«Янги нафас» Фарғонада минглаб ёшларни муштарак мақсад сари бирлаштирди
Фото: Халқ сўзи
Фарғона шаҳрида Ёшлар куни олдидан ташкил этилган «Янги нафас» югуриш марафонида 4 минг нафардан зиёд профессионал ва ҳаваскор спортчилар, ҳарбийлар, талабалар, уюшмаган ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
— Спортнинг оммавий турларини кенг ривожлантириш ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган изчил саъй-ҳаракатлар ўзининг амалий самарасини бермоқда,-дейди Фарғона вилояти спортни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Нодирбек Ҳакимов. — Айни пайтда вилоят аҳолисининг 25 фоизи, яъни 982 минг 548 нафари спортнинг 63 та тури бўйича мунтазам шуғулланади. Табиийки, уларнинг катта қисмини ёшлар ташкил этади.
Мазкур марафонга тайёргарлик жараёнида Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, Фарғона шаҳри кўчаларида кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. Анвойи гуллар аллеялари яратилди, марказий кўчаларда оммавий спортни тарғиб этувчи кўргазмали паннолар ўрнатилди.
Бугун эрта тонгда «Янги нафас» мусобақаси вилоят марказининг Аҳмад Фарғоний кўчасидан бошланиб, Юксалиш кўчаси бўйлаб давом этди. Қатнашчилар 3 километр масофани босиб ўтгач, Ислом Каримов номидаги вилоят концерт-саройи хиёбонида тантанали равишда кутиб олинди.
Тақдирлаш маросимида «Энг кекса эркак иштирокчи», «Энг кекса аёл иштирокчи», «Энг ёш ўғил бола иштирокчи», «Энг ёш қиз бола иштирокчи» каби номинациялар бўйича ғолиблар рағбатлантирилди.
— Ёшлар куни олдидан уюштирилган мусобақа барча тенгдошларимизда унутилмас таассуротлар қолдирди,-дейди Фарғона давлат университети талабаси Нодира Турсунова. — Бундай тадбирлар муштарак мақсад йўлидаги орзу-мақсадларимизга куч-қувват бахш этади. «Янги нафас»да иштирок этган ҳар йигит-қиз бугун ана шундай туйғуни яна бир бор қалбан ҳис этган бўлса. ажаб эмас.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Тинчлик сулҳи шартлари бажарилмоқда: Ғазо 3 нафар, Исроил 90 нафар маҳбусни ватанига қайтарди
- Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга оид муҳим қарорни имзолади
- “Энг яхши мақолалар” танлови ғолиблари аниқланди
- Ўзбекистонда 2025 йил 1 апрелдан электр энергияси ва газ нархлари оширилади
- Вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизими такомиллаштирилмоқда
- Ҳарбий хизматни ўташ билан боғлиқ тартиблар янгиланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг