Янги Ўзбекистон армияси мардлик, фидойилик, ватанпарварлик мактаби

13:29 23 Август 2024 Сиёсат
157 0

Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги олдидан

Инсоният тамаддунининг бешиги бўлган муқаддас Ватанимиз айни кунларда янги даврга қадам қўйиб, жаҳонда янги Ўзбекистон номи билан қайта бўй кўрсатмоқда. Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мард ва олийжаноб халқимиз иқтисодий, сиёсий, ижтимоий соҳаларда янги марраларни кўзлаб, янгидан-янги ютуқларга эришмоқда. Ўзининг муқаддас қасамёдига ҳамиша содиқ қолиб, хизмат бурчини шараф билан адо этаётган баҳодир ўғлонларимиз ҳам улуғ аждодлар анъаналарини давом эттирган ҳолда халқимиз орзу-умидларини рўёбга чиқариш, Ўзбекистон мустақиллиги ва элимиз тинчлигини ҳимоя қилиш йўлида собитқадам бўлиб келмоқда.

Қуролли Кучларимизни ривожлантириш — устувор йўналиш

Бугунги кунда дунёда рўй бераётган қуролли тўқнашувларни таҳлил этган ҳолда қўшинларни тайёрлашнинг энг мақбул йўналишлари ва мазмуни белгиланиб, Қуролли Кучларнинг тезкор бошқарувини ташкил қилиш, ҳарбий хизматчиларнинг ахлоқий-руҳий тайёргарлиги ва жанговар руҳини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этиляпти.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Фармони билан қабул қилинган «Ўзбекистон — 2030» стратегиясида юртимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантириш устувор йўналишлардан бири этиб белгилангани инобатга олиниб, энг мураккаб шароитларда қўшинларни жанговар ҳаракатларга самарали ва қисқа муддатларда тайёрлашнинг янги шакл ҳамда услублари устида фундаментал ишлар олиб борилаётир.

Ривожланган давлатлар армияларининг илғор тажрибаларини ўрганиш ва замонавий қуролли тўқнашувлар таҳлилидан келиб чиқиб, янги тактик ҳаракатларни қўшинларга татбиқ этиш мақсадида охирги уч йил мобайнида 35 дан ортиқ концептуал характерга эга ҳужжатлар ишлаб чиқилди ва ҳарбий хизматчиларнинг касбий тайёргарлигини янада такомиллаштириш учун қўлланиб келинмоқда.

Хусусан, доимий шайликдаги бригадаларнинг жанговар ва махсус тайёргарлик машғулотлари 2 500 соатдан оширилиб, уларнинг 70 фоизи амалий тарзда ўтказилмоқда, тунда ўтказиладиган бундай машғулотлар ҳажми 50 фоизга етказилди.

Қўшинлардаги мутахассисларнинг касбий тайёргарлиги ва малакасини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мудофаа вазирлигида беш йил олдин фақат 2 та ўқув маркази фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 19 тага етказилди. Жорий йилда ушбу марказларда бўлган АҚШ, Буюк Британия, Франция, Италия, Қозоғистон ва Озарбайжон давлатларининг ҳарбий мутахассислари амалга оширилган ишларни юксак баҳолаб, мазкур марказларда ўзларининг мутахассислари билан биргаликда тажриба алмашиш бўйича таклифлар билдирди.

Халқ ва армия — бир тану бир жон

Бугунги халқаро муносабатларда мамлакатнинг ривожланиши ҳамда тараққиёти ўрнатилган тинчлик ва осойишталикка боғлиқ бўлиб қолмоқда. Қайсики давлатда нотинчлик, оммавий тартибсизликлар, қуролли можаролар, ҳарбий тўқнашувлар юз берадиган бўлса, шу давлатда иқтисодиёт, саноат, ишлаб чиқариш, соғлиқни сақлаш ва таълим каби тармоқлар сезиларли даражада заифлашади. Шу боис ҳар бир давлатнинг хавфсизлиги, фуқароларнинг тинч-осойишта ҳаётини таъминлашда Қуролли Кучларнинг аҳамияти юқори ҳисобланади.

Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони ташаббуслари ва кўрсатмалари билан кейинги йилларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида миллий армиямизнинг қиёфаси ва салоҳияти тубдан ўзгарди. Бугунги кунда Ўзбекистон Қуролли Кучлари мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини таъминлашга қодир бўлган, ҳаракатчан ва пухта қуролланган қудратли кучга айланди.

Миллий армиямиз ҳар қандай хавф-хатарларга муносиб жавоб қайтара оладиган мустаҳкам қудратга эга бўлдики, бу, аввало, тинчликсевар халқимизнинг юксак матонати, ватанпарвар ўғлонларимизнинг бирлиги, ҳарбий хизматчиларимизнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокида яққол кўринади. Минглаб ёшлар кўз ўнгида қўшинларнинг жанговар салоҳияти, ҳарбий қудрати, замонавий техника, қурол-яроғлардан юқори савияда фойдалана олиш кўникмалари намоён этилиши натижасида эртамиз эгалари қалбида қатъий ишонч, сўнмас шижоат, ғурур ва ифтихор туйғулари жўш урмоқда. «Халқ ва армия — бир тану бир жон»га айланди.

Муваффақиятлар ва эътирофлар

Олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Мудофаа вазирлиги жамоалари халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришиб, дунёнинг етакчи армиялари ўртасида муносиб ўрин эгаллаб келмоқда.

Бу ҳақда гап кетганда, «АрМИ» халқаро ўйинларидаги мунтазам иштирокини келтириб ўтиш жоиз. Жумладан, 2022 йил мазкур халқаро ўйинларнинг 5 та йўналиши бўйича мусобақалар бизнинг давлатимиз ҳудудида ўтказилди. Мусобақанинг 21 йўналишида қатнашган жамоаларимиз 6 та халқаро рекордни ўрнатган ҳолда 7 та олтин, 10 та кумуш, 5 та бронза медалга сазовор бўлишди ва умумжамоа ҳисобида фахрли 2-ўринни эгаллашди.

2023 йил давомида ҳам ҳарбий хизматчиларимиз халқаро ҳарбий мусобақаларда муваффақиятли иштирок этишди. Халқаро турнирларда 117 та олтин, 46 та кумуш ва 70 та бронза, жами 233 та медалга сазовор бўлди.

Хусусан, АҚШнинг Миссисипи штатида бўлиб ўтган «Энг илғор жангчи» мусобақасида ҳарбий хизматчиларимиз юқори касбий маҳоратларини намойиш қилиб, фахрли биринчи ўринни забт этди.

Шунингдек, 2024 йилнинг 19 — 29 февраль кунлари Покистон Ислом Республикасида ўтказилган VII халқаро «Жамоа руҳи» мусобақасида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги жамоаси 97 фоиз натижа билан ғолибликни қўлга киритди.

Жорий йил 20 — 31 май кунлари Туркия Республикасида бўлиб ўтган «Энг илғор мерган жамоа» мусобақасида 11 давлатнинг 36 та жамоаси орасида ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар фахрли 1-ўринни қўлга киритиш билан бирга бир нечта шартда 5 маротаба рекорд натижаларни ҳам қайд этди.

Шу маънода, дунёга машҳур «Global Firepower Index — 2023» журналида миллий армиямиз Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи, дунё армиялари орасида эса 54-ўринда эътироф этилгани бежиз эмас.

Бугунги кунда қўшинларимизнинг жанговар тайёргарлиги ва шайлигини ошириш борасида қатор етакчи давлатлар армиялари билан ҳамкорликда тренинглар ва ўқувлар ўтказилмоқда. Марказий Осиё давлатлари билан алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш минтақамиз давлатлари билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқди. Қисқа вақт давомида хорижий шериклар билан 1 200 дан ортиқ тадбирлар амалга оширилди.

Салоҳиятли кадрлар тайёрлаш муҳим масала

Янги армиямизнинг жанговар шайлиги ва тайёргарлигини кескин оширишга қаратилган ислоҳотлар ижросида кадрлар сиёсатини юритишни замон талаблари даражасига кўтариш масаласи бугунги куннинг устувор йўналишлардан бирига айланди.

Яқингача офицерлар таркибининг кадрлар захирасини шакллантириш, уларни лавозимларга босқичма-босқич тайёрлаб бориш ва малакасини ошириш ҳамда ҳарбий таълим муассасаларида муносиб номзодларни ўқитишда бир қатор тизимли муаммолар ва камчиликлар мавжуд эди. Кейинги йилларда узлуксиз ҳарбий таълим тизимини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш борасида жиддий қадамлар ташланди. Қуролли Кучлар Академияси ҳарбий илм-фан соҳаси локомотивига айланди. Олий ҳарбий таълим муассасаларида янгича ёндашув ва ўқув услублари жорий этилди.

Кадрлар захирасига киритилган раҳбарлик лавозимидаги офицерларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш нафақат олий ҳарбий таълим муассасаларида, балки Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги Дипломатик академия каби нуфузли олий таълим муассасаларида ҳам олиб борилаётир. Шу тариқа уларнинг халқаро муносабат, халқаро ҳуқуқ, дипломатик этикет ва дипломатик протокол йўналишларида ҳам билимлари оширилмоқда.

Ижтимоий ҳимоя олға ундайди

Ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий ҳимоясини янада такомиллаштиришга қаратилган давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 3 августдаги қарорига кўра контракт бўйича ҳарбий хизматчилар учун қатор имтиёзлар жорий этилди.

Президентимизнинг тегишли Фармонига асосан ташкил этилган Ҳарбий-маъмурий секторлар томонидан 2018 — 2023 йилларда Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги жами 600 дан ортиқ объектларда капитал қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 2017 — 2023 йиллар давомида 9 525 нафар ҳарбий хизматчи ва уларнинг оила аъзолари имтиёзли ипотека кредитлари асосида уй-жой билан таъминланди.

Мудофаа вазирлиги тизимида ҳарбий тиббиётни янги замонавий босқичга олиб чиқиш, ҳарбий-тиббий муассасаларни янгидан барпо этиш, уларни жаҳон стандартларига мос равишда тиббий аппаратлар билан жиҳозлаш каби муҳим вазифалар бажарилди.

Жумладан, Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий клиник госпитали ҳудудида юқори технологияларга асосланган тиббий аппаратлар билан жиҳозланган ультразамонавий даволаш-диагностика биноси фойдаланишга топширилди. Ҳарбий госпиталлар фаолиятига 12 йўналишда 73 турдаги юқори технологияли, шу билан бирга йирик бўғинларни эндопротезлаш, буйракни кўчириб ўтказиш, коронарография, юрак тож томирларини стентлаш каби жарроҳлик амалиётларини ўтказиш йўлга қўйилди.

Барча йўналишда фидойиларча хизмат қилаётган Қуролли Кучлар хизматчилари юксак билим ва тажрибаси, эришган муваффақиятларига кўра «Жанговар фаолияти учун», «Махсус операциялар кучлари», «Малакали устоз», «Мудофаа вазирлиги аълочиси», «Ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги фаол иштироки учун» каби кўкрак нишонлари билан тақдирланмоқда. Буюк аждодларимизнинг издоши бўлган аёл ҳарбий хизматчиларга эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 15 ноябрдаги қарорига биноан таъсис қилинган «Тўмарис» кўкрак нишони тақдим этиляпти.

Қутбиддин БУРҲОНОВ,

Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва

хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?