўзгараётган давр талабларига ғоят мос тушади. Бугун халқаро майдонда шундай масалалар пайдо бўляптики, ҳар қайси давлат уларни ҳал қилмай туриб, ўз нуфузини йўқотиб қўйиши, иқтисодиёти эса рақобатга чидамсиз бўлиб қолиши ҳеч гап эмас.

Жаҳонда кузатилаётган жараёнлар, масалан, атмосферага зарарли чиқиндилар чиқаришни камайтириш, қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтишга қаратилган ҳаракатларни ҳам инобатга олиш зарур.

Бу борада “Uzbekistan GTL” заводини қуриш лойиҳаси кўп жиҳатдан ибратли. Мазкур завод нафақат мамлакатимизда, балки бутун минтақадаги 3,6 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлайдиган энг йирик нефть-газ-кимё корхонаси ҳисобланади. Бу ерда жорий этилган замонавий GTL технологияси асосида ноёб маҳсулот ишлаб чиқарилади. Масалан, авиакеросинни олайлик. У сифати ва тозалиги бўйича бошқа корхоналарда ишлаб чиқариладиганларга қараганда анча юқори бўлиб, замонавий самолётлар учун мўлжалланган. Дизель ёнилғиси эса энг юқори — камида “Евро-6” стандартига жавоб беради.

Завод “яшил” иқтисодиётга ўтиш талабларига мос тушади. Унинг маҳсулотлари эса энг юксак халқаро экологик талаблар ва меъёрларга монанд. GTL — ёқилғисидан фойдаланганда анъанавий ёнилғига нисбатан зарарли чиқиндилар миқдори 40 фоиз камаяди.

Эксперт ва мутахассислар маълумотларига кўра, GTL технологиялари бўйича ишлаб чиқарилган маҳсулотга талаб ортиб бормоқда. Анъанавий ёнилғи турларининг нархи қимматлашгани, “яшил” сертификатлар эса оммалашиб боргани сари ушбу талаб янада юқорилайди. Демак, ҳозирда ишлаб чиқарилаётган ва истиқболда ўзлаштирилиши режалаштирилган “Uzbekistan GTL” маҳсулотлари яхшигина рақобат афзалликларига эга.

Мавзуни давом эттирар эканмиз, яна бир воқеага эътиборни қаратамиз. Жорий йилнинг январида Президент Шавкат Мирзиёев ХХРга давлат ташрифи доирасида Шэньчжэн шаҳрида жойлашган “BYD” компанияси бош қароргоҳида бўлди ҳамда компаниянинг технологик марказини кўздан кечирди. Мазкур компания гибрид автомобиллар ва электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи мавқени эгаллайди. Давлатимиз раҳбари Хитой компанияси раҳбарияти билан бирга Жиззах вилоятида бунёд этилиши режалаштирилган 50 минг дона гибрид ва электр автомобилларини йиҚишга ихтисослаштирилган лойиҳанинг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.

Мазкур лойиҳани ҳам стратегик нуқтаи назардан баҳолаш мақсадга мувофиқ. Тан олиш керак, мамлакат автомобилсозлигига ички эҳтиёжни қондириш ва экспортга маҳсулот чиқариш учун ҳали анча меҳнат қилиш зарур. Соҳа ва унинг мутасаддилари олдига улкан вазифа — йилига бир миллион автомобиль ишлаб чиқариш режаси қўйилган. Шу билан бирга, дунё миқёсидаги ўзгариш, мойилликларни ҳам инобатга олиш зарур. Етакчи компаниялар ички ёниш двигателига (ИЁД) асосланган автомобиллар миқдорини қисқартиришга ёки тўлалигича электромобиллар ишлаб чиқаришга оммавий тарзда ўтишмоқда. Қолаверса, кўплаб мамлакатларда ИЁД билан жиҳозланган машиналарга чекловлар жорий қилинмоқда, электромобиль ишлаб чиқарувчилари ва эгаларига эса имтиёзлар берилмоқда.

Президент айтиб ўтганидек, бизнинг корхоналар электромобилларни ўзлаштиришни пайсалга соладиган бўлса, келажакда рақобатга кириша олмайди. Зарарли чиқиндилар миқдорини қисқартириш масаласи долзарблик касб этиб борар экан, электромобиллар ишлаб чиқариш истиқболли йўналиш бўлиб қолаверади. Шундай экан, гибрид ва электр автомобиллар бўйича “BYD” компанияси шериклигидаги лойиҳа “яшил” автомобиллар ишлаб чиқарувчи етакчи компаниялар билан ҳамкорлик борасидаги илк қадам бўлди.

“Яшил” энергетика борасида ҳам шунга ўхшаш фикрлар билдириш мумкин. Кейинги йилларда Ўзбекистонда бу йўналишда ҳам туб бурилиш ясалди. Қуёш ва шамол энергияси имкониятларидан фойдаланиш ҳақидаги қарорни ўта муҳим ва истиқболли дейиш мумкин. Мазкур йўналишга асос солиш ва уни ривожлантириш учун катта миқдорда маблағ талаб этилади. Шу сабабли мамлакат раҳбарияти “яшил” лойиҳаларни амалга ошириш йўлида йирик хорижий инвесторларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратди. Бунинг учун зарур қонунчилик базаси деярли янгидан яратилди, хорижий сармоядорларни қизиқтириш учун маълум имтиёз ва преференциялар берилди.

Нима бўлганда ҳам мақсад харажатларни оқлаши аниқ. Навоий ва Самарқанд вилоятларида қурилган, ҳар бирининг қуввати 100 МВтли фотоэлектр станцияларида ўтган йили 580 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу миқдор 240,4 минг уй хўжалигининг йиллик истеъмолини қоплашга етади.

Қуввати 500 МВтга тенг шамол электр станциясининг парраклари Навоий вилоятининг Томди тумани қиёфасини ўзгартириб юборди. Иншоотнинг 100 мегаваттли биринчи навбати ўтган йилнинг охирида ишга туширилган бўлиб, қисқа вақт мобайнида 155 минг хўжалик эҳтиёжини қондиришга қодир бўлган деярли 31,2 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Шамол электр станциясининг 200 МВт қувватга тенг кейинги навбати жорий йил якуни билан фойдаланишга топширилади. 2025 йилда эса ШЭС тўлиқ қувват билан ишлай бошлайди.

Томди туманидаги иншоотга баландлиги 97 метрли шамол турбиналар, узунлиги 77 метрга тенг парраклар ўрнатилаётган бўлса, Бухоро вилоятининг Пешку ва Ғиждувон туманларида барпо этилаётган иккита — ҳар бири 500 мегаваттли шамол электр станцияларига баландлиги 100 метрдан зиёд турбиналар, 84 метрли парраклар ўрнатилмоқда.

Иншоотнинг шамол ҳисобига 400 МВт электр энергияси ишлаб чиқарувчи биринчи қуввати жорий йил якунида ишга туширилиши мўлжалланган. ШЭС тўлиқ қувватга кирганда эса йилига 3,6 миллиард киловатт-соат электр энергияси етказиб беради. Айтиш жоизки, ушбу ҳажм ҳисобига 1,1 миллиард куб метр табиий газ иқтисод қилинади ҳамда атмосфера 1,5 миллион тонна чиқиндилар билан заҳарланишининг олди олинади.

Келтириб ўтилган рақамлар Ўзбекистоннинг “яшил” энергетика соҳасидаги улкан ва истиқболли дастурининг илк дебочаси, холос. Мазкур лойиҳа халқаро ҳамжамиятнинг ҳам эътиборини тортди. Масалан, кўплаб мамлакатларнинг оммавий ахборот воситаларида жорий йил бўсағасида Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидаги бешта фотоэлектр станцияси ҳамда Навоий вилоятидаги қуввати 2 400 мегаваттга тенг шамол электр станциясини умумий тармоққа улаш тантанали маросими кенг ёритилди. Президент Шавкат Мирзиёев ўз сўзида мамлакат аҳолиси ва иқтисодиётини электр энергияси билан барқарор таъминлаш, иқлим ўзгариши салбий оқибатларини юмшатиш, республиканинг қуёш ва шамол энергияси борасидаги улкан салоҳиятидан унумли фойдаланиш, “яшил” энергия ҳисобидан экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқариш, хорижий ҳамкорлар билан биргаликда қуёш ва шамол электр станциялари учун ускуналар ҳамда бутлаш қисмларини ишлаб чиқариш, уларни таъмирлаш ва қуришга йўналтирилган бошқа соҳаларни ривожлантиришда “яшил” генерациянинг аҳамиятини эътироф этди.

Жорий йилда инвесторлар ҳамда Саудия Арабистони, БАА, Хитой, Франциянинг жаҳонга машҳур компаниялари билан ҳамкорликда қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш, энергияни сақлаш тизимларини барпо этиш бўйича ўнта лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. 2024 йилнинг ўзида ФЭС қувватини 2,6 гигаваттга, ШЭС қувватини эса 900 мегаваттга етказиш, 400 мегаватт энергия сақлаш имконини берувчи иншоотларни ишга тушириш режалаштирилган.

Умуман айтадиган бўлсак, 2030 йилга қадар “яшил” электростанциялар қувватини 27 гигаваттга олиб чиқиш мўлжалланган. Бу эса, ўз навбатида, электр энергияси ишлаб чиқаришни ошириш баробарида, йилига 25 миллиард куб метр табиий газни тежаш ва атмосфера 34 миллион тонна зарарли моддалар билан ифлосланишининг олдини олишга замин яратади.

— Ўзбекистон босқичма-босқич циркуляр иқтисодиётга ўтишни амалга оширмоқда. Унинг асосий афзалликлари шундаки, циркуляр иқтисодиётда, аввало, ресурслар тежалади, чиқиндилар салмоҚи камаяди, углеводород билан боғлиқлик қисқаради, аҳоли фаровонлиги ортади, — деб ёзади Испаниянинг “El Mundo Financiero” нашри мухбири. — Шу ва бошқа саъй-ҳаракатлар Ўзбекистонни “яшил” ўсиш борасида Марказий Осиёнинг етакчисига айлантиради ҳамда бутун минтақани “яшил” келажакка томон етаклайди.

Эришилган натижалар Ўзбекистон жаҳоннинг асосий трендларидан ортда қолмасликка интилаётганини, замон талабига мос равишда ҳаракатланаётганини исботлайди.

Иқтисодиёт ўсиб бормоқда, фаровонлик ортмоқда

Мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижаси ўлароқ нисбатан қисқа даврда бутун республика миқёсида улкан ўзгаришлар рўй берди. Яқин-яқинга қадар, таъбир жоиз бўлса, ҳаёт пойтахт атрофида айланар эди, ҳудудларга эса қолдиқ тамойили асосида эътибор бериларди. Бугун вазият тубдан ўзгарди. Албатта, жойларда ҳаёт даражаси марказга нисбатан фарқланса-да, инфратузилма соҳасидаги шиддатли ўсиш динамикасидаги замонавий саноат корхоналарини қуриш, уй-жой ҳамда ижтимоий объектларни барпо қилиш борасидаги ўзгаришлар яққол сезилмоқда.

Шаҳар ва туманлардаги ҳолатдан кўпроқ хабардор бўлган маҳаллий ҳокимиятга ҳудудларни ривожлантириш истиқболларини белгилашда кенг имкониятлар тақдим этилган. Аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган мақсадларга эришишда, дастур ва лойиҳаларни амалга оширишда уларни молиялаштириш катта аҳамият касб этади. Молиялаштириш масаласи эса ҳудудларда олинаётган даромадлар миқдори билан узвий боғлиқ.

Айнан шу боис мазкур жиҳатга Тараққиёт стратегиясида алоҳида эътибор қаратилган. Яъни ҳудудий иқтисодиёт ҳажмини 1,4-1,6 карра ошириш, иқтисодиётни мувозанатли ривожлантиришни таъминлаш, саноат ва тадбиркорликни жадал ривожлантириш каби аниқ вазифалар қўйилган. Республика туманлари ва шаҳарлари кесимида ишлаб чиқилган ва беш йилга мўлжалланган ҳудудий дастурлар шунга йўналтирилган.

Мазкур дастурларни амалга ошириш масаласи давлатимиз раҳбарининг доимий эътиборида бўлмоқда. Ҳудудларга ташрифлари давомида Президентимиз ислоҳотлар натижалари билан танишиш асносида оддий одамларнинг турмуш тарзидаги янгиланишлар хусусидаги фикр-мулоҳазаларига ҳам қулоқ тутади.

Ҳар бир ташриф иқтисодиёт тармоқларида олиб борилаётган ислоҳотлар натижалари аҳоли фаровонлигига кўрсатаётган ижобий таъсирини ҳам намоён этади.

Мисол учун олиб қарайдиган бўлсак, Андижон вилояти миллий автомобилсозликнинг бешиги ҳисобланади. Бугунги кунда вилоятда автомобиль ишлаб чиқариш соҳасига тааллуқли 12 та йирик ва 160 дан зиёд ўрта ва кичик корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Уларда яхшигина даромад топаётган 17 минг ишчи ва мутахассис меҳнат қилади. Кооперация асосида эҳтиёт қисмлар етказиб беришга ихтисослаштирилган лойиҳалар кенгайиши баробарида, банд бўлганларнинг салмоҚи ортиб бораверади.

Кейинги йилларда мамлакатда индустриал ҳудудлар ташкил этиш ва ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг февраль ойида Андижон вилоятига қилган ташрифи давомида Андижон туманида ташкил этилган “Андижон саноат хаби” корхонасини кўздан кечирди. Бу ерда 195 гектар майдонда машинасозлик, электротехника, қурилиш материаллари каби соҳаларда ўндан ортиқ лойиҳалар амалга оширилган. Жорий йилда мазкур индустриал ҳудудда 150 миллион доллардан зиёд ўндан ортиқ лойиҳалар ишга туширилиши режалаштирилган. Натижада вилоятнинг саноат салоҳияти, харидоргир маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ортади, яна икки мингта иш ўрни яратилади.

Давлатимиз раҳбарининг тавсия ва кўрсатмалари асосида ҳудуд иқтисодиётини янада равнақ топтириш учун хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш мўлжалланмоқда. Биргина Хитой инвесторлари билан 3 миллиард долларлик шартномалар тузилган. Жорий йилда эса яна бир миллиард доллар миқдоридаги инвестициялар жалб этиш мумкин. Шу мақсадда Андижон тумани ҳудудидаги 218 гектар майдонда “Ипак йўли” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилиб, хорижий инвесторларга солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим қилинади. Истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш учун эса зарур инфратузилма яратилади.

Хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда вилоятда қиймати 1,7 миллиард долларга тенг бўлган 26 лойиҳа бажарилмоқда. Ушбу лойиҳалар энергетика, электротехника, машинасозлик, текстиль, қурилиш маҳсулотлари, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, таълим ва инфратузилма каби соҳа ҳамда тармоқларни қамраб олган. Улар доирасида кичик гидроэлектростанциялар, уй-жойлар ва дам олиш масканларини қуриш, электробуслар ва аккумуляторлар, керамик мармар, бетон панеллар, дори воситалари ишлаб чиқариш, гилос ва бошқа мевалар етиштириш режалаштирилган. Янги қувватлар эса янги иш ўринлари демакдир. Аҳолиси зич бўлган Андижон вилояти учун бу долзарб аҳамиятга эга. Ўзбекистон Президенти билан бўлган суҳбатда хитойлик инвесторлар мамлакатимизда бизнес юритишга катта қизиқиш билдириб, бунинг учун республикада ва мазкур ҳудудда қулай имкониятлар яратилганини эътироф этди.

Февраль охири — март бошида Хоразм вилоятига ташриф давомида ҳам давлатимиз раҳбари ҳудудларни ривожлантириш борасидаги аниқ натижалар билан танишди.

Ислоҳотлар туфайли сўнгги йилларда мазкур ҳудуд жадал ривожланмоқда. Айрим маълумотларга кўра, 2017 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 12 триллион сўмни, аҳоли жон бошига даромад эса атиги 6,7 миллион сўмни ташкил қилган бўлса, бугунги кунда рақамлар мос равишда 37 триллион ва 19 миллион сўмга етказилган. Мазкур кўрсаткичларга саноат корхоналарининг салмоҚини 20,2 мингдан 31 мингга ошириш, саноат ишлаб чиқаришини эса 4,1 триллион сўмдан 18,3 триллион сўмга етказиш ҳисобига эришилди.

Иқтисодиётнинг турли тармоқларида самарали амалга оширилаётган кўплаб лойиҳаларни тилга олиш мумкин. Жумладан, “Хива кластер” МЧЖ бунга яққол мисол бўла олади. Жамият раҳбарияти давлатимиз етакчиси ташаббуси билан тақдим этилган имтиёз ва имкониятлардан самарали фойдалана олган. Ўтган йилда кластер салкам 20 минг тонна пахта етиштирди. Эътиборлиси, 1 545 гектар майдонда томчилатиб суғориш усули қўлланилди. Натижада суғориш жараёнида қимматли сув ресурслари сезиларли даражада тежалди.

Президент кластердаги якуний жараён — текстиль корхонаси фаолияти билан танишди. Бу ерда замонавий ускуналар асосида йилига 7 минг тонна калава ип, 4 минг тонна трикотаж матоси, 10 миллион тонна тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Барча маҳсулот халқаро стандартларга жавоб беради ҳамда тўлалигича экспорт қилинади. Корхонанинг умумий экспорт салоҳияти йилига деярли 15 миллион долларга тенг.

2018 — 2023 йиллар давомида кластер томонидан 105 миллион доллар қийматга эга лойиҳалар амалга оширилиб, йилига 50 миллион долларга тенг экспорт имкониятлари яратилди. Эътиборлиси, пахтани етиштириш ва чуқур қайта ишлаш билангина чекланиб қолмай, ҳамкорлик асосида пахта ёғи, совун, тухум, сут маҳсулотлари ва ҳатто пойабзал ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Кластер том маънода агро ишлаб чиқариш марказига айланган. Президент кластернинг истиқболдаги режалари билан танишди. Режалар эса бисёр. Биринчи навбатда, бу пахта етиштириш ва уни чуқур қайта ишлаш асносида қўшимча қиймат яратиш кўламини янада кенгайтириш билан боғлиқ. Қолаверса, бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш лойиҳалари устида дастлабки иш олиб борилмоқда. Шунингдек, истеъмолбоп маҳсулотлар етказиб бериш, кичик юк ташиш автомобилларини ишлаб чиқариш лойиҳалари тузилмоқда. Аҳамиятлиси, айтиб ўтилган лойиҳалар эвазига иш ўринлари ҳозирги 10 мингтадан 30 мингтага етказилади. Демак, келажакда яна 20 минг хоразмликнинг оиласига барака киради.

Бу каби ижобий ўзгаришлардан дарак берувчи мисолларни барча ҳудудда кўриш мумкин. Жойлардаги учрашувлар давомида Президентимиз шуни ҳам таъкидлайдики, иқтисодий ўсиш учун ишга солинмаган имкониятлар ҳали жуда кўп. Шунинг учун давлатимиз раҳбари барча 208 та туман ва шаҳарнинг “ўсиш нуқталари”ни аниқлаш, иқтисодий ривожлантириш ҳисобига аҳоли даромадларини кўпайтиришга қаратилган лойиҳаларни тайёрлаш юзасидан топшириқлар берди.

Ҳиндистонда чоп этиладиган нуфузли “The Economic Times” нашрининг эътироф этишича, ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий имкониятини чуқур таҳлил қилиш асосида уларни яхлит ва параллель равишда ривожлантириш Ўзбекистон иқтисодий тараққиётининг муҳим тамойили бўлиб хизмат қилади.

— Жаҳон миқёсида кузатилаётган иқтисодий гирдоблар даврида Ўзбекистон барқарор иқтисодий ўсишга эришиб келаётган давлатдир. У аста-секинлик билан Марказий Осиёнинг инвестициявий хабига айланмоқда, — дея хабар беради нашр. — Мамлакатда амалга оширилган изчил ислоҳотлар, бизнес юритиш учун яратилган қулай шароитлар, жумладан, имтиёз ва преференциялар, инвестор ҳуқуқларининг кафолатлангани маҳаллий ва хорижий сармоядорлар қизиқишини оширмоқда. 

Юқорида айтиб ўтилган барча ҳаётий мисоллар — улкан бунёдкорлик ишлари, ишлаб чиқаришда асрларга татигулик мегалойиҳалар, аҳоли турмуш сифатини оширишга қаратилган чора-тадбирлар бир қарашда турлича манзара ҳосил қилаётгандай кўринади. Аммо уларни бирлаштирувчи умумий махраж борки, бу ҳам бўлса, халқимиз азалдан орзу қилган осуда ва фаровон ҳаётга эришишда дадил қадамлар ташланаётгани, янги Ўзбекистон орзуси реал ҳақиқатга айланаётгани, мамлакатимиз дунёда ўз ўрни, ўз овозига эга бўлиб бораётганида яққол акс этади.

Ўткир РАҲМАТ.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?