Янги Ўзбекистон стратегияси мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳиссини тубдан кучайтиради

19:01 09 Сентябр 2021 Жамият
1206 0

Барчамизга маълумки, жорий йилнинг 23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясига старт берилди. Бунга қадар эса сайлов қонунчилигида халқимиз кутган катта ўзгаришлар амалга оширилди. Биринчи маротаба Ўзбекистон Республикасининг Сайлов Кодекси асосида ўтадиган Президент сайловини халқимиз ўзгача иштиёқ ва қизиқиш билан кутмоқда. Улар орасида айниқса, ёшларимизнинг кўплиги қувонарли.

Мамлакат учун муносиб раҳбар сайлашда иштирок этиш - юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини ҳис этиш албатта, барчамиз учун аҳамиятлидир. Президент – Ўзбекистонда ички ва ташқи сиёсатнинг асосий бунёдкори, қонунийлик, ижро, давлат мустақиллиги, хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлиги муҳофазаси, юрт тинчлиги, халқнинг фаровон турмушини таъминловчи биринчи масъул шахс ҳисобланар экан, ушбу йирик тадбирга ҳозирлик кўриш - барчамизнинг фуқаролик вазифамиздир.

Яқинда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Ишбилармонлар ва тадбиркорлар ҳаракати либерал демократик партиясининг қурултойига Фарғона вилоятдан делегат сифатида сайланишим менинг олдимга вилоят аҳли, унинг заҳматкаш деҳқонлари, қўли гул ҳунармандлари, фидоий фермерлари, меҳнаткаш боғбонларию сахий тадбиркорлари олдидаги юксак бурчларимни адо этиш вазифасини қўяди.

Шу ўринда айтиш керакки, партиялар хусусида сўз кетганда, Ўзбекистон Ишбилармонлар ва тадбиркорлар ҳаракати либерал демократик партиясининг «Янги Ўзбекистон» тарихида босиб ўтган йўли ҳақида алоҳида эътироф этиш жоиз. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Либерал демократик партияси тадбиркорлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, ишлаб чиқариш соҳаси вакиллари, фермерлар каби турли аҳоли қатламларини ўз электоратига айлантира олди ва йилдан йилга, сайловдан - сайловга қадар такомиллашиб борган Сайловолди дастурида қайд этган вазифаларни халқимизнинг кўз ўнгида бажара олди.

Амалий ҳаракатлари ва жонкуяр депутатлари билан халқнинг ишончини қозонган партия - энг ёш партиялардан бири бўлишига қарамай, тез орада республикадаги етакчи ва салоҳиятли сиёсий кучга айланди. Шу боис ўз дастурий мақсадларидан оғишмай интилган партия мамлакат парламентида муносиб ўрин эгаллади.

Демак, мамлакатдаги тадбиркорлар, ишбилармонлар, халқимизни ризқини ўйлаб тиним билмаётган меҳнаткаш фермерлар, ўз бизнесини ташкил этаётган оилалар манфаатларини миллий қонунчиликда ифода этиш имконияти партияда юқори ўринга кўтарилди. Натижа эса, барчамиз кўриб турганимиздек, ўз самарасини кўрсата бошлади. Йиллаб маҳаллалардан чиқа олмаган ҳунармандларимиз, боғбону савдогарларимиз бугун мамлакат сарҳадларидан ортиб, керак бўлса хориж бозолари билан рақобатлашмоқдалар.

Яқин ўтмишда юртдошларимиз учун тадбиркорлик бир орзу бўлиб, уларга қўйилган тўсиқлар соҳа истиқболига йўл бермади.

Эндиликда-чи? Таҳилларга қарайдиган бўлсак, охирги бешйилда тадбиркорлар сони қарийб 3 баравар ошди. Кўп ишбилармонлар ўзининг йирик бизнесига эга бўлиб, ҳозирда минглаб иш ўринлари яратмоқда ҳамда нуфузли халқаро компанияларнинг ҳамкорларига айланмоқда.

Аҳамиятлиси, давлатимиз тарихидаги муҳим сиёсий жараён бўлган бу йилги сайловда ЎзЛиДеПнинг сайловолди дастури моҳиятини Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббус ва таклифлари асосида ишлаб чиқилган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегиясида ташкил этади. Бу эса Президент танлаган партиянинг мақсад-моҳияти бугунги Янги Ўзбекистоннинг ривожланиш тамойиллари билан нақадар муштарак эканлигини кўрсатади.

Бугун Халқаро конгресс марказида бўлиб ўтган Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг X съездида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури – Янги Ўзбекистон стратегиясининг асосий йўналишлари бўйича маъруза қилди. Давлат раҳбари дастлаб ўтган беш йилда эришилган натижаларга қисқача тўхталиб ўтди. Айниқса, 2017-2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилингани, унинг доирасида 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Президент фармони ва қарори қабул қилингани алоҳида таъкидланди.

Шавкат Мирзиёевнинг олий таълимдаги ўзгаришлар режаси ҳақида фикр-мулоҳазаларини тинглаб, тизимнинг эртанги истиқболига қаратилган эътибордан беҳад шод бўлдик. Ўз навбатида давлат раҳбари янги ислоҳотлар жорий этишни кўзда тутган мазкур тизим ривожи учун бевосита масъуллик, мустаҳкам дахлдорлик ҳисси қалбимизда жўш урди.

Муҳтарам Президентимиз ўз маърузасида олий таълимга қамров даражасини 50 фоизга етказилиши, 2026 йилга қадар камида 10 та олийгоҳ нуфузли халқаро рейтингларга киритилишини таъкидлади. Давлат олийгоҳлари босқичма-босқич меҳнатга ҳақ тўлаш, ходимлар сони, тўлов контракт миқдори ва таълим шаклини мустақил белгилаши, уларнинг молиявий барқарорлигини ошириш мақсадида, ижтимоий солиқ ставкаси амалдаги 25 фоиздан 12 фоизга туширилиши, бу орқали бўшаган маблағлар таълим муассасаларини ривожлантиришга йўналтирилишига алоҳида урғу берди. Шунингдек, келгусида хусусий олийгоҳларда таълим олаётган талабаларга ҳам 7 йиллик таълим кредитини олиш тартиби жорий этиладиган бўлди.

Президент тизимдаги яна бир муҳим масала -талабаларнинг яшаш шароитини яхшилашга алоҳида эътибор қаратди. Бунинг учун келгуси беш йилда қарийб 100 минг ўринли талабалар ётоқхоналари барпо этилишини маълум қилди. Маърузада таъкидланганидек, мамлакатимизда 2026 йилгача хусусий олийгоҳлар сони камида 50 тага етказилиши олий таълимда рақобат муҳитини кучайтиришга хизмат қилади.

Аҳамиятлиси, Президент нутқидаги ҳар бир фикр муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга масалага қаратилган. Шавкат Мирзиёев «Халқчил давлат» миллий дастурига тўхталиб, миллий тараққиётимизнинг бугунги янги босқичида ихчам, профессионал, халқимиз талабларига жавоб берадиган, адолатли, юқори натижадорликка хизмат қиладиган давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш энг муҳим вазифа эканлигини таъкидлади. 2026 йил якунигача камбағалликни камида 2 баробар қисқартириш учун лозим бўлган ишларни батафсил баён этар экан, барчасида халқимиз турмуш даражасини кўтариш, ислоҳотларнинг амалий ифодаси айнан бугун, одамларнинг ҳаёт фаровонлигида тўла акс этиши шарт эканлигини айтди.

Шавкат Мирзиёев маърузасида бутун халқимизнинг юксак орзу-мақсадларига ҳамоҳанг тарзда ривожланиб бораётган Янги Ўзбекистон – кучли қонунчилик, ижро ва суд ҳокимияти, фуқаролик жамияти институтлари самарали фаолият кўрсатадиган, «Давлат – халқ хизматчиси» тамойили амал қиладиган демократик давлат бўлишига катта ишонч билдирилгани барчани ҳаяжонлантирди.

Мамлакатимиз ҳаётидаги тарихий нутқ сифатида эътироф этилган мазкур маъруза давлат раҳбарининг халқ розилиги, мамлакатни янги тараққиёт босқичига олиб чиқиш ва барча соҳаларда энг намунавий муҳит, барқарор ўсиш суръатларига эга бўлиш борасидаги муҳим қадамлар, амалга оширилажак янги-янги ислоҳотларнинг муносиб тақдимоти бўлди. Қолаверса, Президентимиз жонкуярлик ва қатъий ишонч билан таъкидлаган сўзлари бутун халқимизга, хусусан, барча делегатлар, биз -олий таълим тизими масъулларига катта руҳ бахш этди. Янги Ўзбекистонимизнинг бугуни, эртанги порлоқ кунлари кўз олдимизда гавдаланиб, юрак-юрагимиздан шукроналик, мамлакат тақдирига дахлдорлик ҳиссини туйдик.

Бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз нутқида мамлакатимиз тақдирини энг баланд миқёсда, муҳим таклиф ва ташаббуслар билан белгилар экан, ҳар бир ҳаётбахш ислоҳотнинг амалга ошиши ва муносиб натижа бериши, халқимиз, ёшларимиз ҳаётида ўз ифодасини топиши учун масъул эканлигимизни унутмаслигимиз керак. Зеро, давлат раҳбарига елкадош, кучли демократик давлат —  Янги Ўзбекистонни бунёд этиш йўлида ишончли йўлдош бўлиш, танлаган йўлидан дадил илгарилаб бораётган Ватанга муносиб меҳнат қилиш барчамиз учун муқаддас вазифадир.

Баҳодир ШEРМУҲАММАДОВ,

Фарғона давлат университети ректори.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?