Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт эшиги

18:18 11 Сентябр 2025 Жамият
107 0

Сурхондарё — бу оддий замин эмас. Бу юрт — инсон жасоратининг қудрати билан суғорилган диёр. Ҳар бир тошининг остида тарих ётибди, ҳар бир тоғининг бағрида ирода, сабр ва ғайрат бор. Бу воҳа кўп ва хўп воқеаларга гувоҳлик қилди: одамзоднинг шаклланишидан то илк давлатчилик пайдо бўлишигача, босқинлар ҳам, мустамлакачилик ҳам, синову азоб ҳам. Лекин Сурхон — елкасида тоғ кўтарадиган, елкам деб Ватанни кўтарадиган алплар юрти, заҳматкаш фидойилар юрти бўлиб келмоқда.

Бугун тарих яна бир бор бурилиш остонасида. Энди Сурхондарё ҳақида гап кетса, у “чегара ҳудуд” деб эмас, балки Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт эшиги сифатида тилга олинмоқда. Бу ерда гўё тарихий сукунат эмас, ҳақиқий тараққиётга интилиш бошланган. Илгариги босқинчилар ўтган йўллардан энди инвесторлар ўтмоқда.

Инсон қадрини эъзозловчи “Янги Ўзбекистон” ғояси Сурхондарёни бунёдкорлик майдонига айлантирди. Воҳанинг ҳар бир бурчаги тараққиёт нафасини ҳис этмоқда. Жорий йилда вилоятда 8 триллион 304,9 миллиард сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилди.

— Қурилиш соҳасида эришилаётган бу ютуқлар, аввало, Юртбошимиз томонидан ҳудудларни барқарор ривожлантириш, замонавий шаҳарсозликни жорий этиш борасида белгиланган устувор йўналишларнинг амалдаги натижасидир, — дейди вилоят ҳокими ўринбосари Алишер Амиров. — Жорий йилда вилоятимизда 8 триллион 304,9 миллиард сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилди. Бу 110,2 фоизлик ўсиш демакдир. Ўз навбатида, бу иқтисодий ўсиш билан бирга, аҳоли ҳаёти сифатининг ҳам яхшиланаётганини англатади. Қувонарлиси, бу жараёнда маҳаллий корхоналар, тадбиркорлар ва микрофирмаларнинг улуши катта. Улар умумий ҳажмнинг 55,5 фоизини ташкил этди. Йирик ташкилотлар томонидан 143,6 фоизлик ўсиш қайд этилди.

Сурхондарёдаги ўзгаришлар фақат рақамларда эмас, балки кўз билан кўриб, юрак билан ҳис қилиш мумкин бўлган жараёнларга айланган: Термиз шаҳридаги “Yangi Termiz City” мажмуаси юрт юрагида янги нафас, янги шаҳарсозлик руҳи билан шаклланмоқда. Бу ерда савдо марказлари, офислар, меҳмонхоналар, кўп қаватли уйлар ва ижтимоий объектлар қурилмоқда. Ҳар бир ғишт, ҳар бир девор келажак учун бунёд этилаётган замонавий муҳитнинг тимсолига айланмоқда. Термиз туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида 55,5 гектар ерда барпо этилаётган 74 та кўп қаватли уй, мактаблар, боғчалар, оилавий поликлиника каби иншоотлар орқали аҳолининг кундалик ҳаёти, турмуш сифати ва хизматларга бўлган имкониятлари сезиларли даражада яхшиланмоқда.

Термиз шаҳридаги маҳобатли “Моваро” турар-жой мажмуаси, 24/7 туризм кўчаси, янги кафелар, хизмат кўрсатиш нуқталари — буларнинг барчаси аҳоли юзидаги мамнунликнинг қайта намоён бўлаётганидан, улар учун қулай муҳит яратилаётганидан далолат беради.

— Термизга ҳар сафар келганимда ҳайратда қоламан, — дейди бойсунлик Эгамберди ота Пирназаров. — Илгари бу шаҳар шунчаки туман марказларидан каттароқ жой эди. Катта-катта бинолар, кенг йўллар, яшиллик, чиройли иншоотлар. Ҳар бир қадамда янгилик, ҳар бир кўчада ҳаёт нафаси янгиланмоқда. Бойсуннинг ўзида ҳам ҳар бир маҳалла, ҳар бир қишлоғида янгиланишлар. Замонавий мактаблар, боғчалар, йўллар, янги-янги кўп қаватли уйлар қуриляпти. Илгари орзу қилган нарсаларимиз энди ҳаётимизда рўй беряпти. Юртимиздаги тинчлик, меҳнат ва ҳамжиҳатлик билан шундай ҳаётни қуряпмиз. Халқимиз бундай дориламон кунларнинг қадрига етади, албатта.

Қурилиш бу ерда фақат девор кўтариш эмас — бу одамлар ҳаётини юксалтириш, болаларга илм, оилаларга қулайлик, жамиятга тараққиёт бериш демакдир. Бу жараённинг илк натижалари ёруғ, таъсирли ва бардавомдир. Воҳаликлар бу кўрсаткичлар билан чекланиб қолаётгани йўқ.

Термиз шаҳрида барпо этилаётган “Темирчилик кластери” ва қурилиш материаллари саноат зонаси — саноатнинг тикланиши, иш ўринларининг кўпайиши ва маҳаллий иқтисодиётнинг мустаҳкамланиши йўлидаги янги қадамлардан. Бу ердаги ҳар бир ишланма қалб қўри, чин ватанпарварлик билан амалга оширилмоқда.

Бунинг баробарида транспорт, йўл инфратузилмаси, автотураргоҳлар, замонавий шаҳар муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Масалан, “Developments-Rest” МЧЖ томонидан қурилаётган 28-32 қаватли турар жойлар, бизнес марказлар, меҳмонхоналар, боғча ва хизмат нуқталари билан тўла лойиҳа — кўҳна Термизни энди нафақат юртдошларимиз, балки дунё сайёҳлари учун ҳам замонавий марказга айлантиришга хизмат қилмоқда.

Шу кенг қамровли ташаббуслар қаторида умумий қиймати 50 миллион доллар бўлган “Обиҳаёт парк” мажмуаси — Сурхон дарёсининг соҳилида туризм, савдо ва шаҳарсозликни бирлаштирган улкан лойиҳа сифатида 42 та турар ва нотурар иншоотни ўз ичига олган. Замонавий уй-жойлар, меҳмонхоналар, миллий ва халқаро ресторанлар, фитнес марказлар, кўнгилочар масканлар 24 соат фаолият кўрсатувчи кўчаларни ўз бағрига жамламоқда.

Бу ислоҳотлар жараёнида экология ва барқарорлик масалалари ҳам эътибор марказида бўляпти. “Yangi Termiz City” мажмуасида сунъий кўллар орқали табиий муҳитни асраш, иқлимни юмшатиш, шаҳарнинг ҳаво сифатини яхшилаш каби экологик ёндашувлар ҳам амалда қўлланмоқда. Ижтимоий инфратузилмага алоҳида эътибор қаратилиб, мактаблар, боғчалар, поликлиникалар орқали аҳолининг таълим ва тиббиётга бўлган эҳтиёжлари қондирилмоқда. Бу орқали ҳар бир фарзанд муносиб таълим, ҳар бир оила сифатли тиббий хизмат олиш имконига эга. Шунингдек, кичик ва ўрта бизнес субъектларининг қурилишлардаги иштироки орқали нафақат янги иш ўринлари яратиляпти, балки маҳаллий маҳсулотлар рақобатбардошликка эришиб, иқтисодий барқарорлик мустаҳкамланмоқда. Сурхонда қурилаётган ҳар бир иншоот, улуғвор лойиҳалар, инновацион ёндашувлар ва экологик ечимлар орқали юртимиз янада кўркам, ҳаёт учун қулай ва фахрланарлик масканга айланмоқда.

Бугун сурхондарёликлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижобий самарасини ҳаётида ҳис этмоқда. Янги лойиҳалар, қулай шароитлар, ижтимоий инфратузилма ва кенг кўламли қурилиш ишлари туфайли одамларнинг турмуш даражаси сезиларли яхшиланмоқда.

Фарҳод ЭСОНОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?