Янги Ўзбекистон — янги юридик тафаккур
«Таълим сифатини ошириш — Янги Ўзбекистон тараққиётининг якка-ю ягона тўғри йўлидир» деган тамойил сўнгги йилларда давлат сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишига айланди. Айниқса, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этишда юридик кадрлар сифати ҳал қилувчи омил эканини ҳаётнинг ўзи исботлаб турган бир пайтда, бу ғоятда муҳим масаладир.
Шу маънода, Президентимизнинг 2025 йил 26 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва илм-фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳуқуқий таълим тизимида сифат жиҳатдан мутлақо янги босқични бошлаб берган стратегик ҳужжат сифатида жуда катта аҳамият касб этади.
Мазкур Фармон орқали нафақат таълим мазмуни, балки унинг фалсафаси, бошқарув модели, илмий-тадқиқот йўналишлари ҳамда амалиёт билан боғлиқлиги тубдан қайта кўриб чиқилмоқда.
Таълим — тадқиқот — амалиёт интеграцияси
Фармоннинг энг муҳим жиҳатларидан бири — юридик таълим жараёнини амалиёт билан узвий боғлаш масаласига принципиал ёндашувдир. Хусусан, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб Тошкент давлат юридик университетида амалий ўқитиш ҳамда клиник ва дуал таълим тамойили жорий этилиши белгиланди.
Мазкур тизимга кўра, иккинчи, учинчи ва тўртинчи курс талабалари таълим дастурининг 50 фоизини бевосита судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, адвокатура, консалтинг ва бошқа ҳуқуқий ташкилотларда ўтайди. Бу эса талабаларнинг қонун нормаларини фақат китобдан эмас, балки ҳаётий вазиятлар орқали англаш, муаммоли ҳолатларга ҳуқуқий ечим топиш кўникмасини шакллантиради.
Шу билан бирга, «problem-based learning» усули орқали талабаларда таҳлил қилиш, мантиқий фикрлаш, хулоса чиқариш каби «юмшоқ кўникмалар»ни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ёндашув замонавий халқаро юридик таълим стандартларига тўла мос келади.
Фармонда белгиланган яна бир муҳим янгилик шуки, таълим, илм-фан ва амалиётни ягона тизимга бирлаштиришдир. Университетда соҳавий факультетлар негизида академик департаментлар, тадқиқот марказлари, амалиёт ва карьера марказларидан иборат мутлақо янги тузилма шакллантирилади.
Бу тизимнинг аҳамияти шундаки, илмий тадқиқотлар энди фақат назарий изланиш сифатида эмас, балки ҳуқуқни қўллаш амалиётида учраётган муаммоларга аниқ илмий ечим топиш воситасига айланади. Қонун ижодкорлиги жараёнида илмий экспертиза роли кучаяди, университет тадқиқот марказлари давлат органлари учун интеллектуал таянч вазифасини бажаради. Айниқса, академик департаментлар шўъбаларининг суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда ташкил этилиши таълим сифатини ошириш билан бирга, амалиётдаги муаммоларни жойида ўрганиш имконини беради.
Академик-коллегиал бошқарув: очиқлик ва масъулият
Дарвоқе, ушбу ҳужжат университет бошқарувига ҳам янгича руҳ олиб кирмоқда. Факультет деканлари, департамент ва марказ раҳбарларини сайлов асосида танлаш, муддатларни чеклаш, профессор-ўқитувчиларнинг бошқарувдаги ролини ошириш — буларнинг барчаси академик демократияни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шунингдек, университет профессорлар кенгаши (Senate of Professors) ташкил этилиши олий таълим муассасасини стратегик ривожлантиришда илмий салоҳиятга таяниш имконини яратади. Бу кенгаш таълим сифати, илмий йўналишлар, халқаро рейтингларда иштирок этиш каби масалаларни белгилашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлади.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Фармон юридик таълимни рақамли трансформация қилишни ҳам назарда тутади. Сунъий интеллект асосида дарс сифатини баҳолаш, талабалар билимини автоматлаштирилган тарзда аниқлаш, тьюторлик фаолиятини жорий этиш — буларнинг барчаси инсон омилини камайтириш, холислик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган.
Айниқса, «Digital Law» халқаро таълим йўналишининг жорий этилиши Ўзбекистон юридик таълимини глобал ҳуқуқий маконга олиб чиқишда муҳим қадамдир. Инглиз тилида таълим, хорижий профессорларни жалб этиш, халқаро стандартлар асосида қабул қилиш тартиби — булар мамлакатда рақамли иқтисодиёт ва ҳуқуқий технологиялар соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади.
Маълумки, юридик таълим — узлуксиз жараён. Шу боис Фармон юридик таълимни фақат олий таълим доирасида эмас, балки мактабдан бошлаб шакллантиришни ҳам назарда тутади. 5 — 7-синфларда ҳуқуқий онгни оширишга қаратилган визуал материаллардан фойдаланиш, ҳуқуқ фани бўйича сертификатлаш тизимини жорий этиш жамиятда қонунга ҳурмат маданиятини мустаҳкамлайди. Шу билан бирга, юридик таълим сифати устидан назоратни кучайтириш, асоссиз имтиёзларни бекор қилиш орқали соҳага ҳақиқатан лаёқатли ёшларни жалб этиш мақсад қилинган.
Ҳуқуқ устуворлиги — билимли кадрлардан бошланади
Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган ушбу Фармон юридик таълим ва илм-фан соҳасида тизимли, чуқур ҳамда узоқ муддатли ислоҳотлар дастури, десак, айни ҳақиқатдир. Унинг изчил амалга оширилиши натижасида Ўзбекистонда замонавий фикрлайдиган, рақамли технологияларни биладиган, халқаро майдонда рақобатбардош юридик кадрлар авлоди шаклланади.
Бу эса, ўз навбатида, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, Янги Ўзбекистонни барқарор тараққиёт йўлидан олиб боришда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор вазифасини ўтайди.
Дилафруз АЗИМОВА,
Тошкент давлат юридик университети
Давлат бошқаруви кафедраси профессори вазифасини бажарувчи.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Электрон рецепт» тизими бўйича расмий баёнот берди
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Учинчи Ренессансга элтувчи маърифат кўприги: Ўзбекистон—Покистон ҳамкорлигининг янги босқичи
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- “Инсоният цивилизациясига асос бўлган ютуқлар шу заминдан келиб чиққан” — Парагвай Президенти
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг