Янги ўқув йилида Навоийда 7858 та ўқувчи ўрни яратилди

14:13 04 Сентябр 2024 Жамият
106 0

Темур ЭШБОЕВ/«Халқ сўзи». «Билимлар куни»да Навоий вилоятининг 378та умумтаълим мактабида биринчи қўнғироқ садолари янграб, 19600 нафар ўғил-қиз илк бор мактаб остонасидан ҳатлади.

Вилоятда янги ўқув йилига пухта ҳозирлик кўрилиб, 32 та умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Натижада, 7 858 та ўқувчи ўрни яратилиб, мазкур бунёдкорлик ишларига республика ва маҳаллий бюджетдан 229,0 млрд.сўм маблағ йўналтирилди.

Қурувчилар янги ўқув йилига туҳфа этган 23 мактаб Навоий шаҳрининг «Ёшлик» маҳалласида ишга туширилиб, у Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Солиқ қўмитасининг 20 млрд.сўм ҳомийлик маблағлари ҳисобидан бунёд этилди.

Замонавий кўринишдаги мактаб 660 ўқувчи ўрнига эга бўлиб, замон талаби асосида таълим бериш учун барча қулайликлар яратилган.

Таълим даргоҳининг тақдимот тантаналарида вилоят ҳокими ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари ҳамда мактабнинг педагоглар жамоасини «Билимлар куни» билан қутлаб, сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг бугунидан рози бўлиб яшашлари учун барча шароитларни яратиш, ёшларнинг баркамол, билимли, соғлом бўлиб вояга етишларида барча ресурсларни сафарбар этилиши ўз мевасини кўрсатаётганлигини таъкидлади.

— Хусусан, битирувчиларимиздан 1962 нафари жаҳоннинг ва республикамизнинг топ-университетлари ва институтларига турли йўналишлар бўйича муддатидан олдин талаба бўлганлиги фикримизнинг яққол далилидир, — деди вилоят ҳокими Нормат Турсунов. — Шунингдек, нуфузли ва минтақавий фан олимпиадаларида вилоятимиз ўқувчилари томонидан 2023-2024 ўқув йилида жами 49 та медаль қўлга киритилди.

Тақдимот тантаналаридан сўнг, мактабда «Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади» шиори остида мустақиллик дарслари ўтказилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?