«Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари» спорт мусобақаларининг 2-босқичи якунларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди

Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»
Бугун, 5 сентябрь куни Тошкент шаҳрида барпо этилган «Олимпия шаҳарчаси» мажмуасида «Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари» спорт мусобақаларининг якунланган босқичларида эришилган натижалар ва келгусидаги режаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Матбуот анжуманида Спорт вазирлиги ва Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти, масъуллар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан миллий терма жамоаларга спортчиларни қуйи бўғинлардан саралаш ва селекция қилишга қаратилган уч босқичли, жумладан, 1-босқич — «Минтақавий босқич», 2-босқич — «Ҳудудий босқич» ҳамда 3-босқич – «Президент Олимпиадаси» босқичи «Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари» спорт мусобақалари тизими йўлга қўйилди.


Илк маротаба ташкил этилган мусобақалар 10 та олимпия спорт турлари, бокс, дзюдо, таэквондо, оғир атлетика, эркин кураш, юнон-рум кураши, енгил атлетика, бадиий гимнастика, стол тенниси, баскетбол 3х3 бўйича 15-17 ёшдаги спортчилар ўртасида ўтказилди.
Мусобақаларда иштирок этиш жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилиб, иштирокчилар «ERP.sport» тизимида рўйхатдан ўтказилди ва эришган спорт натижаларини қайд этиб бориш тизими йўлга қўйилди.


Жорий йилнинг май-июнь ойларида ўтказилган «Минтақавий босқич» мусобақаларида спорт мактаблари, умумтаълим мактаблари тўгараклари ва спорт клубларининг 103,1 минг нафар шуғулланувчи спортчилари иштирок этди.


Иштирокчиларнинг 59 фоизини (60,8 минг) умумтаълим мактаблари тўгараклари ва спорт клублари спортчилари ташкил этди. Иштирокчиларнинг 35 фоизи (36,7 минг) спортчи қизлардан ташкил топган.


«Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари» 2-босқичи, «Ҳудудий босқич» мусобақалари жорий йилнинг август ойида ўтказилди. Ушбу босқичда 1-босқичда саралаб олинган 13,3 минг нафар спортчилар ҳамда ихтисослаштирилган спорт мактаби, давлат ихтисослашган мактаб интернати, маҳорат мактабларининг 6,3 минг нафар шуғулланувчилари иштирок этди.


Ушбу мусобақаларнинг очилиш ва тақдирлаш маросимларида вилоят ва шаҳар ҳокимлари иштирок этиб спортчиларга медаль ва совғалар топширди.
«Ҳудудий босқич» мусобақаларида 1-ўринни қўлга киритган 1,9 минг нафар спортчилар мусобақанинг мантиқий давоми ҳисобланган «Президент Олимпиадаси»да иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.

«Президент Олимпиадаси» жорий йил декабрь ойида замонавий ва халқаро талаблар асосида янгидан барпо этилган «Олимпия шаҳарчасида» бўлиб ўтади.
«Президент Олимпиадаси»да 1,9 минг нафар 2-босқич ғолиблари билан бир қаторда ҳудудлардаги 15 та олимпия ва паралимпия марказларининг ўқувчи спортчилари иштирок этиши режалаштирилган.


Улардан, 1-2 ўринларни эгаллаган спортчилар Республика олимпия ва паралимпия марказига ҳамда 3-ўринни эгаллаган спортчилар Ҳудудий олимпия ва паралимпия марказларига жойлаштирилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- Қондаги глюкозани пасайтириш учун кечки овқатланишнинг идеал вақти маълум бўлди
- Сардобанинг сири нимада?
- Камчатка соҳилларидаги кучли зилзиладан сўнг Ўзбекистон Консуллиги ватандошларимизга мурожаат қилди
- Бухоролик докторант ниманинг эвазига Президент совғаси – автомобилга эга бўлди?
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг