Янги Ўзбекистонда инсон қадри устувор

16:32 09 Сентябр 2021 Жамият
2938 0

Биз бугун халқчил ва демократик тамойилларга асосланган янги Ўзбекистон давлатини, эркин фуқаролик жамиятини барпо этмоқдамиз. Шу мақсадда давлат ва жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлаш, мамлакатни модернизация қилиш, бу жараёнда парламент ва сиёсий партияларнинг ролини, жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли демократик ислоҳотлар жадал амалга оширилмоқда.

Шу йил 24 октябрь куни мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Сўнгги беш йил мобайнида мамлакатимиз миллий сайлов қонунчилигида жиддий ўзгаришлар юз берди. Нуфузли халқаро экспертлар таъкидлаганидек, янги Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини изчил такомиллаштириш ҳамда сайловларни ўтказиш амалиёти сифат жиҳатидан янги поғонага кўтарилди. Бу галги Президент сайловлари илк бор 2019 йилнинг 25 июнида қабул қилинган Сайлов кодекси асосида бўлиб ўтади. Бу сайлов барчамиз учун Ўзбекистоннинг келгуси тараққиёти қандай йўлдан боради, фарзандларимиз, оиламиз, мамлакатимиз келажагини қандай барпо этамиз, деган ҳал қилувчи саволларга жавоб берадиган ўта муҳим сиёсий тадбирдир деб айтсак хато қилмаймиз. Шунинг учун ушбу сиёсий жараёнга кўпмиллатли халқимиз ҳамда жаҳон ҳамжамияти ҳам катта қизиқиш ва эътибор билан қарамоқда. Сайловда дунёнинг 50 га яқин мамлакати ҳамда ўнлаб халқаро ташкилотлардан кузатувчилар иштирок этиши кутилмоқда. Шу маънода, бўлғуси сайловлар юксак демократик мезонлар асосида ўтади ҳамда янги Ўзбекистон халқининг ўсиб бораётган сиёсий тафаккурини, ижтимоий фаоллиги ва маданий савиясини яққол намоён этади.

Бизда «Инсон манфаатлари — ҳамма нарсадан устун» ва «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» тамойиллари асосида фуқароларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, ҳуқуқий ва қонуний манфаатлари таъминланаётгани Янги Ўзбекистонимизда кейинги йилларда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсати дунё ҳамжамиятида эътироф этилаётгани барчамизни бирдай қувонтиради, ғайратимизга ғайрат, шижоат қўшади.

Инсон учун ҳамиша унинг ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатларидан муҳим қадрият бўлмаган. Мамлакатимизда айнан бу борада кенг кўламли демократик ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳеч кимга сир эмас, бир неча йиллар муқаддам Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳолати халқаро ҳамжамият ва ташкилотлар томонидан қаттиқ танқидга олинар, бу нафақат юртимиз нуфузига, балки мамлакатимиз иқтисодий ривожига ҳам салбий таъсир кўрсатар эди.

Бугун юксак ифтихор билан шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, жорий йилги глобал сўров натижаларига кўра, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тарихий аҳамиятга молик 15 та муҳим ислоҳоти қаторида, «Инсон ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилди, мажбурий меҳнат, шу жумладан, болалар меҳнати тугатилганлиги» алоҳида қайд этиб ўтилган.

2021 йил 9 сентябрь куни ЎзЛиДеП Қурултойида Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон — инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлатдир» мавзусида нутқ сўзлади. Унда «Давлат – инсонлар учун» деган халқчил ғоя, изчиллик билан қарор топиб бораётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Кейинги йилларда мамлакатимизда инсон ва унинг қадр-қимматини юксалтириш борасида очиқлик ҳамда шаффофликка асосланган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, аҳолининг кам таъминланган қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар кўлами кун сайин кенгайиб бормоқда. Асосийси, ҳаётга татбиқ этилаётган ижтимоий ислоҳотлар шунчаки кампаниябозлик ёки хўжа кўрсинга эмас, аксинча, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бевосита халқимиз кўз ўнгида бўлаётгани айни ҳақиқат. Президентимиз қурултой минбаридан туриб, «Ҳар қандай ислоҳот қуруқ рақамларда эмас, балки, энг аввало, аҳолининг кундалик ҳаётида, унинг дастурхони ва рўзғорида ўз аксини топиши зарур», дея таъкидлаб ўтди.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистондаги ҳар 100 та оилага 162 та телевизор, 107 та музлаткич, 287 та мобил телефон, 49 та енгил автомобиль тўғри келмоқда. Аҳолининг узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар билан таъминланганлик даражасини кўрадиган бўлсак, аҳолининг шахсий енгил автомобиллар билан таъминланганлик даражаси 2017 йилда ҳар 100 хонадонга 44 та, телевизорлар сони 154 та, мобил телефон 257 та тўғри келганлиги аҳолининг ижтимоий фаровонлик даражаси кўтарилаётганидан далолат беради.

Аҳолини уй-жой муаммосини ҳал этиш бўйича кейинги беш йилда юртимизда, ипотека дастурлари доирасида, 140 мингдан ортиқ уй-жойлар барпо этилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Шахсий турар жойга эга бўлиш кўпчилик учун бир орзу эди. Ўз хонадонига эга бўлиш меҳнат самарадорлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Аҳолини, айниқса, ёшлар орасида компьютер саводхонлигини юксалтириш, интернет тезлиги ва таннархини босқичма-босқич пасайтириб бориш бўйича ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Тан олиш керакки, кейинги йилларда камбағалликни қисқартириш, хотин-қизларни бандлиги масаласи, аҳоли орасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни кенг қўллаб-қувватлаш ишларини самарали ташкил этилаётгани одамларимиз ҳаётини фаровонлашишига хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Либерал демократлар партиясидан Президентликка номзоди илгари сурилаётган Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастуридан ижтимоий масалалар кенг ўрин олганига гувоҳ бўляпмиз. Шавкат Мирзиёевнинг танқидий қарашлари барча давлат хизматчиларида масъулият ҳиссини янада ошишига туртки бўлмоқда. Бугун барча раҳбар кадрлар халқ орасига кириб, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар билан бевосита танишаётгани, муаммоларни жойида ҳал бўлаётгани мамлакатда қашшоқликни бартараф этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни жадаллик билан амалга оширилаётганидан далолат беради.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бу йилги Президентлик сайловларида аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган дастурлар, одамлар учун ёрқин келажак башоратлари ўртасида кураш кетади. Мазкур сайловда муносиб номзодга овоз бериш ҳар бир фуқаронинг виждон иши бўлишига ишонамиз.

Рашид Баратов,
Тошкент давлат транспорт университети доценти

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер