Янги Ўзбекистон — янги тамаддунлар бешиги

11:25 14 Сентябр 2024 Жамият
157 0

Ҳар йили республикамиз мустақиллиги куни арафасида кўз олдимдан аждодлар тарихи бирин-кетин жонлана боради. Шу жиҳатдан бугун тарихимизнинг айрим саҳифалари хусусида ёзишга ҳаракат қилинди. Аслида, ҳаммасини бир мақола ичида тафсир қилишнинг иложи йўқ.

Жаҳон цивилизация тарихига бир нечта ривожланиш босқичини бахшида этган Ватан тарихи ҳам шонли ҳам қайғули жараёнларни бошидан кечирган. Ислом цивилизациясига қадар ҳам дастлабки ривожланиш циклини(давр) бошлаб берган халқимиз икки марта юқори даражадаги цивилизация ютуқларини жаҳон оммасига тақдим эта олган.

Биринчи Ренессанс юртимизда ундан бир неча юз йил аввал, яъни IX-XII асрларда рўй берган. Ушбу улкан юксалишнинг содир бўлишининг ўз тарихий сабаблари бор, албатта. Чунки, мазкур даврда давлат тараққиёти учун жуда муҳим бўлган янги ислоҳотлар ва қонунлар жорий қилинди, ер-сув, қўшничилик муносабатларидан солиқларгача туб янгиланишлар содир бўлди. Давлат юритишдаги ва сиёсатдаги янгиликлар илм-фан кишиларини эзгу ғоялар теварагида бирлаштирди, турли-туман фанларга, айниқса, математика, астрономия, кимё, тиббиёт, ҳуқуқ, геодезияга қизиқиш кучайди ва дунё тузилиши ҳақидаги замонавий назарияларга айнан ўша даврда асос солинди. Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад ал-Фарғоний Абу Наср Форобий, Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Кошғарий, Маҳмуд Замахшарий, имом Бухорий, имом Термизий, имом Мотурудий, Абул Муин Насафий каби буюк аждодларимиз серқирра истеъдод соҳиблари бўлишлари билан бир қаторда, ўз фанлари бўйича бутун оламга устозлик мақомига эришдилар. Мазкур давр дунё тараққиётининг юксалиш тамойилларини белгилаб берди, десак муболаға бўлмайди. Бунинг ёрқин исботи – Хоразмда барпо этилган Маъмун академиясидир. Даҳо мутафаккирларни ўз бағрига тўплаган бу олий даргоҳ нафақат ўз минтақаси, балки бутун дунё учун акселератор вазифасини ўтагани ҳақиқат.

Ўрни келганида шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, илм-фан осмонида юлдуздай ярақлаб турган бу алломалар атрофида ва улардан кейин яна юзлаб сафдошлари, шогирдлари, давомчилари юртимиз илм-фани меваларини жаҳоннинг илғор оммасига етказиб беришда катта хизматлар кўрсатишди ва мамлакат шон-шуҳратини, тафаккур қудратини узоқ ўлкаларга қадар ёйишди. Шу ўринда бир воқеликни эслаш жоиздир. Тарихчилар Европада биринчи университетлар пайдо бўлганлигини иддао қилишади. Хўш, ушбу университетларда қайси асарлар ўқитилди-деган савол берилса, бизнинг аждодлар меросини тилга олишга бироз қийналиши бор ҳолат.

Иккинчи Ренессанс нафақат минтақамизда, балки жуда катта жуғрофий ҳудудларда сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни амалга оширган улуғ бобомиз, соҳибқирон Амир Темур номи билан чамбарчас боғлиқ. У зот туфайли қудратли марказий бошқарувга асосланган давлат ва янги маданий-илмий юксалиш учун қулай вазият юзага келди. Амир Темур ўз бепоён салтанатининг катта шаҳарларига турли ҳудудлардаги истеъдодли олимлар, шоирлар, ҳунармандлар, меъморларни жамлади ва илми-фан тараққиёти учун керакли барча шарт-шароитларни яратиб берди. Бундай оқилона сиёсат мамлакатнинг илмий ва маданий қудратини кучайтирди. Шу билан бирга ушбу давр «Ислом маданиятининг олтин асри» деб аталиши билан бирга, фазо илми ва математика фанларининг ривожланиши билан юртимизда иккинчи Уйғониш, яъни иккинчи Ренессанс даврини бошлаб берди. Бу даврда Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи сингари беназир олимлар, Лутфий, Саккокий, Ҳофиз Хоразмий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби мумтоз шоир ва мутафаккирлар майдонга чиқди. Шарофиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Маҳмуд Музаҳҳиб, Камолиддин Беҳзод сингари мусаввирлар, кўплаб хаттот ва созандалар, мусиқашунос ва меъморларнинг шуҳрати дунёга ёйилди. Биринчи Ренессанс даврида бўлгани каби, бу даврда ҳам илм ўрганишни истовчилар юртимизга бутун дунёдан оқиб келган.

Шу билан бирга ўтган аср бошларида шаклланиб, нафақат Марказий Осиё минтақаси, балки, бутун мусулмон олами ва туркий дунё тарихида чуқур из қолдирган жадидчилик ҳаракатининг тарихий аҳамиятини ҳар томонлама очиб бериш, яниким муштарак тарихимизнинг ёрқин саҳифаларини ташкил этадиган маърифатпарвар аждодларимизнинг ибратли фаолиятини, уларнинг ўз қиммати ва аҳамиятини ҳамон йўқотмасдан келаётган бой меросини теран тадқиқ ва тарғиб этиш устувор вазифадир. Бу масалада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев: «Бошқа давлатлар йўқ тарихини бор қилишга ҳаракат қилади. Биз буюк тарихимизни, алломаларимиз меросини халқимизга, ёшларимизга тўлиқ етказиб беролмадик. Ўзлигимизни англаш нуқтайи назаридан шундай жойларга эътибор берсак, бунга ҳамма эътибор қаратади, — деган эди.

Ўз моҳият эътиборига кўра ноёб ижтимоий-сиёсий феномен бўлган жадидчилик ғоясининг шаклланиши ва тараққиётига доир дунёнинг бир қатор мамлакатларида кўплаб тадқиқотлар яратилган бўлсада, ушбу ҳаракат намояндаларининг Марказий Осиё ҳудудида миллий давлатчилик ва минтақавий ўзига хосликни, фуқаролик жамиятининг ривожланишига қўшган улкан ҳиссасини концептуал ва тизимли асосда атрофлича ўрганиш долзарб масала бўлиб қолмоқда.

Мусулмон ва туркийларни жаҳон тараққиётидан узилиб қолганлигини туркий қрим-татар халқининг фарзанди Исмоил Ғаспирали (1851-1914) биринчи бўлиб тушуниб етди. Ғаспирали бутун турк дунёсидаги Жадидчилик ҳаракатининг «ғоявий отаси» ҳисобланади. У Шарқ ва Ғарбни таққослаб мустамлака бўлган барча мусулмон ҳудудлардаги маорифини ислоҳ қилиш, уларда дунёвий фанларни ўқитиш масаласини кўтарди ва 1884 йил Қримдаги Боқчасарой шаҳрида жадид мактабига асос солди. Унинг ғояларини ёйишда «Таржимон» газетасининг хизмати катта бўлди.

Шундай бўлсада, ушбу ҳаракатни юқори босқичга кўтариш бизнинг миллат вакиллари зиммасига тушганлигини таъкидлаш лозим. ХХ аср бошида жадидлардан Беҳбудий, Айний, Авлоний, Фитрат, Мунаввар қори, Бобоохун Салимов зиёлиларнинг бутун бир авлодини тарбиялаш ишини бошлади. Тошкент жадидларининг отаси сифатида Мунаввар қори Абдурашидхонов катта обрў қозонди. ХХ аср бошларида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона водийси шаҳарларида ўнлаб «усули жадид» мактаблари очилди. «Усули жадид» мактабининг биринчи қалдирғочлари Беҳбудий, Шакурий, Азжий, Мунаввар қори, Авлоний, Зоҳирий, Олимий, Сўфизода, Фитрат, Айний, Ҳамза эди.

Жадид раҳбарларидан бири Абдулла Авлоний (1878-1934) ўз таржимаи ҳолида «Рус-япон уруши Россия ишчилари ва бизнинг ҳам кўзимизни очди. 1905 йил инқилоби туфайли ташкилотимиз сиёсий маслакларга тушуниб, қора халқни оқартмоқ учун газета чиқарилди»,- деб айтган. Ҳукумат 1906 йил «Тараққий», «Хуршид» газеталарини тўхтатгандан сўнг Авлоний темир йўл ишчилари социал-демократ фирқаси ёрдами билан 1907 йил «Шуҳрат» газетасини чиқарди.

Ўтган аср аввалида юртимизда вужудга келган ана шу жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаларидан бири, шубҳасиз, Абдурауф Фитрат эди. Миллий истиқлол йилларида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти билан тақдирланган алломанинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб этиш ўз даври учун нечоғли аҳамият касб этган бўлса, бугунги кун учун ҳам шундай муҳимдир.

Шарқ мусулмон дунёсида кенг тарқалган ислоҳотчилик ҳаракати ХХ аср бошларига келиб Туркистонда ҳам ёйила бошлади. Янги кучга кира бошлаган жадидчилик ҳаракати ўлкадаги барча соҳа, жумладан, янги адабиёт, публицистика, сиёсат ишлари келажагини белгилаб берди. Давр ушбу йўналишларнинг характерини аниқлаб берган намояндаларини ҳам ўртага чиқарди. Мазкур ислоҳотчилик, яъни жадидчилик номи билан тарихга кирган ҳаракат жамиятнинг барча соҳаларини тенг қамраб олди. Ўша давр кўзга ташланган ислоҳотчиларидан бири Абдурауф Фитрат (1886–1938) йигирма йилдан ортиқроқ вақт мобайнида, аввал, консерватив фикрга ҳамда маҳаллий мусулмон элитаси урф-одатларига, сўнгроқ эса янги ўрнатилган совет ҳокимиятининг қаттиқ догматизмига қарши курашди. Фитратнинг бу қарашлари унинг шу даврларда яратилган ва XX аср боши ўзбек публицистикасининг, драмачилигининг нодир намуналаридан бўлиб қолган «Раҳбари нажот», «Оила», «Бегижон», «Мавлуди шариф», «Або Муслим» каби асарларида акс этган эди. Айни пайтда, Фитрат янги мактаблар учун янги дарсликлар ҳам ёзган эди. «Мухтасар ислом тарихи», «Ўқу» китоблари бунга яққол далилдир.

1918 йили Тошкентга келган Фитрат ўз атрофига ёшларни йиғиб «Чиғатой гурунги»ни ташкил қилинган. Бу жамият 3 йил фаолият олиб борган бўлишига қарамай нафақат ўзбек тили ва адабиёти, балки умуман янги ўзбек маданиятининг шаклланиши ва тараққиёт тарихни буткул янги, замонавий илм асосида ўрганишни бошлаб берди. «Чиғатой гурунги» янги Ўзбекистон тарихидаги маҳаллий зиёлилар тарафидан тузилган биринчи илмий тадқиқот жамияти сифатида тарихга кирди. Айни шу жамият ҳозирги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Фанлар Академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг ҳам тамал тошини қўйди. Гурунг аъзолари томонидан қатор илмий рисолалар, айниқса, тил, имло масаласига оид нашрлар эълон қилинди.

Фитрат мазкур асарларида, бир томондан, шу йилларда рўй берган сиёсий-ижтимоий масалаларга муносабатини ифодалаган бўлса, иккинчи томондан, мусулмон олами учун ўз аҳамиятини йўқотмайдиган ёки муайян тарихий даврда сақланиб қоладиган маънавий ва маърифий қадриятларни тушунтириб берди. Фитрат бу асарларида миллатнинг нафақат сиёсий-ижтимоий, балки диний-маърифий масалаларда ҳам етарли даражада билимга эга бўлмаганини эътиборга олиб, ҳар бир мусулмоннинг билиши лозим бўлган бир қатор масалаларга ёрқинлик бағишлади.

Мустақил Туркистон орзуси Беҳбудий ва Авлоний, Ҳамза ва Мунавварқори, Фитрат ва Чўлпон, Абдулла Қодирий ва Усмон Носир каби минглаб жадид боболаримизни уйғотди. Уларнинг халқ эркинлиги ва саодати йўлидаги эзгу фикр, эзгу сўз ва эзгу амаллари учун улкан маънавий омил бўлди. Бу орзу маънавият ва маърифатни одамни нафақат комилликка, эркин ва фаровон турмушга етакловчи, балки халқни миллий мустақилликка элтувчи беқиёс куч сифатида англаб етиш имконини берди. Бу улуғ орзу асрлар давомида халқимизни эзгу амаллар ғоялардан, миллатни турли таҳдидлардан муҳофаза қилиб, ўзига хос маънавий қалқонга айланди. Шу тариқа узоқ ўтмишдан ҳозирги давргача миллий тафаккуримиз негизида шаклланиб келган, турли ғоя ва амалий ҳаракатларда ўз ифодасини топган эл-юртимизнинг орзу-умидлари бугунги кунда Янги Ўзбекистон тушунчасида жамулжам бўлди. Иродаси, шаҳду шиддати буюк халқимизнинг бундай ёруғ ва теран орзуси жамиятимизнинг янги қиёфасини яратиш учун юксак марраларга интилаётган халқимизни Учинчи Ренессанс ғояси атрофида янада жипслаштирмоқда. Бунга бутун дунё гувоҳ бўлмоқда.

Жадид маърифатпарварларнинг фикрича, миллий ғоя миллатнинг туб, асл эҳтиёжларидан, туриш-турмушидан, асрий анъаналаридан, ўзлигидан ва табиийки, имкониятларидан келиб чиқмоғи лозим. Миллий ғоя ўзликни англашда асосий мезон ҳисобланади. Жадид-маърифатпарварларимизнинг миллий озодлик йўлидаги фаолиятлари фикримизнинг далилидир. Биргина жадидчилик ҳаракатининг етук намоёндаларидан бири М.Беҳбудийнинг «Ҳақ олинур, берилмас!» деган даъватида миллий ўзликни англашнинг бетакрор ифодасини кўришимиз мумкин. Мустақиллик бизга бир қатор имкониятлар учун йўл очди, тарихимизни холисона ёритиш, азалий қадриятларимизни тиклаш, миллий ўзлигимизни англаш каби асрий орзуларимизни амалга ошиши – шулар жумласидандир.

Бугунги кунда Янги Ўзбекистонда инсон қадри улуғланадиган адолатли, эркин ва обод жамият, халқпарвар давлат, фаровон ҳаёт барпо этишга қаратилган ислоҳотларимиз жадид боболаримизнинг эзгу ғоя ва дастурларига ҳар жиҳатдан уйғун ва ҳамоҳангдир. Шу боис, халқимиз озодлиги ва Ватанимиз равнақи йўлида азиз жонларини фидо қилган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг фаолияти ва меросини янгича тафаккур асосида ўрганиш ҳамда тарғиб этишга алоҳида эътибор берилмоқда. Жадидларнинг маънавий мероси ҳар биримизни маънавий уйғоқлик ва огоҳликка чорлаб, қалбларимизда улуғ аждодларимизга хос азму шижоат туйғуларини юксалтиришга, халқларимиз ва давлатларимиз ўртасида ўзаро дўстлик ва қардошлик руҳини, илмий-маданий алоқаларимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Инглиз тарихчиси ва социологи Арнолд Тойнби (1899-1975) ўзининг «Тарихни англаш» асарида шундай саволни қўяди: «Нега баъзи бир жамиятлар ўз ривожининг илк босқичидаёқ «ҳаракатсиз бўлади», нега цивилизация шаклланмайди?». Унинг фикрича, цивилизация генезиси учун икки шарт-шароит, биринчидан, мазкур жамиятда ижодий кичикликнинг ролини англаш, иккинчидан, қулай бўлмаган, аммо қарши бўлмаган муҳитни мавжудлиги талаб қилинади. Цивилизация вужудга келиши учун «чақириқ-савол ва жавоб ўзаро ҳамкорлиги механизми» зарур. Жумладан, мўътадил ноқулай бўлган муҳит жамиятга чақириқ-таҳлика солади, жамият эса ижодий кичиклик ёрдамида таҳлика-чақириққа муносиб ва муваффақиятли жавоб беради ва муаммони ҳал қилади. Демак, жамият ҳаракатда, цивилизация даражаси ўзгармаган. Агар шу формула амалда бўлса, бугунги кунда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз-ўзидан жамиятда янги цивилизация учун чақириқ эълон қилган. Биз эса ўз вақтида унга «лаббай» деб жавоб бера олсак, жаҳон ҳамжамияти янги тамаддун жойини билиб олади. Бу эса Янги Ўзбекистон ҳудуди бўлажак, албатта.

Дилшодбек Ураков

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети

тарих.ф.д., профессор

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?